Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл
учрашгандим, аммо уни фақат буюк истеъдоди учунгина эмас, балки асл инсон бўлгани учун ҳам ҳурмат қиламан. У жиноятларни топиш билимдони, мен эса беморларни даволаш билимдони; у ёвузлар билан курашса, мен микроблар билан курашаман. Мана менинг маҳбусларим, – давом этди у, стол устида қатор турган шиша идишларни кўрсатиб. – Бу идишларда жуда ҳам хатарли жиноятчилар ҳар хил муддатларни ўташмоқда.
– Холмс бу соҳадаги буюк истеъдодингизни юқори баҳолаб сизга юборди. Унинг фикрича, Лондон бўйича бу ишда фақат биргина сиз ёрдам бера олар экансиз.
Кичкина одамча сесканиб кетди. Шунда унинг олифта қалпоқчаси ерга тушди.
– Нега энди? – сўради у. – Нега мистер Холмс айнан мен ёрдам беришим мумкин деб ўйлаяпти?
– Чунки, сиз шарқий касалликлар билимдонисиз.
– Нега энди унга юққан касални айнан шарқий деб топди?
– Чунки у Хитой матрослари орасида кўп йиллар ишлаган, шунда бу соҳада анча маҳорат орттирган.
Кэлвертон Смит илтифотли тиржайди-да, ердан қалпоқчасини олди.
– Шундай денг… – деди у. – Ўйлайманки, бу касал сиз ташвишланаётганчалик хавфли бўлмаса керак. Дарвоқе, неча кундан бери у бетоб?
– Тахминан, уч кун.
– Алаҳсираяптими?
– Аҳён-аҳёнда.
– Ҳмм! Буниси ёмон. Унинг илтимосига рад жавоби беришни ваҳшийлик деб биламан. Мен, доктор Уотсон, ишдан қолдиришганини ёқтирмайман, аммо бу истисно. Шу сабабли мен ҳозироқ сиз билан бирга кетаман.
Холмснинг тайинлагани ёдимга тушди:
– Кечирасиз, ҳозир мени бошқа бир жойда кутишяпти, – дедим.
– Яхши, ундай бўлса, ўзим боравераман. Жаноб Холмснинг манзили менда ёзилган. Ярим соатлардан сўнг етиб бораман.
Холмснинг хонасига юрагимни ҳовучлаб кириб бордим. Шу вақт ичида энг нохуш воқеа содир бўлиши мумкин эди. Аммо унинг аҳволи анча енгиллашган эди. Юзлари ҳамон мурданикидек оқ эди-ю, лекин алаҳсирашдан асар ҳам қолмаганди. Заиф, бўғиқ товушда гапиргани билан фикрлаши жуда аниқ ва тиниқ эди.
– Уотсон, сиз уни кўрдингизми?
– Ҳа, у ҳозир келади.
– Яшанг, Уотсон, жуда соз. Сиз энг яхши хабарчисиз.
– У мен билан бирга келмоқчи эди.
– Бу мутлақо мумкин эмас, Уотсон. Бунга ҳечам йўл қўйиш керак эмас. Менинг касалим сабабларини сўрадими?
– Мен унга Ист-Энд денгизчилари ҳақида гапирдим.
– Жуда соз! Ҳақиқий дўстнинг ишини қилдингиз. Энди, Уотсон, сиз саҳнадан чиқиб кетсангиз ҳам бўлади.
– Холмс, мен уни кутиб туришим ва фикрини билишим керак.
– Албатта. Агарда биз у билан холи бўлсак, унда анча очиқчасига фикрини баён этиши мумкин, деб ўйлайман. Бош тарафимда, девор билан каравот ўртасида сизга етарли жой бор, Уотсон.
– Азизим Холмс!
– Бошқа иложингиз йўқ, деб қўрқаман, Уотсон. Хонада беркинадиган жой ҳам йўқ, ҳатто шундай бўлгани маъқул, шубҳа уйғотмайди. Аммо бу ерга яширинсангиз, Уотсон, биз ҳеч нарса йўқотмаймиз.
У бирданига ўтириб олди. Озғин юзида дадиллик сезилди.
– Уотсон,