Сенга ишонаман. Ворис Йўлчиев
Аза! Гўзаллик танловининг ғолибаси. Нақ парининг ўзгинаси. Натурачи қизларнинг ҳаммаси таниқли актрисалар, моделлар бўлишади. Расмларин чизиб пулингизни олаверасиз.
Қундуз қизларга қарамасликка чандон уринмасин, шайтон уни йўлдан оздирарди.
– Озар муаллим, агар сир бўлмаса, буларнинг суратини чиздириб нима қиласиз?
– Бу сир.
– Хўш, унда ҳар бир сурат учун менга қанча тўламоқчисиз?
– Икки юз манат.
Қундуз йўл бўйи миясида пишитиб келган гапларни айтиш учун сўнгги имкон қолганини англаб, шоша-пиша гапира кетди:
– Озар муаллим, мен импрессинизм йўналишида ижод қиладиган рассомман. Бу жанрда ҳозир деярли ҳеч ким чизмайди. Бу жанрнинг ўзига хослиги шундаки…
– Қундуз муаллим, агар бу пул кам бўлса, унда уч юз манат бераман, етадими? – Сабрсизлик билан меҳмоннинг сўзини бўлди Озар. Қундуз эса, ўз фикрини ҳамсуҳбатига маъқуллатишга ошиқарди.
– Таассуротларнинг деталлардан устунлиги реал ҳаётнинг тахайюлдан енгилиши демакдир. Дейлик, импрессионизмнинг постимпрессионизмдан афзаллиги…
– Қундуз муалим, қизларнинг расмини чизасизми-йўқми? – тоқати тоқ бўлди Озарнинг.
Қундуз беихтиёр энсаси қотиб турган қизларга, уларнинг ёнидаги баланд бўйли йигитга қаради.
– Озар муаллим, сиз бундан нима ютасиз, билмадим, аммо мен таклиф этаётган лойиҳаларга қўшилсангиз, миллионлаб даромад қилишингиз мумкин. Биз дунё аукционларига чиқишимиз, мамлакатимизни дунёга танитишимиз мумкин.
Озар асабийлашиб, қизларга ўшқирди.
– Йўқол ҳамманг! – Қизлар кўздан йўқолиши билан Қундузга юзланди. – Ўв, рассом, қанча пулинг бор ўзи?
Ҳамсуҳбатининг дафъатан сенсирашга ўтганидан кўнгли дарз кетган бўлса-да, Қундуз сир бой бермади.
– Менда пул нима қилсин?
– Менинг эса миллионларим бор, эшитяпсанми? Дўконларим, машиналарим, виллаларим бор. Энди сен, чўнтагида шамол ўйнаётган бир ялангоёқ менга пул топишни ўргатяпсан, тўғрими? Ё ҳа де, ё йўқ!
Қундуз бошини қуйи солди:
– Мен рассомман, мен маънавий бойликни моддийликдан…
– Демак, чизмайсан? – сўради Озар кўзларини ўйнатиб.
– Йўқ!
Қундуз шахт билан ўрнидан туриб, эшик томон одимлади. Кўчага чиқиши билан юзига совуқ шамол урилди. Шунда ҳам ҳаво етмагандек бўлиб, кўйлагининг юқори тугмаларини ечди. Қўл телефонининг соатига қаради: 13:48. Демак, Ҳамиднинг тўйига тўрт соату ўн икки дақиқа қолибди. Чўнтагидан сигарет олиб, лабига қистирди. Шу палакатни ҳам ташлай олмаяпти. Ҳам соғлиққа, ҳам чўнтакка зарар. Бир ойда салкам ўттиз манат шу касофатга кетаркан. Бир ойлик сигарет пулини тежаса, тўёна ёндан чиқарди.
Бугун тўй роса даҳшат бўлса керак. Синфдошларнинг ҳаммаси келармикин? Роса хурсандчилик бўлади ўзиям. Қўчқор келмайди, у хорижда. Турол келиши аниқ. Бир пайтлар бир қўшнилари бўларди, бир «дом»да туришган. Проводник эди шекилли. Ўша одам Қундузни уйига чақириб, деворига сурат чиздирган, кейин иш ҳақини бермай кетганди. Агар уям тўйга келса, яхши бўларди. «Ҳамёним уйда қолиб кетибди, қарз бериб