Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?. Юлдузхон Назар
Ҳозир дарахтлар беаёв кесилаётганидан денгиз сатҳининг ер сатҳидан кўтарилишига олиб келаяпти. Зарар фақат зарарни келтириб чиқаради. Сув тошқинларининг йилдан-йилга кўпайиши, экологиянинг бузилиши инсоннинг табиатга зарари туфайлигина содир бўлаяпти. Ислом арконларида бировга ёки бирор нарсага зарар етказиш ҳаром ҳисобланади. Табиатга зарар келтириш ҳам ҳаром. Аллоҳ ”кимки менинг неъматларимни зое қилса, Мен бу одамларни неъматимдан маҳрум қиламан”, деб айтган экан. Аллоҳ яратган табиатга, неъматга зарар келтириб, яна қандай қилиб инсон Аллоҳга иймон келтириши мумкин? Мана, муаммо қаерда! Биз аксариятимиз Аллоҳни танимай туриб, иймонни ҳаққи билан келтирмаймиз.
Неча минг йиллар аввал одамлар сиғинган Зардуштийлик динига қаранг: улар “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишни билмаган, лекин она Табиатни қандай асраган, Ерни қандай парваришлаган! Қанчалик меҳр билан парваришлаган! Сувни қандай эъзозлаган! Муқаддас деб билган! Қани ўзингиз айтингчи, “Ла илаҳа иллоллоҳ” дейишни билмаса ҳам иймон кимда кучли бўлган?!
Демак, инсон Аллоҳнинг Қудрати билан Яратган неъматларига, меҳрибонлигига зулм билан жавоб қайтарар экан, “Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадан расулуллоҳ” дегани билан иймонли бўлиб қолмайди. Аллоҳни, У яратган барча нарсани севмайдиган, эҳтиёт қилмайдиган одам қалбида иймон бўлмайди, у золим, мунофиқ бўлади. Астағфируллоҳ!
Энди инсоннинг бир-бири билан бўлган ўзаро муносабатида иймонининг амали қандай эканлиги ҳақида озроқ тафаккур қиламиз.
Келинг, аввало “Аллоҳ учун жанг қиламиз” деяётганлар ҳақида иймон нуқтаи назаридан чуқурроқ ўйлаб кўрайлик. Барча нарсаларни яратувчиси Аллоҳ. Барча инсонларни ҳам яратган Аллоҳ. Биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва Унга яна қайтиб борамиз. Фараз қилинг: биз меҳмондамиз. Меҳмонга келган одамлар меҳмондорчилик вақтида ўзларини қандай тутадилар? Бир-бирлари билан яхши гаплашиб, ҳушчақчақлашиб ўтиришади, кейин мезбонга миннатдорчилик билдириб, уй-уйларига қайтишади. Қандай қилиб, бировнинг уйига меҳмонга келган одамлар бир-бирлари билан уриш қилиб, бир-бирларини ўлдиришлари мумкин? Улар ахир меҳмон бўлиб кетишга келишган! Худди шундай, биз ҳам Аллоҳнинг Ерига меҳмон бўлиб келганмиз, яна қайтиб Аллоҳ буюрган уйимизга борамиз. Фақат битта фарқи бор: бизнинг у дунёдаги ҳақиқий уйимиз қандай бўлиши бизнинг бу дунёдаги амалларимизга боғлиқ. У дунёдаги уйимизни биз бу дунёда яшаб туриб барпо қилар эканмиз.
Ўзингиз ўйлаб кўринг: Аллоҳнинг Ерида бировнинг юртига бориб, ҳеч қандай ёмонлиги тегмаган одамларни ўлдириш, уйларини вайрон қилиш, болаларни етим қолдириш, оналарни фарзандидан жудо қилиш, аёлларни тул қолдириш қайси динда бор? Қайси Муқаддас Китобларда битилган? Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари қайси юртга бориб ҳамма ёқни вайрон қилишган? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар бирор юртни вайрон қилганини биласизми? Улар курашган бўлса, Аллоҳнинг динини, ўзларини ҳимоя