Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
баданлари тердан йилтирарди. У Саидани қучоқлаб олиб, бағрига босади. Бундоқ қараса, устида солдатча кийими: Исмоил ҳозиргина аскардан келиб турган экан. Саида ўзида йўқ қувониб кетади. Бу манзара унга гўё ўнгидагидек бўлиб кўринади. Исмоил соғиниб, юрак-бағри ўртангандек, илиқ лаблари билан Саиданинг юзларидан қайта-қайта ўпиб олиб, липиллаб ёниб турган пиликни “уф” деб бир пуфлашдаёқ ўчиради… Саида жони ором олаётгандек баданлари жимирлаб: “Соғиндим сизни, беҳад соғиндим!” – деб унинг қулоғига шивирлайди… Кутилмаганда шувиллаб қуюн кўтарилади-да, Исмоил кўздан ғойиб бўлади. Саида унинг орқасидан қичқирганича югурарди. Бир маҳал қараса, ҳамма ёқ қор, ўзи эса ғорда ўтирган эмиш, Исмоил товуқ гўштини узиб-юлқиб суяклари билан бирга чайнаб, Саидадан қизғангандек, ўқрайиб-ўқрайиб қарайди. Саида Исмоилга яқинроқ келиб, гапиришга оғиз жуфтлайди-ю, яна гапира олмай, кўнглидан ўтказади. “Мунча очкўзлик қилмасанг. Борига қаноат қилсангчи, тошни ютиб юборай дейсан-а, Исмоил!” Шу маҳал атрофдан қандайдир қичқирган овозлар эшитилиб, бир гала аскарлар ичидан милтиғини ўқталиб, қийқириб келаётган Бойдали ўзини тиканли сим тўсиқлари устига ташлайди. Ер-кўк ларзага келиб, ҳавони чанг-тўзон қоплаб олади. Ҳалиги аскарлар эса Бойдалининг жасадини қўлда кўтаришиб, олға томон югуришади. Саида қўрқув аралаш ғорнинг оғзини беркитмоқчи бўлгандек, дик этиб ирғиб туриб кетади…
Эртаси эрта билан Саиданикига почтальон Қурмон оға чопиб келди, у айни вақтда қишлоқ Советининг хизматини ҳам адо этарди. Унинг этаклари икки ёққа тарвақайлаб кетган, қиёфасидан қандайдир ташвиш аломатларини фаҳмлаб олиш мумкин эди. Қурмон оға от устидан энгашиб, эшикни қамчи дастаси билан ура бошлади!..
– Саида, райондан ИНКУУнинг одамлари келиб, тезда сенинг идорага етиб боришингни сўрашяпти. Қани, тезроқ бўла қол!..
Саида эшикка югуриб чиқар экан, уларнинг нега чақираётганларини сўрамади ҳам. У, Қурмонни кўриши биланоқ юраги така-пука бўлиб, масалага дарҳол тушунган эди. Саида гарчи ўнгида фарёд кўтариб йиғламаётган бўлса ҳам, кўнглида “Айланай Исмоил, энди нима қиламиз?” деб фиғон чекаётган эди. Нариги ёқдан севиниб чопиб келган Ҳасантой, Қурмон оға хат келтирди, деб ўйладими:
– Исмоилдан хат келди. Саида янга! Суюнчи! – деб қичқирди-ю, ранги бўздек оқариб кетган Саидани кўриши биланоқ овози бўғзида қолди ва елкасини қисиб, бирон айб қилиб қўйган кишидек, четга бориб хомуш бўлиб туриб қолди.
– Э, шўрлик болам-а! – деди Қурмон оға. Унинг бу сўзи болагами ёки Саидага қарата айтилдими, ким билади дейсиз. Қурмон оға отига қамчи босиб чоптириб кетди.
Саида қишлоқ Советининг идорасига қандай етиб келганини сезмай қолди. Қўрқувдан баданлари музлаб, қалтираган қўллари билан аранг эшикни очиб кирган эди. Қурмон оға айтгандек, стол ёнида тўппонча таққан, шинелли киши ўтирганини кўрди. Саида ўтирган кишининг юзига қарашга ботина олмай, ундан кўзини олиб, бошини хам қилганча яқинлашиб бораверди. “Исмоилдан энди айрилар эканман!” деган биргина хаёл уни банд