Молхона. Джордж Оруэлл
ва Боксёрнинг қудратли мускуллари бу ишда қўл келарди. Тулпор Боксёр ҳаммани ҳайратга солди. У Жонс замонасида ҳам кўп ишларди. Энди, озодликдан сўнг эса, янада оғир ишларни қилар, уч ҳайвоннинг ишини бажараётган эди. Шундай кунлар бўлардики, молхонадаги барча ишлар унинг баҳайбат билакларига тушарди. У тонгдан кечгача, чарчоқни билмай ишларди ва ҳамиша энг оғир ишларни бажарар эди. Хўрозлардан бири билан уни ҳаммадан олдин уйғотишга келишиб қўйган эди, иш куни бошланишидан олдин аллақачон зарур жойда анча керакли ишни бажариб қўйган бўларди. Ҳар қандай оғирлик, муаммо билан юзма-юз келаркан, у фақат бир нарсани мудом ўзига айтар эди: «Мен янада кўп ишлашим керак». Бу унинг шахсий шиори эди.
Қолганлар ҳам бутун вужудлари билан ишга берилишган эди. Шундай қилиб, ҳатто товуқлар ва ўрдаклар ҳам хирмонга беш пуд буғдойни дона-доналаб ташидилар. Талон-торожликлар, меъёр борасидаги можаролар, жанжал ва низолар, рашк, яъни эски пайтда одатий бўлган барча нарса – ҳаммаси йўқ бўлди. Ҳеч ким, деярли ҳеч ким шикоят қилмади. Тўғри, Моллига эрталаб барвақт туриш ёқмасди, агар унинг шудгоридан тош чиқиб қолса, ишни ташлаб кетвориши мумкин эди. Мушукнинг хулқ-атвори ҳам анчайин ғалати эди. Тезда маълум бўлдики, ортга суриб бўлмайдиган бирор зарур юмуш чиқса, мушукни топиб бўлмай қоларди. У соатлаб йўқолиб қолар, аммо тушлик пайтида ва ишлар тугагач, кечки овқат пайти ҳеч нарса бўлмагандай ҳозир бўларди. Бироқ барча эътирозларга шунақа ишонарли баҳоналар топарди ва дилни ўртаб, миёвлардики, унга, унинг эзгу ниятларига ишонмасликнинг иложи йўқ эди. Кекса эшак Бенжамин, қўзғалон замонидан бери гўёки ҳеч ўзгармагандай эди. У ҳеч қачон бирор ишга ўзича уринмаган ва буюрилган бирор ишдан қочмаган эди. Аммо нима иш қилган бўлса, ҳаммаси худди мистер Жонс замонасиники каби сокин қайсарлик руҳига қоришган эди. Бенжамин исён ва у келтирган мустақиллик ҳақида гапирмасликни афзал кўрарди. Ундан мистер Жонсни ҳайдашганидан сўнг ҳаёт қанчалар яхшиланди, деб сўрашганида, у фақат минғирлаб қўярди: «Эшаклар узоқ яшайди. Сизларнинг ҳеч бирингиз ҳали ўлган эшакни кўрганингиз йўқ», қолганларнинг бу сирли жавобдан қониқишдан бошқа чоралари йўқ эди.
Якшанбада ҳамма дам оларди. Нонушта одатдаги кунлардан бир соатга кеч бўларди, кейин ҳамма ҳар ҳафта албатта ўтказиладиган тантанага шошиларди. Энг аввало тантанали тарзда байроқ кўтарилади. Сноуболл кичик омборда Жонс хонимнинг яшил дастурхонини топди ва унга туёқ ҳамда шох расмини чизди. Ҳар якшанба бу дастурхон-байроқ молхона боғида ерга қадалган тик ёғочга ўрнатиларди. Яшил ранг, тушунтирди Сноуболл, Англиянинг далалари рамзидир, туёқ ва шох бўлғуси Ҳайвонлар Республикасини англатади, ҳайвонлар давлати бутун дунёда одамзод инсонлар насли тугатилгандан кейин барпо этилади. Бутун дунё ҳайвонлари, бирлашингиз! Байроқ кўтарилгандан сўнг, ҳамма катта омборда Ассамблея деб аталадиган умумий кенгашни ўтказиш учун йиғиларди. Бу ерда келгуси ҳафтада қилинадиган ишлар режалаштириларди, турли ечимлар