Қазои Қадар. Аббос Саид
ҳам бир ўзи эмас, бошқалар билан келгани учун аёлнинг олдида хижолатланди. Бу ҳол, айниқса, аёл тез-тез автомаркабдагиларга кўз югуртириб қўяётганида наинки унинг вужудида, балки ташқи авзойида ҳам акс этиб турардиким, буни Йўлтурдининг хотини ҳам яққол сезиб, ундан норозиланиб бурнини жийирганидан ҳам ҳис этди.
‒ Озроқ кутиб тураркансизлар. Ўша нарасани опкелгани кетдилар. Бировга бериб қўйган эканлар, ‒деди аёл, унга Сафохоннинг ўзи ва қўйган соқоли, ҳатто хижолатланиб мўлтираб туриши ҳам ёқмади. “Ҳе, аммамнинг бузоғидек лалаймай ўл! Сенга ким айтибди бу одамга пулингни бер деб? Ҳали бир эмас, бир неча марта овораи сарсон бўласанлар, мана мени айтди дерсан!”, деб ичидан уни мазах қилди.
‒ Менга ундай демовдилар-ку! Келаверинг, тайёрлаб қўяман девдилар!.. ‒ ўнғайсизланди Сафохон, ҳафсаласизлик ила автомаркабдаги шерикларига назар солди.
Аёлга Сафохоннинг автомаркабга қараб қўйиши ёқмади, аммо у ерда қариянинг ўтирганини кўриб хийла чўчиди. Шунда ҳам парво қилмагандай оҳангда деди:
‒ Тайёрлаб қўйдим демаптилар-ку, тайёрлаб қўяман дептилар, демак опкеб бераман деганлари-да! Ҳали-замон келиб қолишлари керак!
“Москвич”да ўтирган Абдурасул ота уларнинг суҳбатлари чўзилиб кетганидан “тағин нима гап бўлди?” дегандай йўсинда Тошмуродга қараб олиб, “ўзим тушмасам бўлмайди шекилли?” қабилида тутқичдан ушлаб эшикни очганди ҳамки, Сафохон турган еридан қўл ишорасида :” Ҳозир тушмай туринг, ҳали келмабди”, деган бўлди.
Йўлтурдининг аёли пул эгаси ўзи тенгилар билан эмас, анчайин кекса бир қарияни бошлаб келганидан анча чўчиб турганди, бу қариянинг шахтини кўриб эса энди вужудини росмана қўрқув эгаллади. Ана шу қўрқув сабаб ҳам энди баланддан келиб эмас, анча паст тушиб, хижолатлангандай овозда қўшимча қилди:
‒ Озроқ кутинглар, келиб қолишлари керак!
‒ Бошқа иложимиз йўқ, кутамиз, ‒ деди Сафохон.
Аёл ана автомаркабнинг олдинги ўриндиғида ўтирганларга, айниқса, ҳайдовчи йигитнинг ёнидаги ҳадеганда қўлларини юқорига кўтариб-тушириб бир нарсаларни уқтираётган мўйсафиднинг хатти-ҳаракатларига олазарак бўлиб қараб қўяркан, Сафохонни уйига таклиф қилиб:
‒ Шерикларингиз билан бирга ичкарига кириб туринглар, ҳозир кеп қоладилар. Бир пиёладан чой ичиб туринглар, ‒деди.
Сафохон унамади. Бегона аёлникига эри йўқ пайтда кириш мусулмончиликнинг ҳеч бир қонун-қоидасига тўғри келмаслигини, устига-устак, ўзбекларда бу хатти-ҳаракат уятли саналишини билгани важидан:
‒ Йўқ, бизлар машинада кута қоламиз, ‒ дея орқасига қайтди.
Аёл эшикдан ичкарига кириб кетар экан:
‒ Менам ҳозир у кишига телефон қилиб қўяман , ‒ деди.
Сафохон автомаркабнинг ўзи томондаги эшигини очиб қўйиб унинг қандай гап топиб келишини бароқ қошларини чимирганча кутиб ўтирган Абдурасул отага яқинлашиб, унинг ҳайбатидан чўчиб ғайришуурий тарзда ёлғон аралаштириб сўзлаб юборди:
‒ Менга эрталаб уйдан олиб бериб юбораман девди. Энди эса пулни