Япон зобити. Леонид Чигрин
сўзларига қараганда, уруш энди бу ерга ҳам етиб келади. Кўп йиллик хизматни ўтаб қўйган катта ёшдаги офицерлар ташвишлана бошлаган, поручик Ютаро Тода эса, аксинча, жонланганди. Ниҳоят, зерикарли тартибдаги гарнизон хизмати тугайди ва ҳақиқий иш бошланади. Охири йўқ қоровуллик хизмати унинг жонига теккан, энди янги таассуротларни хоҳларди. Поручик одмигина кийинган, мудом қовоғи солиқ ва кулбаларидан ташқарига чиқмайдиган маҳаллий аҳолининг яхши ўқитилган мунтазам қўшинга қарши чиқишига, уларни ҳатто чекинишга мажбур қилишига сира ишонолмасди. Ҳар ҳолда, Ютаро Тода ҳали ҳақиқий поморлар билан тўқнашмаган, Архангельскнинг ўзида ва атрофидаги қишлоқларда эса фақатгина чоллар, кампирлар, болалар қолишган, улар ҳақида жиддийроқ гапиришга ҳожат бўлмаганди.
Полковник бир неча сония харитани кўздан кечирдида, сўзида давом этди:
– Аввал айтганимдек, партизанлар танасиз руҳлар эмас. Келинг, улар қаерга бекиниши мумкинлиги ва қўлга киритган қуролларни қаерга яшира олиши ҳақида ўйлаб кўрайлик. Мана бу ерда қуюқ ўрмон жойлашган.
Исикура қалами билан харитадаги яшил доғни белгилади.
– Лекин улар бу ерга йўналгани даргумон. Кучли ёмғир ва совуқ ҳаво пайтида ўрмон яхши бошпана бўлол майди. Мабодо олдиндан ертўла ва омборхоналарни тайёрлаб қўйишмаган бўлса, албатта. Лекин бундай қилмаган бўлишса керак. Отрядларида одам кам, ўрмонга мослашиб яшаш кўп ишчи кучини талаб қилади. Эсингиздами, қишда, қор ҳақиқий муз қатламга айланганида, биз ўрмон четини, кейин ичини ҳам текшириб, шубҳали ҳеч нимага дуч келмагандик. Кўплаб одамлар бир ердан иккинчи ерга кўчса, буни яшириб бўлмайди, қордаги излари сотиб қўяди. Бундан ташқари, булар – поморлар, уларга ўрмондан кўра дарё ва денгиз қулайроқ.
Полковник шундай дея, қаламини харита устида тақиллатди:
– Демак, бир нарсага диққатимизни қаратамиз, – Архангельскдан ўттиз чақиримча нарида Соломбала деб аталадиган балиқчилар қишлоғи жойлашган. У Шимолий Двинанинг Оқ денгизга қуйилиш жойида. Қишлоқ унчалик катта эмас, у ерда яшириниш қийин. Лекин бир қарашда шундай. Соломбалада ташландиқ кемалар тураргоҳи мавжуд. Айтишларига қараганда, тураргоҳ кичкина жой эмас. Ўйлашимча, партизанлар қўлга киритилган қуролларни айнан ўша ерга яширган ҳамда ўзлари ҳам шу жойда қўним топишмоқчи. Ёмон обҳаво тезда тугайди, қуёш йўлларни қуритади, партизанлар эса Соломбаладан бизнинг таянч пунктларимизга, у ерда жойлашган қисмларимизга осонгина етиб олишлари, уларга ҳужум қилишлари, қисқа жанглардан сўнг ўрмонларга бекинишлари ёки кичкина кемачаларда Соловецк оролларигача етиб олишлари мумкин. У ерга бутун армияни жойласа бўлади.
Исикура яна жимиб қолди, кейин диққат билан харитага тикилди. Яна сўзлай бошлаганида, овозидан дарғазаблиги яққол билинди:
– Албатта, партизан отрядларининг асосий нишони биз эмасмиз. Уларнинг отряди катта эҳтимол билан оқ гвардиячиларнинг асосий қисми жойлашган Шенкурск ка йўналади. Партизанлар уларнинг эркин ҳаракатланишига