Япон зобити. Леонид Чигрин
қулай жой бор. Карвон тепаликлар орасидаги ингичка жар ва шу яқиндаги сийрак ўрмондан ўтади. Яширинадиган ер ҳам бор.
Сухоруков Савелийга саволчан қаради.
– Яхши, карвонни эгалладик ҳам дейлик, кейин қурол-аслаҳаларни қаерга бекитамиз? Японлар дарҳол ваҳима кўтаради, кейин бор кучини ортимиздан ташлайди. Ғилдирак излари нам ерда яхши қолади. Ҳужумини анча вақт қайтара оламизми? Ёки ҳар бир уйга биттадан милтиқ бекитиб чиқамиз деб ўйлаяпсанми?
Сухоруков буларнинг барини яққол истеҳзо билан гапирди.
Парфёнов хотиржам турарди.
– Азизим Игнат, буниям ўйлаб қўйганман. Шундай жой борки, у ерга бунақа карвондан юзтасини олиб бориб қўйсанг ҳам, ҳеч ким тополмайди. Изидан тушадими, тушмайдими, барибир.
– Хўш, қаерда экан бунақа жой? – ишонқирамади Сухоруков.
– Сен Соломбалани эсингдан чиқардингми? – кулимсиради Парфёнов.
– Ҳа-я, тўғри, тўғри… Қойил, ақлингга балли, Савелий… Қара-я, эсимизга келмаганини… – ғовур-ғувур қилди партизан етакчилари.
– Демак, бу масалани ҳал қилдик, – Парфёнов кафти билан столга тарсиллатиб урди. – Энди бошқа масала ҳақида гаплашамиз. Қўмондон Каменев биздан партизан бирлашмалари ташкил этишни сўраяпти. “Карвонни эгалладик” деб фараз қилсак, бизда қурол бўлади. Халқни йиғиб, қуроллантирамиз. Ўшанда нафақат оқшомлари отишма қиламиз, балки кундузи ҳам оқ гвардиячиларга, шунингдек, японларга ҳужум уюштира оламиз.
– Ва инглизларни ҳам титиб ташлашимиз мумкин, – қасоскорона қўшимча қилди Игнатий Сухоруков, чунки инглизлар ундан ов қайиғини тортиб олишганди.
– Ҳа, инглизларни ҳам, – рози бўлди Парфёнов. – Хўш, нима дейсиз, бирлашамизми?
– Яхши бўларди, – рози бўлди партизан етакчилари. – Оқлар ва келгиндилар еримизни шунча топтагани етар!
Уларни бир сиқувга олайлик-чи, балки бутунлай ҳайдаб юборармиз.
– Бўлмаса, келинглар, бирлашмамизнинг бош қўмондонини сайлаймиз, – деди Парфёнов ҳамюртларига диққат билан нигоҳ ташлаб.
– Ўйлаб ўтирадиган жойи йўқ, – деди Сухоруков жиддийлик билан. – Савелий, бунча юкни сендан бошқа ким ҳам уддаларди? Етакчимиз ўзинг бўласан, вассалом. Оғайнилар, бунга нима дейсиз?
– Яхши фикр… Ўйлашга ҳожат йўқ… Савелийнинг боши олтиндан…
Шундай қилиб, ёши қирқларга кириб қолган архангельсклик денгизчи Савелий Парфёнов бўлғуси партизан қўшилмасининг раҳбари этиб сайланганди.
Ишни кечиктириб бўлмасди. Партизан етакчилари қурол-яроғ ортилган карвон ҳаракатланувчи ўрмон ва жарликни кўздан кечиришди, сўнгра қайси отряд қаерда яширинишини, ким нима қилишини келишиб олишди.
Фақат кутиш қолганди. Ҳаммаси худди Савелий Парфёнов айтганидек бўлди. “Онега” транспорт кемаси Оқ денгизга кириб келди ва қирғоқдан ўн чақиримча нарида, Шимолий Двина қуйиладиган жойнинг ўнгроғида туриб қолди. У ёғига ҳаракатланиш хавфли эди. Баҳайбат музлар дарёнинг қуйилиш жойидаги портни тўсиб, устмауст қалашиб кетган, баъзилари қарсиллаб ёрилиб тушарди. Улар тахтадан ясалган