Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
кўзи билан кузатади, баҳолайди. Ва буларнинг оқибатида одамларни яратувчи меҳнат билан яшашга чақиради.
Саҳарда чарақлайди осмон тўла юлдузлар…
Толеи тонг отардай, келажаги кўкдай кенг.
Ғафур Ғуломнинг сўзлаётган нисбатларига эътибор беринг. Толеи – ердаги тонг отардай бу ёш авлоднинг, лекин уларнинг келажаги эса… кўкдай кенг… Яъни у келажакни кўк нисбатлари билан, фазовий чексизликда олиб кўради, кейин яна фазога мурожаат қилади:
Эй, менинг фарзандларим, кундуз қош, қора кўзлар.
Дастурхон атрофига юлдуз каби тўпланинг
Букун чин арафадир.
Толени кўк нисбатларида ўлчаётган одамга, албатта, шу толенинг эгаси фарзандлари юлдуз бўлиб кўриниши табиийдир. Ғафур Ғулом нафаслар мазмунини коинот каби кенг деб билади, шу эътиқод билан мазмунни унга яраша чизиқларда тасвирлайди:
Ғунча очилгунча ўтган фурсатни
Капалак умрига қиёс этгулик,
Баъзида бир нафас олгулик муддат
Минг юлдуз сўниши учун етгулик.
Яшаш соатининг олтин кафгири
Ҳар бориб келиши бир олам замон.
Коинот шу дамда ўз куррасидан
Ясаб чиқа олур янгидан жаҳон.
Бу – унинг фазовий фикрлашни чўққига кўтарган шоҳ байтларидан. Ғафур Ғулом шеъриятида вақт ғоят чуқур ишланган фалсафий ҳодисалардандир. У деярли ҳар бир шеърида муайян шаклда дамларнинг такрорланмаслигини таъкидлайди. Инсон оламга ўлгани эмас, яратгани келади. Яратгани келган инсоннинг умри боқийдир. Ғафур Ғуломнинг вақт ва умр ҳақидаги ўйларида мумтоз шеъриятимизнинг ҳаётбахш таъсири сезилиб туради. Лекин доно Юсуф: «Ўлимга омон йўқ, ўлим ҳийласиз» деган бўлса, Ғафур Ғулом:
Ҳар лаҳза замонлар умридек узун,
Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал,
Умрдан ўтажак бир лаҳза учун
Қудратли қўл билан қўяйлик ҳайкал, –
деб ёзади ва шу гапларига эътиқод қўйиб ижод қилади, бошқаларни ҳам шунга чорлайди. Унингча, қуёш фалакда кезиб юрган ғанимат дамларда умрларни боқий этиш ҳақида ўйламаслик инсонлик шаънига ярашмайди. Азиз онлар азиз одамлардан қадр сўрайди; яъни вақтнинг қадрига етгувчиларгина мукаррам бўлади ва умр дафтарини улуғвор байтлар билан безайдилар. Ғафур Ғулом офтоб билан сўзлаша олади, ўзида офтоб билан сўзлашгудай қудрат сезади:
Малъунлардан яширган тилсим сандуғингни оч.
Ҳимматинг канчалар бор, олтин юзли офтоб?!
У энг қийин дамларда Қуёшга – ёруғлик ва ҳаётнинг онасига мурожаат қилади. Улуғ жанг кунларида ундан адолатга ҳомий бўлишни сўрайди:
Зўр карвон йўлида етим бўтадек,
Интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш.
Энг кичик заррадан Юпитергача
Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш!
Бу шеър Ғафур Ғуломнинг суюмли ойи – ўн бешинчи майда ёзилган. 1942 йил эди. Ҳаёт-мамот жанги борарди. Оналар ҳижронзада эдилар. Шунда Ғафур Ғулом ёзди:
Узилган бир киприк абад йўқолмас,
Шунчалар мустаҳкам хонаи хуршид.
У