Чернобиль таваллоси. Светлана Алексиевич

Чернобиль таваллоси - Светлана Алексиевич


Скачать книгу
ногиронлик нафақасида… Чиройли, бақувват қиз эди. Оила қурмади… Ўшанда мен у хонадан бу хонага, эримнинг олдидан Люданинг олдига чопардим. У энди одатдаги хонада эмас, шаффоф парда ортидаги махсус барокамера ичида эди, у ерга киришга рухсат беришмасди. Камерада махсус ускуналар бўлиб, ичкарига кирмасдан томирга дори юбориш, махсус найча қўйиш мумкин эди… Ҳаммаси ёпишқоқ тасмалар, қулфчалар билан ёпилганди, мен улардан фойдаланишни ўрганиб олдим… Қулфчани қандай суришни… Ва унинг ёнига боришни… Ўриндиғи ёнида кичкина курсича турарди… Унинг аҳволи шу қадар оғирлашдики, бир дақиқа ҳам олдидан кетолмай қолдим. Доим мени чақирарди: “Люся, қайдасан? Люсяжон!” Чақирар ва яна чорларди… Йигитларимиз ётган бошқа барокамераларга аскар болалар қарашар, чунки санитарлар бу ерда ишлашни рад этган, махсус ҳимоя кийимларини талаб қилишганди. Аскарлар тувакларни олиб чиқишарди. Хонани артишар, чойшабларни алмаштиришарди… Ҳамма хизматни қилишарди. Бу ерга аскарлар қаердан келган? Сўрамагандим… Фақат у… У… Ҳар куни эшитганим шу: ўлди, ўлди… Тишура ўлибди. Титенокнинг жони узилди. Вафот этди… Худди бошингга болға билан ургандай…

      Унинг ичи кунига йигирма беш-ўттиз марта келди. Қон ва йиринг аралаш. Қўл ва оёқларининг териси ёрила бошлади… Бутун баданини пўрсилдоқ қоплади. У бошини у ён-бу ёнга бурганида, ёстиқда сочлари тўкилиб қоларди… Ва буларнинг ҳаммаси юрагингга яқин, қадрдон… Ҳазиллашишга уринардим: “Шуниси қулай. Тароқ олиб юриш шарт эмас”. Кейин ҳаммаларининг сочини қиртишлашди. Унинг сочини ўзим олдим. Унинг ҳамма юмушини ўзим бажаргим келарди. Агар жисмонан қурбим етса, йигирма тўрт соат унинг олдидан нари кетмасдим. Менга ҳар бир сония қадрли эди… Бир дақиқа ҳам ғанимат… (Юзини кафтлари билан ёпади ва жим қолади.)

      Акам кўргани келди ва қўрқиб кетганидан: “Сени бу ерда қолдирмайман!” деди. Отам эса акамни шаштидан қайтарди: “Буни қолдирмай бўладими? Эшикни ёпсанг, деразадан киради! Ўт ўчириш нарвонидан чиқиб боради!”

      Бироз ташқарига чиқдим… Қайтиб кирсам, столида апельсин турибди… Каттагина, сариқ эмас, гулобранг. Кулади: “Мени меҳмон қилишди. Сен ўзингга ол”. Парда ортида турган ҳамшира эса бу мевани ейишинг мумкин эмас, дея ишора қилади. Унинг ёнида бироз вақт турган ниманидир ейиш тугул, тегиниш ҳам даҳшатли. “Қани, олиб егин, – ўтинади у. – Ахир, апельсинни яхши кўрасан-ку!” Апельсинни қўлга оламан. Шу пайт у кўзларини юмади ва ухлаб қолади. Унга доим ухлатадиган дори юборишарди. Гиёҳванд моддалар. Ҳамшира важоҳат билан менга қарайди… Мен-чи? Эрим ўлим ҳақида ўйламаслиги учун ҳамма нарсага тайёрман… Касали оғир экани ва ундан қўрқишимни ўйламасин…

      Хотирамда… Қандайдир суҳбатнинг узуқ-юлуқ парчалари… Кимдир насиҳат қилади: “Унутмаслигингиз керак: қаршингизда турган эрингиз ёки сев гилингиз эмас, у энди зарарланиш зичлиги юқори даражада бўлган радиоактив объект. Ахир ўз жонига қасд қилувчи қотил эмассиз-ку! Ўзингизни қўлга олинг”. Мен эса худди ақлдан озгандай: “Мен уни севаман! Уни севаман!” дейман.

      У ухлаб ётарди, “Сени яхши кўраман!” дея шивирлардим. Касалхона ҳовлисидан ўтиб борардим:


Скачать книгу