Яшил кеча. Рашод Нури Гунтекин
бахтсиз одам эди. Унинг ҳаётида айтишга арзигулик бирор воқеа содир бўлмаганди. Лекин шундай бўлса ҳам унинг руҳи энг хавфли бир эътиқод инқилобининг оташлари ичида ёнганди. Йилларча давом этган бир фожианинг саҳнаси шу қоронғи йўлакнинг тагида очиқ эшиги кўриниб турган кичик тош хона эди. Бу қоронғи деворларнинг орасида не-не дунёлар йиқилди-ю, яна янгитдан не-не дунёлар ташкил топди!
Шоҳин афанди қуёш нурининг остида тупроқларга қорилиб, кир-чир бўлиб юрадиган бир қишлоқ боласи эди. Соғлом бир вужуди, соғлом бир ақли бор эди. Агар уни ҳолига қўйиб берганларида ҳаётидан мамнун бўлган деҳқон ва ё чўпон; буюк воқеалар ва масалаларга дуч келганда талайгина илм ва идора аҳлларининг фикрларидан анча ўткир, соғлом ҳукмлар чиқариб, уларни ҳайрон қолдирувчи халқ одамларидан бири бўлиб етишарди. Аммо диндор отаси уни ўзига бир хайрулхалаф қилиш, бир кун бутун дунёни кўланкаси остига олажак яшил байроқнинг бир кўнгилли кишиси қилиб етиштиришни истаган эди. Боласининг бошланғич таҳсилни битиришини лозим деб топмади; бошига яшил салла ўради-ю, она юртнинг бир мадрасасига жўнатди.
Кўчаларда ўйнаб юрган яланг оёқ, боши қовоқ халқ болалари орасидан ушлаб олиниб, мадрасага жўнатилган ва бошларига салла ўралган болалар, алоҳида бир байроқнинг тагига ўтгандай бўладилар ва улар билан эски ўртоқларининг ўртасида қандайдир бир бегоналик ғови пайдо бўлади. Саллалилар ва салласизлар ўртасидаги бу бегоналик борган сари ортар, уларни бир-бири билан келишолмайдиган, бир-бирларини севишга имкон бермайдиган икки душман лагерга айирарди. Бу нарса шу даражада эдики, ҳар турли ака-укачилик жанжалларини, оила кинларини сўндирганлар бегона душман қаршисида ҳатто сал бўлса ҳам бирлашолмас эдилар. Фақат Шоҳин бошқача бола эди. Мадрасага узоқ вақтгача ўрганолмаган, кўчадаги ўртоқларининг орқасидан қолмаган эди. Фурсат топди дегунча, бошидан салласини оларди-ю, худди қўли синган одам каби салласини қўлига ўраб, ўртоқлари билан қирларга қуш, дарёга балиқ овлагани кетарди. Домлаларининг таёғи, ҳатто кекса отасининг унга бу таёқлардан ҳам қаттиқроқ ботувчи ёлворишлари уни баъзи-баъзида қаердан эсаётганини ҳеч ким билмайдиган бу шамолда учишдан сақлаёлмасди. У истаган вақтида истаган ёққа кетиб қолаверарди. Бу кетишида ёши сал каттароқ бўлгандан кейин ҳеч кимга бўйни ёр бермайдиган ва кунлардан бир куни салласини битта-яримта бутага илиб, ўзи қўйларни боқишга тоққа чиқиб кетадиганга ўхшарди. Аммо…
Мадрасасидаги домлалар орасида бир Ҳожи Фаттоҳ афанди бор эди. Кўп йиллар Мисрда ўқиган, сўнгра яна анча йиллар Фотиҳ мадрасасида мударрислик қилган, ниҳоят – Истанбулда моли ва мулки бўлгани ҳолда – тушуниб бўлмас бир ўжарлик билан ўз туғилган ерига ўлиш учун қайтиб келган бир ажойиб чол эди. Ҳамшаҳарлари Фаттоҳ афандининг эски шараф ва шуҳратидан ўзларига ҳам бир фойда чиқармоқ учун уни ўз мадрасаларига мударрис этиб тайинлагандилар. Ҳолбуки у, энди ҳеч бир жиддий нарсани ўқитолмайдиган даражада довдир бўлиб қолганди; боши, охири, мантиғи ва тартиби бўлмаган сўзлар билан дарс тушунтириши тушдай бир нарса