Бўрилар изидан. Хусанбой Каримов
қарашди. Сўнг «Бу ким?» дегандек Толибга юзланишди. Толиб кулимсиди.
– Тўғри, Москвадан келди кеча. Эртага Наманганга кетяпти. Пулни олиб кетиши керак. Бобурхон, Марғилонга бор-йўғи 25 минг сўм чиқим тушяпти. Шу кунгача индаганимиз йўқ… – деганди, ўтирган кўйи, Бобурхоннинг ранги бўзрайди.
– Наманган билан бизни нима ишимиз бор? Биз ўзимизга хонмиз. Бу ерни Марғилон деб қўйиптилар. Бор, тошингни тер, десам, нима дейсан?
– Ўзингга қийин қиласан, ука. Ака-укачилигимиз ўз йўлига. Бу йигитларингам иш бермай қўяди. Прокурор акахонингу каратэчи аканг, пулдор, савдогар акахонларинг ўртага тушолмайди унда.
– Ўзингдан кетиб қоляпсан, Толик. Гапингни ўйлаб гапир. Гапингга отвечат қиласанми? – Бўғрисиди ранги қизаринқираган Бобурхон, бироз типирчилагандек бўлиб. Ёнидагилар ҳайрон эди, бир Толиб ва Раҳмоналига, бир ўтирганча бўғилаётган Бобурхонга қарашаётганди. – Нима қилиб ўтирибсизлар, жавобини бериб қўйинглар буларни! – Бирдан бақириб юборди, жунуни қўзиб Бобурхон.
Пиравордида иш шундай тугашини билиб турган Раҳмонали вақтни зое кетказмади. Ҳалигинда елкасидан босиб ўтқазиб қўйган йигитни кўксига ўхшатиб шундай тепдики, ўтирган сўрисидан ошиб, тўлиб оқаётган ариқ сувига шалоплаб тушди. Иккинчисининг башарасига мушт туширди, учинчисини ҳам тепиб, юмалатиб юборди. Уч йигит то кўз юмиб очгунча уч томонда ётиб қолди. Сўри ёнида икки қўлини орқасига қилиб турган Толиб: «Ана, кўрдингми?» дегандек тек қотган, Бобурхоннинг кўзлари катта-катта очилиб, жағи сўлжайиб очилган эди.
– Яна гап борми? – деб сўради Толиб. – Ё каратэчи акангга одам юборасанми? Агарда кечгача мен айтган ишни битказмасанг, Асаканинг “чўнтагида” гаплашамиз. Ўша ерда разборимизни охирига етказишади. Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Ўша Асакадаги машҳур Амир акаям ғинг демай беряпти, билдингми? Кўрпангга қараб оёқ узат, ука. Айтилдими, бажарасан. Хўш, кечга пулни ўзинг олиб бориб берасанми ё одам жўнатайми?
Бобурхон мум тишлагандек ҳамон жим ўтирарди. Раҳмоналидан мушт, тепки еган йигитларнинг биронтаси ҳам мушт қайтаролмади. Ўринларидан туришиб, кўксини, башарасини силаб, тек қотишганди. Чунки бу ердагилар Толибнинг кимлигини яхши билишар, ортиқча ҳаракат, гап-сўз асли сиғмасди. Аммо кейинги пайтларда манмансираб кетган Бобурхон… Ниҳоят, у тилга кирди:
– Содиқ, сен тез савдогар Ҳайдар тоғага бор. 10 минг сўм пул бериб юборсин. Бобурхон айтди, дегин. Қолганини шу ердан топамиз… Қани, нариги сўрига жой қилинглар. Толиб акам келиб қолибди, москвалик меҳмон билан, бир қўй ёғида ош ейлик…
Ярим соатдан кейин иккита сўрини бирлаштиришиб, шаҳарнинг қоқ марказида еттовлон ҳеч нарса бўлмагандек битта дастурхон атрофида жамланишиб, ароқ шишаларини пайдар-пай бўшатиш бошланиб кетди.
Наманган. Гуллар шаҳри. Аммо 90-йилларда бу ном Наманганга унча ярашиб тушмаган пайтлар. Бир тўп ўзлигини унутган кимсалар нафақат шаҳарнинг, балки Наманган вилоятининг шаҳару қишлоқларини ҳам талотўп қилиб юрган вақт. Раҳмонали ана ўша кунларда Толиб орқали ундирилган 100 минг сўм пулни сумкага