Танланган асарлар. Носир Фозилов
этиб туришди. Эшикдан уч-тўртта киши кириб, тўрга чиқа бошлади. Менинг икки кўзим уларда. Уларнинг орасида чол кўринмасди. Ҳайрон бўлиб Асетдан сўрадим:
– Қалли ота қани?
– Шошма, келиб қолар.
Сочларига оқ оралаб қолган, гавдали бир қора киши ўрнидан турди. Асет мен томонга энгашиб аста шивирлади:
– Илмий мудиримиз.
Илмий мудир томоғини қириб гап бошлади:
– Болалар! Бугун сизлар машҳур балиқчи, Қаҳрамон Қалли ота Шомуродов билан учрашишингиз керак эди. Афсуски, Қалли ота сизларнинг бу йиғинингизга келолмади.
Бирдан залда шивир-шивир бошланди. Орқадан бир-иккита бола савол ҳам берди:
– Нега?
– Нима учун келмапти?
– Сабр, сабр қилинглар, – илмий мудир қўлини кўтарди. – Болалар, кеча кечаси Қалли отанинг бригадасидаги балиқчилардан бирининг оёғига денгизда ов қилиб юрган маҳалда муз тушиб кетиб, қаттиқ шикастланибди. Қалли ота ўша яраланган балиқчини докторга олиб кетибди. Тушундиларингми?
– Тушундик.
– Тушунган бўлсаларинг гап шу. Энди, мана бу етакчи акаларинг сизлар билан навбатдаги бошқа машғулотни ўтказиб туради. Қалли ота билан кейинроқ учрашасизлар. Хўпми?
– Хўп! – чувиллашди болалар.
Шу гапдан кейин илмий мудир ҳалиги етакчи йигитга энгашиб нималардир деди-да, аста оёғининг учида юриб ташқарига чиқиб кетди. Энди менинг қулоғимга сира ҳам гап кирмас эди. Чунки кечаси билан тайёрлаган гапларим бекор бўлган эди. Энди қачон ўрни келади-ю, Қалли ота билан қачон танишаман? Мана, ҳаш-паш дегунча каникулимнинг уч куни ўтиб кетди. Бу аҳволда ишим пачава бўладиганга ўхшайди. Қалли отанинг номзодини ўзим таклиф қилиб, буёқларга ўзим келган бўлсам-у, Тўрткўлга сўппайиб қуруқ борсам! Нима деган одам бўламан? Айниқса, Самад қув нима дейди? Йўқ, бу ишингиз бўлмайди, Соғиндиқвой!
Бундай бошимни кўтарсам, етакчи гапираётган экан. Қулоғимга ҳеч нарса кирмади. Жаҳлим чиқиб Асетга қарасам, пешонасини ушлаб қиқир-қиқир кулади. Тавба! Мен нима аҳволда-ю, бу кулади.
– Нега куласан? – дедим хафа бўлиб.
– Қўлга тушдик, – деди Асет тиржайиб.
– Нега қўлга тушар эканмиз?
У индамай бояги Сафаргул берган қорхатни менга чўзди. Хатни олиб аста ичимда ўқий бошладим:
«Меҳмонимиз Соғиндиқ,
Синфдошимиз Асетга!
Сизларга жон қоқиндиқ,
Номингиз тушди хатга.
«Хатга тушдинг, ўтга тушдинг»,
Деган халқнинг мақоли.
Топасиз қуён гўштин,
Бўлсин қимматбаҳолик.
Қиласизлар қовурдоқ,
Қирғовулдан шилпилдоқ.
Бўлсин балиқ шўрва ҳам,
Кўп солмайсиз тузини.
Бизлар олти кишимиз
Сўрасангиз сиз бизни.
Отангиз отиб келган
Қирғовулга тегиш йўқ.
Ўзингиз ов қиласиз,
Тегизасиз қуёнга ўқ.
Шарти шудир, бўлмаса
Зиёфатни емаймиз.
Хоҳ ширин, хоҳ бемаза
Ўзингиз тайёрлайсиз.
Ўтин ёриб пешона
Ғурра бўлса ҳам майли.
Хафа