Изхор. Xurshid Do`stmuhammad
Қурбонали аслида, ҳаётининг биринчи қисмида гапга чечан, ботир эди. Аммо ҳаётининг иккинчи қисмида худди отаси каби падари васият этиб кетганидек, тилига қулф солиб жим яшайди. Бинобарин, Қурбоналининг одамови, ажабтовур характерини муаллиф ҳикоя матнида муаллиф баёни воситасида беради. …адиб Қурбонали образи орқали ўтмишда ва ҳозир ҳам мўмин-қобилгина бўлиб, билганини ичига яшириб яшаш натижасида манфур қиёфали шахсга айланган миллатнинг битта муҳим салбий қиёфасини очиб беради. Ҳикояда баён этилаётган онаси вафоти билан ўтказилган Илёсвойникидаги (Қурбоналининг қўшниси) худойи-маърака, таъзияга келган чолларнинг гурунги, бу баҳсга ўзгача талқин берган номаълум шахснинг деярли ҳар куни ҳикоя қаҳрамони олдидан чиқиб, маъракадаги воқеани эслатиш орқали, гўёки рамзий маънода жамиятда олимлик мақомини олган-у, аммо одамийлик мақомига эриша олмаган Қурбоналининг фожиавий ҳаёти муҳокама этилади. Қурбонали ҳар куни кутилмаганда олдидан чиқиб, маъракадаги воқеани эслатувчи бу кишини «Кимсан» деб атайди. Бизнингча, ёзувчи бу образга ҳикоя қаҳрамони Қурбонали тили ва нигоҳи билан «Кимсан» деб исм берар экан, мазкур ифодада ҳам ҳикоянависнинг муайян бадиий мақсади ниш бериб турибди. Назаримизда, Кимсан образи ҳикоянинг бош қаҳрамони Қурбоналига, унинг бутун бошли ҳаётига, ҳаётий аъмолига, қирқ йиллик илмий фаолиятига «Сен ўзи кимсан?», «Бу дунёда яшаб, умринг поёнига етганида ўзингга савол бериб кўр-чи, сен нимага интилдинг? Нимага эришдинг? Нимани ютқаздинг?» – деган бир қатор залварли саволларни ўртага ташлаётгандек – тасаввур уйғотади. Демак, Кимсан ҳикоя сюжетини ва унинг муҳим композицион ғоясини шакллантирувчи аниқ мақсадли, мантиқли образ саналади.
Шу боис ҳикояда атай ўйлаб топилган топилдиқ образ – «Кимсан» асар бадиий ғоясини очишда муҳим очқич ҳисобланади. Кимсаннинг луқмали гап-сўзларидан, чунончи «жим ўтирган одам энг хавфли одам» деган ҳукм-хулосасидан сўнг Қурбонали оёғи куйган товуқдек типирчилаб, виждони азобда қолади. Қурбонали қандай фан соҳаси билан шуғулланган, қандай илмий кашфиёт қилди каби тафсилотларга ёзувчи мутлақо тўхталмайди. Асарда илгари сурилаётган иккита муҳим ғоя ўсимликнинг ўқ томири сингари кўриниш бериб турибди. Биринчидан, Қурбонали ҳаёти мисолида «Олим бўлиш осон, аммо одам бўлиш қийин» деган жайдари бир халқона фалсафа кўрсатиб берилади.
Х.Дўстмуҳаммад ҳикоя қаҳрамонлари исмига (Қурбонали, Кимсан, Қуролбой, Тўлаш тараша, Илёсвой, Одилхон ювош) ва маъракадаги «илмли киши қандай хусусиятга эга бўлмоғи лозим» – деган баҳсли мунозарага ҳам миллий, ҳам фалсафий-рамзий маъно юклайди. Аслида кичик бир маъракада кечган баҳс, жамият ҳаётига дахлдор бўлиб, жамиятнинг интеллектуал жиҳатдан энг ақллиси, етакчиси ҳисобланган олим шахсининг нақадар тубанлашганини ёзувчи Қурбонали ҳаёти мисолида тафтиш этади.
Энг муҳими, ҳикояда миллатнинг тили қулф бўлиб қолишига сабаб бўлган мустамлака шўро даври, ҳатто ўз дини ва эътиқодини