Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
ўз зарраларини ҳадя қила бошлади. Бу заррачалар унинг танасини силамоқчи, қитиқламоқчи бўлгандек шошиб пастга отиларди. Баҳрихон эса ҳузур қилиб, ҳали елкасини, ҳали кўкрагини, ҳали сонини тутиб берарди» (82-6). Кейин Баҳрихон Лутфуллаев совга қилган ичкўйлакни кийиб ўзини ойнага солади. Ҳавасланади. Кейин ётади. Кейин телефон жиринглайди. Лутфуллаев кирсам майлими, деб сўрайди. Бахрихон «кеч бўлганини унутиб, «майли» дейди эшикни очиб қўяди. «Уни нима билан меҳмон қилсам экан», деб ўйлаб турганда табассум билан Лутфуллаев кириб келади…
Роман бошдан-оёқ мана шу тахлитдаги бениҳоя тутуриқсиз, эротик, бачкана гаплар, қилиқлар, муносабатлар асосига қурилган. Баҳрихон ва Одилжон сингари муаллиф ижобий деяётган қаҳрамонлар мутлақо шармандали ҳолатларга тушиб қолаверадилар, орден олиб туриб, ўзларини сувга ташлайдилар, мукофот олиб машинага урилиб кетадилар. Жиддий-жиддий ишларда эканликларига қарамай болаларча фикрлайдилар, бачкана хаёлларга бериладилар. Ёзувчи истайдими, истамайдими, бу ижобий қаҳрамонни ерга уриш, уни масхара қилиш, деб англанади.
Романнинг тарбиявий аҳамияти эса юқоридаги парчаларданоқ ойдин кўриниб турибди… Адабий асар ижтимоий ҳодиса. У зўр фойда келтириши, аксинча, «Қалб қаноти» каби бўлса, кони зиён бўлиши ҳам мумкин.
Адабиётнинг юксалаётганлиги, унинг изланишлари самарадор бўлаётганлиги ҳаммадан бурун яратилаётган қаҳрамонларнинг бадиий салмоғи билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам бадиий адабиёт ҳақидаги гап – аввало, қаҳрамон ҳақидаги гап дейдилар.
Ҳаётимиз ҳар жиҳатдан етук қаҳрамонларга бой. Адабиёт бу бойликни ўзлаштиришда, назаримда, хийла сусткашлик қилмоқда. Бу сусткашлик, айниқса, насрнинг энг гўзал жанрларидан бири ҳикоячиликда кўпроқ билинмоқда. Шубҳасиз, жуда кўп ҳикоялар ёзилмоқда. Талантли адибларимизнинг ҳикоя тўпламлари нашр этилмоқда. Булар ичида Жонрид Абдуллахонов ҳикоялари, Мумтоз Муҳамедовнинг ўзбек адибларининг Иккинчи жаҳон уруши кунларида жанг майдонларида кўрсатган матонатлари ҳақидаги «Қор қўйнида лола» китоби, истеъдодли ҳикоянавис Оқилжон Ҳусановнинг «Бўлмаганга бўлишма» тўплами, кулгили ҳикоялари билан танилган Неъмат Аминовнинг «Лабиҳовуз хандалари», Хосият Лутфуллаеванинг «Аёллар», Сайёрнинг «Йиллаб кутганим», Тўлқиннинг «Ёр мактуби» сингари китоблари бор. Бу асарларда жуда кўп қизиқарли эпизодлар, жонли тасвирлар, ҳажв ва кулгига бой ҳолатлар, вазиятлар бор. Лекин, назаримда, уларнинг кўпчилиги ҳақиқий ҳикоя мезонига солиб қаралганда, аксар ҳикояга ўхшамайди. Улар худди атай «табассум»га мўлжаллаб ёзилганга ва ўткинчи бир он, ўткинчи бир қизиқ гап учун, тўғрироғи, қизиқчилик учун ёзилганга ўхшайди. Тўғри, уларни экранда талантли актёр ўйнаса, кулгили чиқиши мумкин. Бироқ қоғоз саҳифаларидан қаралганда улар жуда нимдош бўлиб кўринади. Қўлларидан ҳикоя ёзиш келадиган адибларимиз бу ажойиб жанрнинг мумтоз намуналарини ўзлаштириш ўрнига кўпроқ енгилгина ҳажвиячилик билан шуғулланмоқдалар.
Тўғри,