Электрон бола, ёвуз малика ва биз. Нигина Ниёз
сира мос эмас. Кўчиришни эплай олмаса ҳам тили жуда бурро. Омоннинг эсига келмаган гапларни у айтади. Агар ўқитувчилар Шодмонга танбеҳ бергудек бўлишса борми, у дўстига ўхшаб уришиб-талашиб ўтирмай, ақлли жавоблар қайтаради, «муаллимларнинг унинг тарбияси борасида қайғуришаётганидан» ўзича «мамнун» ҳам бўлиб қўяди.
СИНФГА ЯНГИ БОЛА КEЛДИ
Омонларнинг синфига Герц деган янги бола келди. Оти ҳам ғалати, ўзи ҳам. Фақат фамилияси Солиев экан. Болалар Герцнинг ҳоли-жонига қўймай, нега исминг бунақа, деб сўрайверишганди, у:
– Дадамлар ҳам, ойимлар ҳам физик. Улар бирга ўқишган. Кириш имтихонида ойим қўрққанларидан Герцнинг қанчага тенглигини эсларидан чиқариб қўйиптилар. Ўшанда дадам ёрдам берган эканлар. Шу баҳона танишиб қолишипти. Кейин мен туғилганман. Отимни ҳам шунга Герц деб қўйишган-да! – жавоб берди у. Буни у ичидан тўқиб чиқарган бўлса ҳам ҳамма ишонди. Ҳатто кўпчиликнинг унга ҳаваси келиб кетди.
Омон билан Шодмон эса ичларида унга ҳасад қила бошлашди. Чунки боланинг тим қора, паришон ёйилган сочлари, катта-катта зангори кўзлари, қайрилма қошлари юксак идрок, ақл-заковат ва маданиятдан дарак бериб турарди. Айниқса, унинг кескин ҳаракатлари, чертиб-чертиб гапириши ўқувчиларни маҳлиё қилиб қўйди. Боланинг сўзлашида ҳам, юриш-туришида ҳам бир сир борга ўхшар, у бир нигоҳ билан ҳамманинг эътиборини жалб эта оларди. Бир-икки ҳафтагача болалар Герцни ўрганишди. Доскага чиққанида ҳам, партада ўтирганида ҳам ундан кўз узишмади. Қизларни айтмайсизми, ҳаммасининг оғзида Герц. Саидага-ку худо берди. Ҳар гапининг бирида уни мисол қилиб келтиради. Герц келди-ю, Омон билан Шодмоннинг ҳам тинчи бузилди. Синфни қандок, «гуллатиб» юришган эди-я.
Энди-чи? Герц дарсда жим ўтиради, нега сен ўтиролмайсан. Герц дарсларни ўқиб келади, нега сен ўқиёлмайсан. Ҳатто янги келган бола уларга танбеҳ берадиган бўлиб қолди.
Бир ҳафтагача зўрға чидаб юришди. Индамаганлари сайин янги бола жуда ҳаддидан ошиб кетди. Кеча келиб, унинг гердайишини айтмайсизми? Бошқа болалар ҳам «дувва» унинг тарафига ўтиб олишди. Бу олифта нимаси билан уларни ром қилдийкин, Омон ҳеч тушунолмайди. Фақат Рустам қўрқоқ билан Шавкатгина булар томонида қолди. Агар дўқ қилмаганида уларнинг ҳам Герцга эргашиши турган гап эди.
Омон билан Шодмон Герцдан боплаб ўч олмоқчи бўлишди. Қулай фурсат пойлаб туриб, уни мактабнинг орқасига чақиришди-да, роса пўстагини қоқишди. Рустам қўрқоқ:
– Завуч келяпти, қочиб қол! – деб бақирмагунча дўппослайверишди. Герц бечора шу куни уйига эмаклаб кетдиёв…
Муштлашув бўлган куннинг эртасигаёқ мактабда участка милитсионери пайдо бўлди. Омон даҳлизда тўсатдан унга дуч келди-ю, юраги «шув» этиб кетди. У чопганча, зинадагиларни туртиб-суртиб Шодмонга етиб олди.
– Шодмон, мактабда милитсионер юрипти. У директорнинг хонасига кириб кетди. Ўз кўзим билан кўрдим, – деди кўзларини ола-кула қилиб.
– Анави чаққан бўлса-я! – ваҳима босди Шодмонни ҳам, – уни мактабнинг орқасига олиб ўтганимизни Саида кўрмаганмиди,