Мангу латофат: бадиалар. Иброҳим Ғафуров

Мангу латофат: бадиалар - Иброҳим Ғафуров


Скачать книгу
юқорида эслатганимиз миқёсли тасвир усулининг ишланишига замин яратди.

      Эркин Воҳидов бу пайтда буюк немис адиби Гётенинг машҳур «Фауст» асарини таржима қилишга ўтирди. Европа шеърияти ва бу шеъриятга хос тафаккур чўққисидан туриб ўз шеърига, миллий адабиётимизга назар солди. Миллий адабиётимизнинг аҳволи, моҳияти, дунёдаги бошқа миллий адабиётларга унинг туташ қирралари устида мушоҳада юритди. Есенин, Блок, Светлов, Твардовский, Ҳамзатов ва Шарқ шеъриятининг улкан намояндалари – Иқбол, Ҳофиз, Сино, Ғолиб, Бедил, Тагордан қилинган таржималар Эркин Воҳидов ижодининг янги қирралари очилишига бир туртки берди. Миқёсли тасвир усули пайдо бўлишига бу ижодий интилиш ҳам ўз таъсирини кўрсатди. «Фауст» билан йиллар Эркин Воҳидов шеъриятининг чўққиси бўлган «Руҳлар исёни» ўртасида тўғридан-тўғри боғланиш йўқ, албатта. Лекин «Фауст» таржима қилинмаганда «Руҳлар исёни» худди мана шу шаклда ва йўналишда вужудга келиши мумкинмиди? – деб савол қўйиш ҳам мумкин. 70-йилларда Эркин Воҳидовнинг «Ҳозирги ёшлар» (1975), «Тирик сайёралар» (1978), «Муҳаббат» (1976) сингари шеърий китоблари дунёга келди. «Муҳаббат» шоирнинг илк сайланмаси эди ва унинг қирқ ёшга тўлиши муносабати билан сарҳисоб тариқасида чиқарилган, унга Лазиз Қаюмов сўнгсўз ёзган эди.

      Шеърият шоир тимсолида инсон ҳаётининг энг муҳим ҳодисаларини қидиради. Шоир ҳаёт ва тирикликнинг энг муҳим муаммоларини ечишга, топишга ўзини чорлайди. Ҳаётнинг маъноси ҳам ана шу энг муҳим нарсани топишда. Муҳим фикр, ғоя, воқеа, кечинмаларнинг тузини топиб олиш ҳамма вақт қийин ва ҳамма вақт ҳар кимга ҳам муяссар бўлавермайди. Лекин катта истеъдод эгалари топади, ўз ижоди учун, замондошлар учун, умуман инсон учун муҳим бўлган ҳодисаларни топади. Ўтган асрда ўтган Америка шоири Уолт Уитмен: «Қасам ичаманки, мен коинотда ҳар бир нарса абадий ўлмас қалбга эга эканлигини англаб етдим», деб ёзган. У зарралардан тортиб, ҳатто чексиз самоларнинг қалбини топишга интилган шоир. У ёзган ва тўла ҳуқуқ билан нарсаларнинг қалбини топдим деёлган.

      Деразамдан тушган тола нур

      Сомон йўли каби товланур, –

      деб ёзади Эркин Воҳидов «Тирик сайёралар» деб аталган шеърида. Шоир заррадан нима қидираётир ва нималарни кутаётир?

      Ҳар бир зарра балки бир дунё

      Эҳтимол бир ўзга сайёра…

      Шоир заррани коинотга қиёслайди. Заррадан тараққиёт ва ҳаёт ҳаракатини кўради. Одам ҳам коинотда бир зарра. Чексиз самолардан ўзи каби оқил бир мавжудотни излайди ва ўз келиб чиқишини кўкдан қидиради.

      Аммо билмас, қилмас тасаввур

      Хаёлига келтирмас башар.

      Ўзга жонзот балки бўлиб нур

      Оҳанг бўлиб у билан яшар…

      Шоир ўзга ҳаётларни тасаввурга келтиради. Уларни баайни ердаги тирик ҳаёт каби – қамишларнинг шовуллаши, шафақларнинг ловуллаши сингари манзараларни чизади. Инсон ҳамма нарсани ўз ўлчовлари, ўз жонли тасаввур андазасига солади ва шу хаёлий бўлиб кўринган ҳақиқат


Скачать книгу