Электрон бола, ёвуз малика ва биз. Нигина Ниёз
1-ҚИСМ
МАКТАБДА «ЛОЧИН КЎЗ» КЎЧИРМАЧИ
«Лочин кўз», яъни Омон маст уйқуда. Унинг қалин жингалак сочлари пешонасини тутган, ингичка қошлари бир оз чимирилган. У гоҳ ўзидан ўзи жилмайиб қўяди, гоҳ ғудраниб бир нималар дейди, бетоқат бўлади.
Ташқарида эса баҳор. Омонларнинг боғидаги ўрик, гилослар ҳам қийғос гуллаган. Улар қуёш нурида товланиб, атрофга муаттар ислар таратади. Чаман бўлиб гуллаб турган дарахт шохларида боларилар ғувиллайди, қушлар ёқимли хониш қилади. Бунақа пайтда ҳеч уйга киргинг келмайди, тўйқунингча табиатнинг жонланишини томоша қилгинг келади. Ҳаёт кўзингга бирам яхши кўриниб кетадики, ўпкангни тўлдириб-тўлдириб нафас олгинг, ям-яшил майсалар узра гир-гир айланиб чопгинг келади. Омонни эса шундоқ гўзаллик ҳам ғафлат уйқусидан уйғотолмайди. Умуман, эрталаб унга сира яқинлаша кўрманг! Бу жуда хавфли! Бунақа пайтда у «Лочин кўз» эканини ҳам бутунлай унутади. Сал вақтлироқ, айниқса, ҳиндулар ҳақида рангли туш кўраётганида тинчини бузсангиз борми, чунонам «бомба» бўлиб портлайдики, қочгани жой тополмай қоласиз. Эрталаб унга фақат Салтанат холагина яқинлаша оладилар. Улар мулойим товуш билан дунёдаги ҳамма эркаловчи сўзларни айтиб бўлганларидан кейин:
– Ҳа, нима дейсиз!? – деган пўнғиллаш эшитилади. Бу пайтда «бомба» ҳамон кўрпага бурканиб ётган бўлади. Салтанат хола яна сурнайга ўхшаш товуш билан бояги сўзларни такрорлайдилар. Шундан кейингина кўрпа орасидан Омоннинг боши кўринади, кейин қўллари. Ниҳоят, у эринибгина ўрнидан туриб, мириқиб керишади, кейин шошилмай кийина бошлайди. Унгача Салтанат хола ёлғиз эркатойи учун нонушта тайёрлайди, сутли ширин чойлар қилиб, уни кутиб ўтиради. Омон ҳар куни шундай дабдаба билан мактабга жўнайди.
Синфдагилар уни «Лочин кўз» деб аташади. Бу унинг лақаби эмас. Омоннинг ўзи ҳаммани шундай деб чақиришга мажбур қилади. Ахир ҳиндулар мактабда ўқишмаса ҳам қандоқ эпчил, довюрак бўлишган. Ҳамманинг уларга ҳаваси келади. Омон шуларга ўхшайман деб оддий қора папкасига шокилда тақиб олган. Ручкасини айтмайсизми, антиқа! Товуқнинг патига сиёҳнай солинган.
Лекин Омоннинг ўткир кўзлиги рост! Айниқса, бу қобилияти ёзма иш пайтида яққол намоён бўлади. Ундаги кўз эмас, бамисоли дурбин, ўзидан икки парта олдинда ўтирадиган Саидадан шунақанги боплаб кўчирадики, – ҳатто фотонусха ҳам бунчалик аниқ бўлмас! Кўрасиз-у, ё товба деб ёқа ушлайсиз. Ҳатто бир марта, алгебрадан янги муаллим келганида ёзма ишдан «беш» ҳам олган. Ўшанда ким-кимдан кўчирганини аниқлашганди. Партадоши Шодмоннинг вариантини эса орқада ўтирадиган Собир қилтириқдан кўчиришади. Кўчираман, деб Шодмон нуқул қўлга тушади. Омон эса бу ишга ҳам устаси фаранг! Чунки орқадан кўчириш учун унинг бурилиши шарт эмас. У бошини оз-моз эгиб, дурбин кўзларини озгина ғилай қилса бўлгани. Фотоаппарат тугмасини «чирқ» этиб босгандай шундоқ нусха олади, қўяди.
Умуман, синфком Саида билан бўладиган олишувларни ҳисобга олмаганда, ҳамма ишлар «беш»! Ҳиндуларнинг илмсиз ҳам бинойидек яшашганига ҳаммани ишонтирса ҳам, Саидани ўлса, ишонтириб бўлмайди. Саида айтадики, қадимги замонларда яшаган Америка аборигенлари, яъни маҳаллий халқ – ҳиндулар подшоҳи Инка И, Инка ИИ ва Инка ИИИ даврида қурилган космик иншоотларни қандай қурганлигини ҳозирги олимлар ҳам билолмаяптилар! Саида яна айтадики, Омон мақтаган илмсиз қабилалар ҳиндулар эмас, балки янги эрадан миллион йиллар аввал яшаган ваҳший, ёввойи одамлардир.
Аммо, Омон яна ўжарлик билан, ҳозирги илмли болаларнинг қўлидан нима келарди, ёввойи одамлар аҳиллик билан динозаврни ҳам ўлдирар эдилар, барибир ёввойилар яхши, чунки улар мактабда ўқиб, бошларини оғритмаган, деб туриб олди. Шундан сўнг, Омон «Лочин кўз» лақабидан ташқари «Ҳиндулар саркардаси» лақаби билан тақдирланди. Саида ҳиндуларнинг ҳамма қабиласини, нечанчи асрда яшашгани-ю, урфодатларигача сувдай билади. Тирик қомуснинг ўзгинаси. Нима ҳақда гап бошламанг, у булбулдай сайраб кетади. Қиз бола ҳам шунақа сергап, маҳмадона бўладими?! Айниқса, доскага чиққанда кўринг уни, бирам мақтанади. Ўқитувчилар «бўлди, етарли» дейишса ҳам гапираверади, партада ўтириб ҳам тинчимайди. Доимо «Мен айтай, мен гапирай» деб қўл кўтараверади. Билағон бўлсанг ўзингга! Қўлининг оғриб кетмагани…
Мана бугун ҳам Омон жимгина жойида ўтирганди, Саида ўзидан ўзи келиб:
– Трапетсиянинг қоидасини ёдладингми? – деб сўради. Омоннинг энсаси қотди. Трапетсияни еб бўлмаса, нега энди қоидасини ёдлаши керак экан. У бирёқ қошини чимириб туриб, жавоб берди. Бу гал атайлаб ҳиндуларни мисол келтирмади.
– Ибтидоий жамоа даврида яшаган одамлар, – деди у пинагини бузмай, – трапециянинг нималигини билмай ҳам кун кечиришган! – деганди Саида қип-қизариб, кўзларигача ўзгариб кетди. Жавоб тополмаганидан эмас, Омоннинг нақадар онгсизлигидан, ўзини маймунсимонларга тенглаганидан жаҳли чиқди.
Саида энди гапиргани оғиз жуфтлаганди, Омон унинг оғзини очирмаслик учун қўлидаги патни қулоғининг орқасига қистирди-да, «лў-лў, лў-лў» қилиб чинқирди.
Саида:
– Аҳмоқ! – деди-ю аразлаб, терс бурилиб кетди. У билан бўладиган баҳс доим шунақа «фожиали» тугайди.
Дарс