Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
билан унинг шакли ўртасида мутаносиблик йўқолади, шунда ўқувчи лаззат олиш, завқланиш ўрнига боши айланиб ҳолсиз бўлади. Мен ёш шоир Муҳаммадали Қўшмоқовни сўзга бўлган самимий меҳри учун ҳурмат қиламан. Унинг эркин вазнда ёзилган шеърларида чинакам шоирона топилмалар анчагина. Руҳий кечинмалари бой. Лекин унинг бир қатор шеърлари борки, улар кўзни қамаштиради-ю, юракка ҳеч нарса бермайди. Мана бир шеъри: «Аста-аста эринчоқ сувлар Сузгисида кунни элайди. Дил банд берар. Шамол ғув-ғувлар, Хирмонимни нурга белайди. Пахтазордай тўлишиб хаёл, Пахтазордай: фидойи сўрар. Камолидан кўсаккина лол: Пахтазордай ойдин ўй сурар… Ўзбекистон бўлиб ёғилару дил, Босиб келар офтобдай наво…» Офтоб сувда чайқалмоқда. Хирмонга нур пуркалган, деб шеърга изоҳ бермоқчи бўламану, лекин изоҳим шундан нари ўтмай таппа-тақ тўхтайди. Шеърнинг нарисида изоҳлайдиган гапнинг ўзи йўқ. Унинг ялтироқлигидан кўз ҳам, ақл ҳам қамашади. Шоирни «сузгиси», «дил банд берар» сингари ғалати сўзлар ўзига сеҳрлаб олган. Назаримда шеър шу сўзларнинг пурвиқор намойиши учун ёзилганга ўхшаб кўринади. Одатда халқимиз қовун банд берди, дерди шекилли. Дилнинг қовунга ўхшаб банд бериши балки кашфиётдир. Қушнинг эркаги, шеърнинг фикрсизи ясанчоқ бўлади деб шуни айтсалар керак… Мен ёшлар шеъриятида Миразиз Аъзам, Рауф Парфи, Муҳаммадали Қўшмоқов, Сулаймон Раҳмон, Уллибиби Отаева, Шафоат Раҳматуллаевларни ўзига хос, ўз шеърий иқтидорига мос келадиган шакллар излаётган, шаклий изланишларини чуқур, татимли мазмун билан мутаносиб қилишга уринаётган ижодкорлардан деб биламан. Фақат мурод юракдаги қўрни бошқалар билан бўлишмоқ экан, бунда сўз устида оҳанжама қилиб ўтирмаслик керакдир, деб ўйлайман.
Шеъриятимизнинг юксак анъаналарини давом эттириш шарафи ёш шоирларимизга мерос бўлиб қолмоқда. Улар бунинг масъулиятини қанча тез англаб етсалар, шунча яхши. Ёш қаламкашларга қилинаётган зўр эътиборнинг том моҳияти шунда. Талантга меҳрибонлик керак, бироқ ҳаддан ташқари меҳрибонликдан ётоқчилаб коладиган талантлар ҳам бўлади. Меҳрибончиликларни ижодига катта бир рағбат, туртки деб билган ёшларгина адабиётимизнинг келажагини белгилайдилар.
ЯМ-ЯШИЛ ДАРАХТ
Қадимги форс адибларидан Иноятулла Канбунинг «Баҳори дониш» китобига кирган ҳикояларнинг бирида шундай воқеа сўзланади. Жуда баланд хурмо дарахти бўларкан. Унинг тепасига ҳеч ким чиқиб мева узолмас экан. Қўшниларнинг даъвати билан бир дадил ўспирин не машаққатлар билан дарахт тепасига чиқади. Лекин дарахтда узоқ йиллардан бери макон қурган илон ўсмирга даф қилиб қолади. Пастдагилар дод-вой қиладилар, болани қутқаришнинг чорасини тополмайдилар. Бу тўполон устига навқирон бир навкар келиб қолади. У одамлардан илонни отиб туширишга изн сўрайди ва камондан ўқ узиб, бола қошида чайқалиб турган илонни худди бошидан уриб туширади. Бола ҳалокатдан қутулади.
Мен адабий мавзу учун шу ҳикоядан бир қиёс изламоқчи бўламан. Адабиётга кириб келаётган ижодкор ёшлар сўз билан ишлаганда, сўз билан халққа хизмат қилганда, улардан мана шу навқирон навкарнинг