Бургут тоғда улғаяди 1-китоб. Нуриддин Исмоилов
билан қўшмозор бўл! Тўхтат мошинани, буям сенга буйруқ! Мен тушиб қоламан!
– Жиннимисан?! – деди Достон. – Дадам билиб қолса шу гапларингни, нима дейди?
– Билса билавермайдими, тўхтат машинани деяпман! – дея бақириб юборди бутунлай ақлини йўқотаёзган Моҳирўй.
Хизматчи машина чироқларини ёқиб, олдинда кетаётган Турғун Ғаниевичга "тўхтанг" ишорасини қилди.
Иккала машина ҳам олдинма-кейин тўхташди. Хизматчи шошиб машинадан тушди-да, эшикни очиб, булар томонга қараб турган Турғун Ғаниевичнинг ёнига бориб, Моҳирўйнинг тўполонларидан хўжайинни хабардор қилди.
Жаҳли чиқиб кетган амалдор машинадан салобат билан тушди-да, бир-бир қадам босиб, Моҳирўй ўтирган машина ёнига келди ва:
– Тинчликми, қизим? – деди.
Унинг ўқрайиб қарашидан ҳар доим беғам-беташвиш юрадиган Достон ҳам қўрқиб кетди.
– Дада! – деди Моҳирўй йиғлаган кўйи. – Фаррухда айб йўқ эди. Уни бекорга уришди.
– Бунинг учун ҳали булар жазосини олади, – деди ота хунук илжайиб. – Юр, нариги машинада кетасан.
Марди чўпон арчанинг шох-шаббалари бирин-сирин юзига урилаётганига ҳам эътибор қилмай ўғлининг ёнига югурар, кўзига ҳеч нарса кўринмас, "Болам, ишқилиб, тирик бўлсин", дея илтижо қиларди. Ниҳоят сирпаниб, қоқилиб ўғлининг ёнига етиб борасола ҳамон қўзини очмасдан хириллаб ётган Фаррухнинг бошини кўтардида:
– Болам, кўзингни оч! Оч, кўзингни, болагинам! – дея йиғлаб юборди.
Сўнг Фаррухнинг ёнида Моҳирўйнинг қонга беланиб ётган кийимидан қолган парчани ўғлининг бошидан ҳалигача сизиб оқаётган қон устига босди.
– Ҳозир, – дея шивирлади ота кўз ёшларини артиб, – ҳозир чайлага етиб олайлик, кейин бошингни яхшилаб боғлаб қўяман. Ҳеч нима кўрмагандай бўп кетасан!
Етмишга кирган чол бўй етган ўғлини кўтариб олди. Чайлагача масофа анчагина олис эди. У ергача одам ҳеч нарса кўтармасдан фақат ўзи юриб борса ҳам ҳолдан тояр эди. Аммо ҳозир Марди чўпон шундай ҳолатда эдики, ўғлини кўтарганча, илдам қадам босиб кетди.
Ярим йўлга еттанида барибир қарилик ўз ишини қилди. Марди чўпоннинг дармони қуриб, ўғлини опичлаш у ёқда турсин, ўзи базўр қадам босадиган даражага келди. Етиб келган жойи яланглик эди. Бу ерда йиртқичлар кундуз кунлари изғимасди. Аммо кечаси ўлжа тополмаган бир оч бўри бор эдики, икки тош наридан ҳам қон исини оларди.
– Шу ерда, – деди Марди чўпон ҳансираб нафас оларкан, – озгина ётиб тур. Мен чопиб бориб, отни миниб келаман!
Хаёлида ўғлини эртароқ чайлага олиб боришдан бошқа ўйи бўлмаган чўпон гоҳ эмаклаб, гоҳ йиқилиб югуриб кетди…
…Фаррух ётган жойдан икки қир наридаги арчазорда бўри увиллади. Димоғига урилган ўзи учун ниҳоятда хушбўй қон исидан сўлаги оқди. Иснинг элас-элас етиб келаётганидан сездики, ўлжа анча нарида. Бироқ очиққан бўри учун ҳозир масофанинг аҳамияти йўқ эди. Шу боис у бир югуриб, бир тўхтаб ўзи томон эсаётган шамолни ҳидлаб кетаверди. Битта қирни бўри жуда оз фурсатда босиб ўтди. Шу пайт бир қаноти синиб учолмай ётган какликка кўзи тушди-ю, бирдан унга