Сенга ишонаман. Ворис Йўлчиев
қиз билан шунақа гаплашасизми? Ҳаммага бирдек севги изҳор қиласизми?
– Амина, ишон менга, ҳали ҳеч кимни севиб қолганим йўқ. Сен менинг биринчи муҳаббатимсан. Илтимос, пастга туш, бироз гаплашиб ўтирайлик, сенга ажойиб бир совғам бор, фақат йўқ дема! – ёлворди Ҳамид.
– Нималар деяпсиз? Ярим кечаси нега пастга тушарканман? Уйдагилар нима дейди? Кейин… нега мен сизнинг гапингизга қулоқ солишим керак.
Ҳамид бир муддат тутилиб қолди. У Аминадан тамоман бошқача муносабат кутганди. Шунга қарамай уни ёлворишни қўймади:
– Амина, асалим, сен менинг ҳаётимсан, мени ноумид қўйма! Беш дақиқа бўлса ҳам тушгин. Ўтиниб сўрайман.
– Ҳамид ака, уят эмасми? Ахир эртага тўйингиз. Сиз эса бошқа қизга севги изҳор қиляпсиз. Сиздан буни кутмагандим.
Алоқа узилди. Ҳамид лабларини тишлаганча қолди. Ҳамид учун қизларнинг бошини айлантириш дунёдаги энг осон ишлардан бири эди. Шу пайтга қадар тажрибаси, сўзамоллиги, қимматбаҳо совғалари билан қанчасини илинтирмади?
Уралда Ҳамиднинг бир севги можароси жуда шов-шувга айланганди. Ҳамид бир неча йил аввал вилоятдаги энг юксак мартабали амалдорлардан бирининг қизи бўлган Иринани ёқтириб қолганди. Ирина тенгқурлари қатори турли кечаларда, ўтиришларда қатнашмас, ҳамиша тансоқчилари қуршовида юрарди. У тиббиёт институтида ўқир, йўналиши ҳам битта эди: уй – факультет!
Ирина худди шарқ аёлларига ўхшаб ўзига қатъий сўз берганди: «Ҳаётимда ягона эркак бўлади, у ҳам менинг умр йўлдошим!»
Иринага қизиқиб қолганини билган Иқбол уни йўлдан қайтаришга уринди:
– Қўй, ўртоқ, унинг кимлигини биласанми?
– Осилсам баланд дорга осиламан.
– Эсинг жойидами, сенга ўхшаганларни у назарига илармиди?
– Илади, илганда қандоқ?
Хуллас, баҳс минг долларга баҳоланди.
Ҳамид ўзига ишонарди. Уни қўлга олиш учун ишга киришди. Тахминан йигирма кун уни кузатиб юрди. Аммо унга яқинлашишга имкон тополмади. Бу орада маҳаллий нашрлардан бири қизнинг отаси ҳақида катта мақола чоп этди. Мухбирлар Иринани ҳам суҳбатга тортиб, унинг бугунги йигитлар ҳақидаги фикри билан қизиқишганди:
«Ҳозирги йигитларнинг ҳаммаси алдоқчи, фирибгар. Уларда романтика етишмайди. Ҳаммаси худди бир қолипга тушиб қолганга ўхшайди», дея жавоб қайтарганди у мухбирнинг саволига. Ушбу мақоладан Ҳамид унинг туғилган кунини ҳам билиб олди: 12 апрель!
Иринанинг кун тартиби Ҳамидга маълум эди. 12 апрель куни қизнинг ўқишидан чиқишида романтик бир ҳадя тайёрлади: рақс мактабида ўқийдиган ўн нафар раққос қиз ўтадиган йўлкада тизилиб туришди. Ирина издиҳомга тушиб қолмаслик учун дарсдан беш-ўн дақиқа олдин чиқарди. Қиз кўриниши билан саҳна кийимидаги раққослар ажабтовур ҳаракатлари билан бошларидаги саватдан атиргул гулбаргларини олиб қизнинг бошидан соча бошлашди. Тансоқчилар йигитларни қувиб юбормоқчи бўлганида Ирина қўли билан «керакмас» дея ишора қилди. Бирпасда атрофни томошабинлар ўраб олди. Раққослар чиройли ҳаракатлар билан алвон гулбаргларни қиз тарафга сочишар, ҳарир гулбаргларнинг енгил шамолда пирпираб