Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
деганда, шеърда бўғин, туроқ, вазн, қофиялаш турларини билишнигина тушунмаслик лозим. Чунки шеър шулар билангина битмайди. Сопол лаган лойдан, сувдан ясалади. Ўчоқ алангасида тобланади. Ажиб рангин жилолар берилади ва бизнинг қўлимизга ҳашамдор ранглари, кўркам нақшлари билан етиб келади. Айтайлик, мен лаганнинг нимадан, қандай ясалишини билганим ҳолда, уни ўз қўлим билан ясай олмайман. Чунки бу ҳунарнинг чуқур сирлари менга бегона. Менинг қўлларим ўз чизиқларига лаган ясашнинг сирларини магнит тасмасига ёзиб олгандай ёзиб олмаган. Бундан ташқари, мен ўзимда лаганчиликка талант борлигига ишонмайман. Лекин шунда ҳам кўнглимни чўктирмайман. Чунки мен ясаган лаганлар офтоб юзини кўрмай турибоқ уваланиб кетишини яхши биламан. Шеър ҳам шундай. Бир ҳаваскор йигит таҳририятга шеър жўнатиб, ҳар бир сатрнинг четига: 5+6=11 деб қайд қилиб чиқибди, ўттиз қатор шеърнинг бошидан охиригача эринмасдан шу рақамлар ёзиб чиқилган. Агар бу шеърни тўртинчи синфнинг ўқувчиси ёзиб юборганда мен ажабланмасдим. Лекин уни адабиётчи бўламан деб юрган талаба ёзганки, одамни ташвишга соладигани ҳам шунда. Дўстим, ҳеч кимса сизнинг шеърингизни ўқиётганда неча бўғинли қилиб ёзган экан, деб санаб ўтирмайди. Шеър ўқиётган одам унинг оҳангига қулоқ солади, ундан юрагингизнинг тафтини уқиб олишни истайди, сиз ифодалаётган кечинмалар, фикрлар киши юрагига жизиллаб тегадими, фикр уйғотадими, йўқми, шунга қараб шеърингизга баҳо беради. Ёзувчи Сергей Сартаков: мен машинкада бир саҳифада биттагина хатога йўл қўйсам, шу саҳифани бошқатдан кўчириб ёзаман, назаримда, бу хато ҳали ишга бутун вужудим, фикри ёдим билан берилмаганлигимни бармоқ билан ниқтаб кўрсатиб тургандай бўлади, деган гапни ёзади. Улкан адибимиз Абдулла Қаҳҳор ҳам, бир саҳифада биронта сўзни ўчирмай ёзадиган бўлгунимча шу саҳифани бошқатдан кўчиравераман, деган эди. Ижодкор одамда мана шундай зўр ижодий интизом, ўз хатосини ўзи тузатишга журъат ва жасорат тарбияланган бўлиши шарт.
Шоир одам замонасининг энг илғор кишиларидан бўлади. Бу илғорлик юксак билим, юксак маданият деганимиз бўладики, бу нарсаларни ёшликдан қўлга кирита бормоқ, ёзмоқ қасдида қалам олганлар учун уларни эгалламоқ ҳам фарз, ҳам қарздир. Бўлмаса… келинг, ўзингизга тенгдош наманганлик Иброҳим Азимбоевнинг бир шеъридан шу «бўлмаса»га ярашадиган жавобни биргаликда ўқий қолайлик: Бўлмаса…
«Қўя тургин қўшиғингни юракни титратмаса,
Сенга мафтун ошиғингни зору зор йиғлатмаса…»
Юракни титратадиган қўшиқлар ўзи қандай ёзилади? Бу саволга таъриф бериш жуда қийин. Эҳтимол, бунинг кераги ҳам йўқдир. Чунки юракни титратадиган қўшиқ қандай ёзилишини ҳар шоирнинг ўзи билади, бунга фақат унинг қалби жавоб бера олади. Одамзоднинг юраги, бу оҳангларнинг чашмасидир. Шеър шу чашмадан отилиб чиқади.
«Ҳеч кимга айтмаган қўшиғингни айт,
Тингламоқ истайман шундай қўшиқни,
Бизлардан ўргансин одамлар ишқни,
Ҳеч кимга айтмаган қўшиғингни