Танланган асарлар. Носир Фозилов

Танланган асарлар - Носир Фозилов


Скачать книгу
Дворжекнинг «қилардиму, бироқ қум йўқ-да», деган фикрини тахминан тушунишди.

      – Песок много, вон туда… – деб Кўктепа томонга ишора қилди Бойғози.

      – Не, – деб бошини чайқади пан Дворжек. – Не такой… Шпетшалний пешок… Кварс…

      Бойғози ўртада порлаб турган чироқнинг шишасини кўрсатди:

      – Это из чево делал?

      – Пробирка…

      – Какой?

      – Штеклянний…

      Бойғози ҳамма гапни раисга тушунтирди: пан Дворжекнинг айтишича, бир хил шишаларни эритиб, ҳар хил шаклдаги буюмларни ясаса бўлар экан. Масалан, лабораториялардаги колбалар, пробиркалар, найчалар ясалган шишалардан. Улар озгина олов яллиғида ҳам эрир, кейин хамирга ўхшаб ийланар, қолипга солиб, мис найчада пуфлаб, истаган шаклга келтирса бўлар экан.

      – Мактабнинг кимё кабинетида синган, ярамай қолган шишалар кўп-ку, – деди Тўрага жон кириб. – Шуларни йиғиб келсак-чи?

      Бойғози Тўранинг гапини пан Дворжекка тушунтирган эди, унинг чиройи очилиб кетди.

      – Добре, жделаю…

      Суҳбат тобора қизиб бораётганини, бу одамларнинг ёмон ниятда келишмаганини ҳис этган кампир, унинг ёнида ўтирган дўмбоққина қиз, ўртада индамай турган аёл ва Франтишекнинг чеҳралари анча очилган, ўзларини боягидан эркинроқ тута бошлаган эдилар. Бойғози ўқтин-ўқтин гап орасида ҳалиги оппоққина қизга ўғринча назар ташлаб қўяр, қиз эса буни сезиб қимтинар, тор ва калта юбкасини тез-тез пастга тортиб, очилиб турган оппоққина бўлиқ болдирларини, сонларини яширишга ҳаракат қилар эди. Қизнинг бу аҳволига Тўранинг ҳам кўзи тушиб қолди-ю, аллақаери жиз этиб кетгандай бўлди. Гўё бир айб иш қилиб қўйгандай, дарров нигоҳини ундан олди. У қизларни ҳеч ҳам бунақа аҳволда кўрмаган эди-да! Қишлоқдаги қизлар бунақа ўтиришмайди. Шу сабаб бўлдими, нега эканини ўзи ҳам билмайди, унинг кўз олдидан Камоланинг сув бўйидаги бугунги қиёфаси лип этиб ўтди…

      – Завтра, он принесёт, – деди Бойғози пан Дворжекка.

      – Добре…

      – Прантишкани гаплаш энди, – деди раис муддаога келиб. – Тўрага эш бўлармикан?

      Бойғози тағин турли-туман ҳаракатлар билан раиснинг гапини пан Дворжекка тушунтира бошлади. Пан Дворжек бу гапга тушундими ё тушунишни истамадими, ҳаяжон ва шубҳа тўла кўзлари билан оила аъзоларига бир-бир қараб чиқди. Улардан садо бўлмади. Кейин у Бойғозига қараб елкасини қисди. Индамади.

      – Майли, рози бўлмаса қистама, – деди раис.

      Пан Дворжек уларнинг гапини, ниятларини яхши тушунмади чоғи, бир раиснинг, бир Бойғозининг оғзига тикилар эди.

      – Ладно. Хайр, – деди Бойғози.

      Раис бошини эгиб, унга миннатдорчилик билдирган бўлди.

      Улар чиқиб кетишди. Пан Дворжек ҳайрон бўлганича қолаверди.

      Ташқарига чиқиб, бироз юришгач, раис Бойғозига ўшқирди:

      – Қизиталоқнинг боласи, аҳволи мушкул демайсан.

      Бойғози шошиб қолди. Гапни бошқа томонга буришга ҳаракат қилди:

      – Ўй-бой, оқсоқол-ов, қизини эмас, мен анав буришта турған тағарасин унатиб қолдим. Қурттова қуювға дурис


Скачать книгу