Чернобиль таваллоси. Светлана Алексиевич
қўлларимга терисининг парчалари ёпишиб қоларди. Ўтинардим: “Жонгинам! Менга ёрдам бер! Иложи борича қўлингга, тирсагингга таяниб тургин, чойшабингни текислаб қўяй, чокларини, бурмаларини пастга тушириб юборай”. Ҳар қандай чок, бўртган жой унинг баданини яралайди. Тирноқларимни унга озор бермасин, юлмасин деб, остигача олиб ташлайман. Бирорта ҳамшира касалга яқин келмас, тегинишга юраги дов бермасди, нимадир керак бўлса, мени чақиришарди. Ва улар… Уни суратга олишибди… Илм учун керак эмиш. Агар ўша ерда бўлсам, уларни ҳайдаб солардим! Бақирардим, урардим! Қандай журъат этишади! Агар уларни ҳайдаб юбора олганимда, киритмаганимда эди… Агар…
Хонадан ташқарига, йўлакка чиқаман… Деворга, диванга қараб юраман, кўзларим ҳеч нарсани кўрмайди. Навбатчи ҳамширани тўхтатаман:
– У ўляпти.
У менга жавоб беради:
– Нимани хоҳлагандинг? У бир минг олти юз рентген олган, инсоннинг ўлиши учун тўрт юз рентген кифоя.
У ҳам ачинади, фақат бошқачароқ, бегоналарча. Бу туйғу буткул ўзимники. Ҳаммаси севимли…
Уларнинг бари вафот этгач, касалхонани таъмирлашди… Деворларни қириб тозалашди, паркетни қўпориб, олиб кетишди… Дурадгорлик устахонасига.
Кейин – охири… Узуқ-юлуқ эслайман… ҳаммаси сузиб кетади, йўқолади…
Тун бўйи унинг ёнидаги курсичада ўтирдим… Соат саккизда: “Васенька, мен борай. Озгина дам оламан”, – дедим. Кўзини бир очиб юмди – рухсат берди. Меҳмонхонага, ўз хонамга етишим билан ерга чўзилдим, ўринжойда ёта олмасдим, ҳамма ерим оғрирди. Бирдан санитар қиз чақирди: “Тур! Унинг олдига чоп! Тинмай чақиряпти!”
Ўша тонгда Таня Кибенок мени чақирган, “Юр, бирга қабристонга борайлик. Сенсиз бора олмайман”, деб илтижо қилганди. Шу куни саҳар Витя Кибенок ва Володя Правикни дафн этишганди. Эрим Витя билан дўст эди, оилавий дўст тутингандик. Портлашдан олдинги куни бизникида, ётоқхонада бирга суратга тушгандик. Эрларимиз бу суратда шунчалар ўктамки! Қувноқ! Ўша ҳаётимизнинг охирги куни… Чернобилгача ҳаёт… Шунчалар бахтиёр эдик!
Қабристондан қайтдим, тезда ҳамширага қўнғироқ қилдим:
– Унинг аҳволи қандай?
– Ўн беш дақиқа олдин ўлди.
Қандай қилиб?! Тун бўйи олдида эдим. Уч соатгагина нари кетдим! Дераза олдида турганча бақира бошладим: “Нима учун? Нега?!..” Осмонга қараб додлардим… Бутун меҳмонхона эшитди… Менга яқинлашишга қўрқишарди… Ҳушимни йиғдим: сўнгги марта кўриб қолишим керак! Кўраман! Зинадан ағанаб тушдим… У барокамерада ётарди, олиб кетишмабди ҳали. Унинг охирги сўзлари “Люся! Люсягинам!” бўлган. “Ҳозиргина кетди. Тезда келади”, – тинчлантирибди ҳамшира. У хўрсиниб, жим бўлиб қолган.
Энди мен ундан нари кетмасдим… Тобутигача бордим… Гарчи тобутни эслай олмасам-да, катта полиэтилен қоп эсимда… Бу қоп… Ўликхонада менга “Хоҳласангиз, уни қандай кийинтиришимизни кўрсатамиз”, деб айтишди. Хоҳлайман! Тантанали кийимини кийдиришди, кўкрагининг устига фуражкасини қўйишди. Пойабзал кийдиролмадилар, чунки оёғи шишиб кетганди. Бомбадай шишиб