Бургут тоғда улғаяди 1-китоб. Нуриддин Исмоилов
жойидан қимирламади. Отасининг қўлидан ушлаб баландлаб бораётган қиз ортига бир ўгирилди-да, тўхтади. Буни кўрган ота ҳам тўхтади. Сўнг Фаррухнинг ўзларига қўшилиб чиқмаётганлигига ҳайрон бўлиб:
– Сен нега турибсан? – дея сўради.
– Қўйлар бугун боқилгани йўқ ҳали, – деди Фаррух қиздан кўзини узмай.
– Қўявер уларни, очидан ўлиб кетмайдими! Юр, мен қизимнинг халоскорига яхшилаб зиёфат бераман!
– Боролмайман.
– Ўжарлик қилма, болакай, ҳеч қурса озгина ўтир, – деди қизнинг отаси ялиниш оҳангида.
– Агар сиз чиқмасангиз, мен ҳам чиқмайман, – деди қиз табассум билан ширали овозда отасининг гапини маъқуллар экан.
Бир кўришдаёқ семиз кишини ёқтирмай қолган Фаррухнинг улар билан бирга тепага чиқиб ўтиргиси келмади. Аммо қизнинг сўзини қайтаролмади. Ноилож у ҳам секин-секин кўтарила бошлади. Қиз атайлабдан Фаррухнинг ўзига етиб олишини кутиб турди. Йигит етиб келгач эса, унинг қўлидан ушлаб олди. Отаси қизининг бундай қилиғига эътироз билдирмади. "Қочиб кетишидан қўрқаяпсанми?" деб қўйди, холос.
Қизнинг отаси бироз юргач, ҳансираб қолди. Қаддиқомати спортчиларникига ўхшайдиган икки йигит унинг икки томонидан ушлаб тоққа чиқишига кўмаклаша бошлашди. Моҳирўй эса Фаррухнинг қўлидан маҳкам ушлаб олганди. Фаррух ўгирилиб қараса, у жилмаярди. Бундан йигитни баттар ҳаяжон босар, аъзойи баданидан тер чиқиб кетарди.
Шаршара ёнига ҳамма чиқиб олганидан кейин Моҳирўйнинг онаси югуриб келиб қизини маҳкам қучоқлади.
– Дочка моя, родная, нима бўлди?! – деди у ҳаяжон билан. – Менинг ўлиб қолишимга чут-чут қолди.
– Ойижон, – деди эркаланиб Моҳирўй, – ҳеч нарса бўлгани йўқ. Салгина йиқилиб тушдим, холос.
– Салгина йиқилганмишлар, – деди унга жавобан отаси кесатиб. – Агар чўпоннинг ўғли келиб қолмаганида…
– Нафасингизни иссиқ қилинг, – дея лўппи юзли аёл унинг гапини бўлди, – моя дочка счастливая.
Ота бошини чайқаб турди-да, кўкаламзорга ёзилган дастурхон гирдидаги кўрпачага ёнбошлади ва:
– Пиво-миволарингдан олиб келинглар, – дея буюрди.
Хизматга шай бўлиб турган раис бува чўпонга имо қилиб, муздай сувга ташлаб қўйилган бир яшик пиводан олиб келишни тайинлади.
Раиснинг ёши элликдан эндигина ошган, лекин уни кўрган одам камида олтмиш бешга кирган деб ўйларди. У қорин қўйиб юборган, бағбақаси осилиб тушган, қуёш нурида қорайган пешонасида бир тўда ажинлар макон қурган эди. Унинг ялтоқланиши шунчалик бачкана эдики, кўрган одамнинг асабини қўзғатишдан бошқага ярамасди. Аммо унинг қаҳри ўзига узукка кўз қўйгандек мос тушарди.
Марди чўпон шу кунгача раиснинг бирон оғиз гапини ерда қолдирмаган. Бироқ катта амалдорга раиснинг ялтоқланиши-ю, ўзига ўқрайиб қараши унга оғир ботди. Шундай бўлса-да у ҳеч нарса демасдан, буюрилган ишни бажариш учун шаршаранинг суви келиб урилаётган жойга қараб кета бошлади.
– Ҳов, йигитча, – дея Фаррухни чақирди Моҳирўйнинг отаси, – нега туриб қолдинг? Бу ёққа кел-чи.
Фаррух истар-истамас унинг