1985. Энтони Бёрджесс
Испания озодлиги учун курашди ва рус коммунизми каталонча бошбошдоқликка жазо қўллаганда, у қочиш билан ўзини қутқарди. Сиёсий амбицияси бор зиёлилардан шубҳаланадилар. Ахир эркин жамиятда зиёлилар оддий синфга мансублар. Улар ўқитувчи, маърузачи ёки ёзувчи сифатида нима таклиф қилсалар, катта муҳокамаларсиз фойдаланилмайди. Агарда улар норозилик кўтариб, ўз меҳнатларидан бош тортсалар, ҳеч ким пинак ҳам бузмайди. Оқ шеърлар тўпламини чиқаришдан ёки соҳавий тилшунослик бўйича маъруза қилишдан бош тортиш – бу электрни узиш ёки авто бус қатновини тўхтатиш эмас. Уларга бир томондан капиталист хўжайин, бошқа томондан касаба уюшмаси бошлиғининг қўлидаги ҳокимият етишмайди. Уларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Чин маънодаги интеллектуал ҳузур уларга кераксиздек туюлади. Ва улар инқилобчиларга айланадилар. Инқилоблар қоидага кўра, сафсатабозлик қобилиятига эга бўлган норози зиёлилар меҳнатининг натижасидир. Зиёлилар деҳқон ёки ишчилар учун кўча намойишларига чиқадилар. “Бутун дунё зиёлилари, бирлашингиз!” – унчаликк ҳам илҳомбахш шиор эмас-да.
Аммо, нима учун Оруэлл зиёлилардан қўрқарди? Ахир 1940 йилларда лейбористлар тепасида зиёлилар турмаганди-ку.
Йўқ. Лейбористлар етакчиларининг “Нью стейтман” тарафдорларига умуман алоқаси йўқ эди. Уларнинг Буюк Британияни Сталин Россиясининг миниатюрасига айлантириш нияти бўлмаган. Аммо гапирдилар – балки ҳаддан ортиқ гапирдилар: кучайиб бораётган давлат назоратининг хавф-хатарлари, ўсиб бораётган бюрократия, тенглик доктринасига умуман мос келмайдиган шахсият қадрсизланиши ҳақида. Жиддий айтадиган бўлсак, социалистик ҳукумат ўзининг мутлақ давлат мулки ҳақидаги мафкурасини, агар муддати чегараланмаган мандатга эга бўлса, амалга ошира олади. Социализм ғоясининг ўзи унчалик демократик эмас. Агар, демократия деганда бир-бирига қарама-қарши партиялар, эркин сайлов ҳуқуқи ва даврий сайловларни тушунсак. Парламент борган сари партияларнинг қонун лойиҳаларини шарҳловчи ва шахсий ҳуқуқ сингари масалаларни эътиборсиз қолдирувчи жойга айланди. Аслида, уларни ҳимоя қилиш парламент аъзоларининг асосий вазифаси бўлиши лозим. Оруэлл инглиз социализми ўзида намоён этаётган қуйидаги хусусиятлар билан муроса қила олмади: минимал миқдордаги давлат мулки, жуда ҳам қимматга тушадиган ижтимоий таъминлаш тизими, ҳаётни қийинлаштираётган “тенглаштирувчи” қонунлар мажмуаси, ниҳоят, коллектив интилишларга қарама-қарши дея баҳоланиб, индивидуалликнинг муқаррар чекланиши. Бироқ, ҳатто ўша, социализмнинг илк фараҳбахш кунларида ҳам ингсоц концепцияси дунёга келмаган бўларди – ҳар ҳолда, қайсидир университет маърузачисининг квартирасида туғилиши мумкин эди.
Сиз буни тоза ономастик 42 ғайритабиийлик бўлган деб ўйлайсизми?
Ҳа, бу ҳурматга сазовор номни беҳаёларча ўзлаштириш ва уни расво қилиш. Гитлердан сўнг бирор кимса национализмни сесканмасдан эслай оладими? 1948 йилги инглиз социализми ва 1984 йилдаги ингсоц орасидаги боғлиқлик фақат номигагина.
42
Ономастика – тилшуносликнинг атоқли отларни ўрганадиган бўлими.