АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд). Сирожиддин Саййид
“Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
Рўйи замин, рўйи замин,
Унсин доим гулу лолам.
Эзгуликка сен ёр бўлгил,
“Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
Она юртим, она юртим,
Олтин қуёш, олтин далам.
Сен нурли ифтихор бўлгил,
“Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
«Яхшию ёмондан – эркакми, аёл…»
Яхшию ёмондан – эркакми, аёл,
Уҳ чекиб, аста кўз юмдигу кетдик.
Бу дунё мисоли туш билан хаёл,
Бир лаҳза хаёлга чўмдигу кетдик.
Узоқ яшаш мумкин иймонсиз, дилсиз,
Лекин не қилардик Ватансиз, элсиз?
Қанча зўр шоирлар бор эди, эсиз,
Барини бирма-бир кўмдигу кетдик.
ГЎЗАЛ
Эй қади шамшоду кўзлари жаллод,
Бир боқсанг, қиличлар сингусимидир?
Оғзини ғунчалар туққан паризод,
Лабларинг асалнинг синглисимидир?
Камон қошларингга қондошу ёндош
Фақат камон билан ёй бўлса керак.
Ҳусну жамолингга бериб бўлмас дош,
Отанг – қуёш, онанг ой бўлса керак.
“SMS”
Ўзимизга ўзимиз
Йўллаймиз биз SMS:
Улғайибди қизимиз,
Қачон кирар эсимиз?
Нафсимиз – тўнғизимиз
Бўғзин қачон кесамиз?
Ҳасад – юрак безимиз,
Қолурми ном, изимиз?
“Сен мени севасанми?
Мен сени севаманми?”
Бу – минг йиллик SMS,
Сарсон бўлди севгимиз.
Озғинмизми ё семиз,
Очми ё тўқ кезимиз –
Нечун ош-нон, тузимиз
Шувит қилмас юзимиз?
Бир кун тугар қиссамиз,
Қиссамиздан ҳиссамиз:
Худойимдан ҳаммамиз
Олгаймиз бир SMS.
Билайлик-да ўзимиз:
Бу – энг сўнгги SMS.
Очилурми кўзимиз?
Қачон кирар эсимиз?
ГУМБУЛОҚ
Қайга кетиб қолдинг, маъсум Гумбулоқ?
Қолмиш тоғу тошу чўлу қум, булоқ.
Биздан бир ёмонлик кўрдингми ё, айт?
Ёки қуритдими сени ҳам ҳасад?
Токи бино бўлмиш рўзи азалдан,
Одамзод қутулмас риё, ғараздан.
Кўксимиз ичра бир қуроқлар бордир,
Гум бўлиб кетган не булоқлар бордир.
Нечун сен ногаҳон юз буриб кетдинг?
Балки кир дунёнинг фаҳмига етдинг.
Бизнинг ҳам покликка етгимиз келгай,
Лек баъзан гум бўлиб кетгимиз келгай.
Энг олий, инсоний гўзал туйғулар
Кетиб қолмасми, деб қочар уйқулар.
Хас-хазон кўммасми қумлоқларини
Меҳру муҳаббатнинг булоқларини?..
ТОШКЕНТ МАНЗУМАСИ
Йиллардан йилларга эврилар йиллар,
Орзулар ястаниб чаман бўлгайлар.
Меҳрингдан сув ичиб ўсган кўнгиллар,
Улғайиб эл бўлгай, Ватан бўлгайлар.
Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
Оламга остонам – пойтахтим менинг.
Асрлар