Изхор. Xurshid Do`stmuhammad
ўғирлайди. Одамлар Жажманнинг ўзи нималиги, қаердан келиб қолгани билан қизиқмайди, уни йўқотиш пайига тушадилар. Бироқ уларнинг ҳаракати беҳуда. Токи, инсон «тобланмас ва покланмас» экан, Жажман йўқолмайди, ўрнига ундан кўра каттароқ, ундан кўра баднафсроқ, ундан кўра жони қаттиқроқ бошқалари пайдо бўлаверади. Бўй-басти бир қарич келадиган махлуқни кўриб, Зардушт ота: «Одамдан тарқаганмикан-а?!» деб ўйлайди.
Ёзувчи Зардушт бобо орқали бизни ғафлат уйқусидан уйғотмоқчи, хиёнат, беҳуда ҳою ҳавас исканжасидан қутқармоқчи. Унинг чақириғига қулоқ солайлик.
Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларининг санъатга дахлдор томонлари алоҳида ўқиб ўрганишга, тадқиқ қилишга арзигулик. Шу пайтгача баъзиларимиз оғзимиздан бол томиб, баъзиларимиз ижирғаниб тилга олаётган Лотин Америкаси адабиётининг, рус классик адабиётининг илғор анъаналари Хуршид Дўстмуҳаммад асарларида ўз ифодасини топган. У руҳий олам билан моддий оламни бир-бирига уйғун ҳолда тасвирлайди ва шу билан китобхонни фикрлашга, мушоҳада юритишга ундайди. Хуршиднинг ҳикоялари шу пайтгача бизда расм бўлган воқеабанд, айтиладиган гапи ҳам, чиқариладиган хулосаси ҳам олдиндан аниқлаб қўйилган ҳикояларга ўхшамайди. Бу ҳикояларни ўқиб чиққач, китобхон ўйга толиши, руҳида қандайдир ўзгариш юз бериши турган гап. Зеро, ёзувчининг муддаоси ҳам шу.
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ўзига хос бир жиҳатини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу – ёзувчининг тили. У хоҳ тарихий, хоҳ замонавий мавзуда ёзмасин, тилга атай замона ниқобини кийгизмайди, қаҳрамонларни зўрлаб бугунги китобхонга тушунуксиз йўсинда гапиртирмайди. Воқеа қайси даврда юз бераётгани асарнинг руҳидан яққол сезилиб туради. Мозийдан ҳикоялар битаётган айрим ёзувчиларимиз бу хусусда ўйлаб кўришса фойдадан холи бўлмасди.
«ЖАЖМАН»НИНГ ЖИЛВАЛАРИ
Ғарбшунос олимлардан бири М.Д.Смирнов Проспер Мериме ижоди ҳақида гапириб, унинг сарлавҳага жуда катта эътибор беришини таъкидлайди. Дарҳақиқат, сарлавҳа бутун асарнинг муҳим қисмини ташкил этади, сўз борадиган мавзуни аниқ белгилайди. Худди шу фикрни биз ёзувчи Х.Дўстмуҳаммад ижодига нисбатан ҳам айтишимиз мумкин. Адиб ҳар бир асарига сарлавҳа қўяр экан, унинг моҳиятини ўзида ифода этадиган сўзни топади. «Паноҳ» қиссасида туғилиб ўсган замин одамларга зилзилада паноҳ бўлса, «Нигоҳ» қиссасида асар қаҳрамони – трамвай ҳайдовчиси Бекнинг тақдири онг призмаси нигоҳидан ўтказилади. Сарлавҳаларнинг ўзида жиловланган сўзнинг теран бадиияти кўзга ташланади: «Паноҳ»да рамзий, «Нигоҳ»да мажозий маъно мавжуд. Энди «Жажман» ҳикоясининг сарлавҳасига келсак… Яхшиси, шу ҳақдаги фикрларимизни ҳикоя таҳлилининг якунига асраб қўя қолайлик.
Тилшуносликда яхши бир мезон бор: текширилаётган сўз синхроник ва диахроник аспектларда олиб қаралади. Биз ҳам бу ҳикояни бир неча аспектларда кўриб чиқамиз.
Қадим даврларда одамлар оловга эътиқод қўйганлар. Бу эътиқод фанда зардуштийлик деб аталади.