Бургут тоғда улғаяди 1-китоб. Нуриддин Исмоилов
рухсат сўрасам борасизми?
– Бўлмасам-чи, – деди бирдан қувониб кетган Фаррух.
Моҳирўй ўрнидан туриб пастга қаради. Иккита хизматкор йигит булар томондан кўз узмасди. Қолганлари ўзлари билан ўзлари овора. Гўёки уларга тегишли бўлган қиз тепада бегона йигит билан гаплашиб ўтиришганидан хабарсиздай.
– Ой-и-и! – дея қичқирди Моҳирўй. Бироқ пастдагилар ҳеч нарсани эшитишмади шекилли, булар томонга қараб ҳам қўйишмади. – Ой-и-и! – деб яна бақирди Моҳирўй.
Икки юзи лўппи аёл ўтирган жойида тепага бир нигоҳ ташлаб эрига:
– Қизингиз чақираяпти, тинчликмикин ишқилиб? – деди.
Раис билан кетма-кет уч марта пиёла тўқиштирган амалдор Моҳирўйнинг тепага чиқиб кетганини унутиб қўяёзган эди.
– Нима қилаяпти у? – дея хотинидан сўради.
– Анави болани қайтариб келаман деб чиқиб кетувдику, – деди аёл норози қиёфада.
– Полвон! – деди амалдор раисга қараб. – Неча марта шу ерга келган бўлсам, ҳамма вақт менинг ақлимни мана шу ароғинг билан олиб қўйгансан, айт анави чўпонингга, боласи энди ўлиб кетсаям майлига, фақат Моҳирўйни олиб тушиб қўйсин.
Раис инқиллаб ўрнидан турди. Унинг кайфи чоғ эди. Зеро, келганидан бери қовоғидан қор ёғиб турган амалдор энди-энди у билан сал очилиб гаплашаётганди.
– Марди ака, – деди у тандир атрофида куймаланиб юрган чўпонга, – тандирингиз пишай деб қоддими, одамнинг қорни пиёз пўсти бўлиб кетди-ку.
Раис азалдан бу қайсар чўпоннинг "тили"ни яхши биларди. Бу чол қанчалик ўжар, акс бўлмасин, бир оғиз ширин сўздан мумдайин эриб кетарди. Шу боис доим юмшоқ гапириб унинг "жони"ни оларди. Боя амалдорнинг олдида илк маротаба чўпонга ўқрайиб қараганди ва ўшандаёқ унда пайдо бўлган ўзгаришни сезган эди. Ҳар тугул, ўшанда Марди чўпонники тутиб қолмади, йўқса, раис амалдорнинг оддида роса изза бўлар эди.
– Бу дейман, – деди раис улардан эллик-олтмиш метрлар чамаси баландликда гаплашиб ўтирган йигит билан қизни кўрсатиб, – анави иккови чиқишиб қолди-ёв.
Марди чўпон ўғли ўтирган томонга бирров кўз ташлади-да, ўзининг ишини давом этказар экан:
– Ўжар бола, – деди, – ҳовуридан тушса ўзи қайтиб келади.
– Каттадан балога қолиб кетмайлик тағин, биттаю битта эрка қизи, уларнинг бундай ўтириши уят.
Марди чўпон каттадан балога қолишдан қўрқмасди. У айни уятдан кўпроқ қўрқар эди. Раис буни билгани учун атайин гапининг сўнгида шундай деб айтди.
Бу орада Моҳирўй яна бир марта қичқириб қолди. Амалдор эринибгина қўлтиғидаги ёстиғини иккинчи томонига олиб қўяр экан, хизматкорларга буюрди:
– Чиқинглар-чи, нима гап экан?
Кўл қовуштириб хизматга шай бўлиб турган йигитлар бирдан арчазор томонга югуришди.
Ўзлари томонга югуриб келаётган йигитларни кўрган Моҳирўй афтини бужмайтириб:
– Буларнинг қулоғи том битган шекилли, – деди. Худди ўша пайт Марди чўпон ўғлини яна чақирди.
Фаррух ўрнидан туриб отасининг пастга туш деб имо қилаётганлигини кўрди.
– Чақиришаяпти, – деди у