Япон зобити. Леонид Чигрин
чиқаётган жойларга қараб, мўлжалга олиб отишма билан жавоб қайтаришди. Жанг бирор соат давом этгач, партизанлар ўрмонга яшириндилар. Шундан сўнг колоннани Соломбалагача ҳеч ким безовта қилмади.
Соломбала унча катта бўлмаган балиқчилар қишлоғи экан. Шимолий Двина бу ердан Оқ денгизга қуйиларди. Унинг оғзи кенг бўлиб, чучук сув оқими денгиз сатҳини тўлдирар ва унинг суви билан тўқнашган жойларда тўлқин ҳосил қиларди. Денгиз узра чайкалар учар, қўққисдан пастга шўнғиб, сувдан кичик балиқчаларни овлаб, яна осмонга кўтариларди. Уларнинг овозлари қумли текис қирғоққа дам-бадам урилаётган тўлқинларнинг шовуллашини босиб, атрофга анча узоқдан эшитиларди.
Приморьенинг бошқа қишлоқлари сингари бу ерда ҳам эркаклар кам бўлиб, асосан чоллар, аёллар ва болалар яшарди. Ташландиқ кулбалар ҳам сероблигидан рота учун жой масаласи тезда ҳал бўла қолди. Япон отрядини кўрган заҳоти маҳаллий одамлар ҳовлиларига кириб кетишди, қишлоқда жимжитлик ва кимсасизлик ҳукмронлик қилар ва фақат итларнинг ҳуришигина бу ерда қандайдир ҳаёт борлигидан дарак берарди.
Полковник Исикура партизанлар қўлга киритган қуроллар ва аслаҳаларни ташландиқ кемаларга яширган бўлиши мумкинлигини айтганди. Аскарлар жойлашиб, егулик тайёрлагунича Ютаро Тода кемалар қабристонини кўздан кечиришга қарор қилди. Бироқ кўрганидан сўнг ақли шошиб қолди. Чунки “Бу ерда юзтача кема бордир, қолганлари ўз умрини ўтаб бўлган балиқчилар кемаси бўлса керак” деб ўйлаганди, бироқ вазият бутунлай бошқача экан. Тураргоҳда минглаб кемалар бўлиб, уларнинг сон-саноғига етиш қийин эди. Қирғоқ томонда кемалар бир-бирига тартибсиз қалашиб уфққача туташиб кетганди. Улар орасида темирдан қурилганлари, ҳар хил мақсадлар учун ёғочдан ясалган турли ўлчамдаги кемалар ҳам бор эди. Улар зич турар, тўлқинлар тебратганида бир-бирига урилар ва тинимсиз гулдираган, қарсиллаган шовқин эшитиларди. Баъзи жойларда палуба қурилмалари, уларнинг устида эса мачта синиқлари кўриниб қоларди. Маҳаллий аҳоли яқинроқдаги кемаларни ўтин учун, баъзи тахталарини эса уйлари учун ажратиб олиб кетар, шундан сўнг уларда каттакон ёриқлар пайдо бўлиб, шпангоутлар2 худди қирғоққа чиқариб ташланган китларнинг қовурғаси сингари кўриниб турарди.
Чириган дарахт ва сув ўтлари ҳиди уфурар, ёғоч ҳамда темирдан яралган ушбу ўлик салтанатда совуқ шамол ғамгин ҳуштак чалар, хира офтоб нурлари эса кўзга ташланаётган зерикарли ва маъюс манзара таассуротини янада кучайтирарди.
Ютаро Тода бўлинмаси жойлашган манзилга ўйга ботган ҳолда қайтиб келди.
– Олдимиздаги вазифа мен ўйлаганчалик осон эмас, – деди у таржимонга, – бу қабристон ўнлаб километрга чўзилган. Бу ерга бутун бошли армияни бекитиш мумкин. Уни тўлиқ кўриб чиқиш учун бир умр ҳам камлик қилади.
Прапоршик масхаралагандек кулди.
– Кўриб чиқишингиз шарт эмас. Маҳаллий аҳолини бу ерга йиғамиз, ихтиёрий равишда қуроллар ҳамда партизанлар яширинган жойни топиб беришларини таклиф қиламиз.
2
Кема ёки самолёт корпуси мустаҳкамлигини таъминлаш учун кўндаланг қўйилган ёғоч ёки темир.