Танланган асарлар. Носир Фозилов
ҳам хижолатда, айни чоқда шу туйғудан уларнинг ўзлари ҳам миннатдор, шуниси маъқулдек эди. Тўра қоронғида юрак ютиб унинг қаёқдан келаётганини, нима учун ишга чиқмаётганини суриштирмоқчи бўлар эди-ю, журъат этолмас, уни хафа қилиб қўйишдан чўчир эди. Бир маҳал у Камола оғиз очиб бир нима демаса ҳам, ҳеч нарса сўрамаса ҳам:
– Пан Дворжекникидан келаётувдим… – деди астагина.
Камола индамади. «Пан Дворжекникида нима қилади у?»
Тўра юрак ютиб сўради:
– Нега ишга чиқмаяпсан, Камол?
Камола қалбида рўй берган ўзгаришларни, подага чиқишни онаси ман этганини айтиб ўтирмади. Жўнгина қилиб жавоб берди:
– Раҳбар опа мактабда ишлайсан, деди.
Тўра энди Камоланинг подага чиқмаслигига кўзи етди. Қаеридир ачишиб кетди.
– Мактабда нима иш қилар экансанлар?
– Етакчилик…
Иккаласи ҳам индамай қолди. Бир маҳал Тўра қўлида шиша борлигини сезиб қолиб, бояги пан Дворжекка берган ваъдаси эсига келди.
– Камол…
– Ҳим?
– Бир нарса илтимос қилсам майлими?
Бу саволдан Камола ҳаяжонга тушди, баданидан чумоли ўрмалагандай бўлиб, ёнига чўчиб қаради.
– Нимайди?
– Ану, мактабга борсанг… – деди Тўра тутилиб, – ану, кимё кабинетидаги синиқ шишалар, найчалар, ишга яроқсиз колбалар бор-ку, ўшани олиб келсанг. Менинг ҳечам қўлим тегмаяпти: эрталаб кетаман, кеч қайтаман. Ўзинг биласан-ку…
– Кимга керак у? Сизгами?
Тўранинг юраги қинидан чиқиб кетай деди: «Сиз» дедими? Нима учун у мени «сиз» дейди? «Сизгами?» Бу сўз аввалига унинг қулоғи тагига тортиб юборгандай таъсир этди-ю, бора-бора ичига қандайдир илиқлик бахш этгандай бўлди. Анча жимликдан сўнг тили калимага келди:
– Йўқ, менга эмас, пан Дворжекка. Ўша шиша синиқларидан лампа шиша қиларкан.
– Майли, опа хўп деса…
Шу билан гап тугаб қолгандай бўлди. Бироз жим боргач, Камола астагина «хайр» деди-ю, қадамини жадаллаштирди. Тўра шошиб қолди. У кетяпти! Нима десин? Тағин бирпас тургин, десинми?
– Камол… – деди у қўрқа-писа.
– Ҳм? – Камола орқасига қайрилди.
– Дадангдан хат келди.
– Вой, қани?
– Ойим уйларингга олиб чиқиб кетдилар.
– Вуй, раҳмат, Тўра ака! – Камола шундай деди-да, чопқиллаганича уйларига қараб кетди.
Боя унинг «сиз»лагани Тўранинг қулоғига эриш туюлиб бора-бора қалбига бир илиқлик бахш этган эди. «Тўра ака» дегани эса қалбига ёғдай ёқди. У, худди маст одамдай гандираклаб, уйларига қандай кириб келганини ҳам, қандай қилиб ўринга ётганини ҳам билмади.
У сармаст эди…
Ўнинчи боб
Дунёнинг ишлари хўп қизиқ-да: қувонч билан қайғу, меҳнат билан ташвиш ҳамиша ёнма-ён юради. Тўра эрталаб подани олиб чиқиб кетаётганида ҳам, яйловда сигирлар кетида юрганида ҳам, офтоб тиккага келганда сигирлар сўнадан думини хода қилиб, сувот томонга қочганларида ҳам ва ниҳоят, пешин пайтида Қарқаралига қайтиб келаётганида ҳам кўнгли равшан, руҳи баланд эди. Унинг кўзига ҳамма нарса чиройли, сирлидек