АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд). Сирожиддин Саййид
эди тушликка.
Оқшом чоғ ҳам муюлишдан
Ҳанграб бурилгач эшак,
Иш кунининг тугашидан
Дарак берарди бешак.
Қадамлари оҳанг қўшиб
Тирикликнинг куйига.
Барча хушҳол кетар эди
Тарқалиб уй-уйига.
Кўп шоирлар бугун эски,
Кўп гаплар ҳам кечаги.
Ўз вақтида ҳанграр эди
Толиб Йўлдош эшаги.
Умр – ташвиш, ғалвалардан
Чувалашган калава.
Шоир ўй суриб боради,
Ғичирлайди арава.
Инсон гарчи олам гули,
Бу ҳаётнинг нақшидир.
Аммо мингта нокасдан гоҳ
Битта эшак яхшидир.
Жом айлабон қалбларини,
Дил қонини – чоғирлар,
Ўз вақтида кулсинлар ҳам
Йиғласинлар шоирлар.
Ўз вақтида ўтиб кетди
Қанча зотлар раҳматли.
Тугамайди лекин асло
Шеъру қалам заҳмати.
Сўз мулкида кимлар кулба,
Кимлар қурмиш қасрлар.
Адабиёт араваси
Ғичирлар минг асрлар.
Бунда баъзан тонглар шомдир,
Бунда баъзан шомлар – тонг.
Халқ бўлгай эл, шоирлари
Ўз вақтида урса бонг.
Эл кўнгли-чи, гоҳи баҳор,
Гоҳида қиш бўлгайдир.
Элдан бурун кулса шоир
Бу уят иш бўлгайдир.
Даврон чархи айланади,
Ўтар йиллар, кун ва ой.
Маъюс бўлманг – аравада
Барчамизга етар жой.
Ҳар соҳанинг ўз пирлари
Ўтгандир бу дунёда.
Кимлар оту уловдаю
Кимлар – пойи пиёда.
Зор дилларга ўз вақтида
Гулшан бўлинг, гул бўлинг.
Ўз вақтида бўлинг кўприк,
Ўз вақтида йўл бўлинг.
Шеъру ғазал олам аро
Доим баланд янграсин.
Шоирларнинг эшаклари
Ўз вақтида ҳанграсин.
УМР САВДОСИ
Тушингда қуёшу қамар савдоси,
Ҳушингда ўтин ё кўмир савдоси.
Эмас бу тилло ё темир савдоси,
Умр савдоси бу, умр савдоси.
Балки яқин бўлди олис манзилинг,
Нечун кузги баргдек титрайди дилинг?
Фақат пушаймонлиғ бўлмиш ҳосилинг,
Умр савдоси бу, умр савдоси.
Тиниқ жилғалардай йилларинг қайда?
Кўзларингдан ўпган гулларинг қайда?
Бир қўлинг – манглайинг, бир қўлинг майда,
Умр савдоси бу, умр савдоси.
Ким айтар кечирган сабру саботин?
Охир айро тушди эр билан хотин.
Сен ҳал қилармидинг алар ҳаётин?
Умр савдоси бу, умр савдоси.
Айтганим бир дилнинг даъвоси эмас,
Бу нақл азалдан бекорга келмас:
Ҳовли-жой ё гилам савдоси эмас,
Умр савдоси бу, умр савдоси.
Мен билдим нимадир ҳаёт ва ўлим,
Кўзёшлар суғормиш ўнг ила сўлим.
Кўнглимни кўтарма, эй сўлғин гулим,
Умр савдоси бу, умр савдоси.
Менинг анжуманим, хилватим ҳам шу,
Топган меҳнатим