Қазои Қадар. Аббос Саид
қисқартириб “Тошим” деб қўяр, бунга нонвойнинг ўзи ҳам кўникиб улгурган, қарияга бир оғиз сўз демасди. Ана ўша таомил устун келиб, унга юзланаркан:
‒ Тўғри айтасан, Тошим, масжиднинг ишига ёрдам бериш, ҳужжатларни тўғирлаш учун шунча пул олгани Худодан қўрқмадимикин? ‒ дея таажжубланди, Келеснинг кўпригига етганларида эски йўлларни, бу йўлларда ўтган ёшлик йилларини, Наби Тароқ иккови бўзчининг мокисидай эшакаравада Кўктеракка, темирйўл станцияси рўпарасидаги Сирож маҳсумнинг чойхонасига қатнайверганларини хотирларкан: “Эгам комиссияни чақалоқлигида ўша ердан топиб келгандик. Набининг бобоси битта-яримта хончорбоғлик уни асраб олар деб қўлимизга тутқизиб юборганди ‒ алламбало, дарвеш пиғилли эди-да бу Сирож маҳсум дегани”, деб ўша қарияга боғлиқ бўлган бошқа бир-икки воқеани эслаб мийиғида кулди, ортидан эса умрнинг оқар сувдай ўтиб кетганидан хўрсинди, яна дарров бугунги кунига қайтиб, ўзининг қаерда кетаётганини идрок этиб, ён-атрофига қаради, сал ўтгач, автомаркабни шаҳар ичкарисига бурган Тошмуродга яна нигоҳини қадади: ‒Худодан қўрқмадимикин дейман-ку, аммо-лекин ҳозирги даврда кўплаб одамларимиз пул деса Худониям унутиб юборадиган даражага келиб қолганлариям рост-да!.. ‒ у шулар ҳақида сўз юритаркан, яна орқа ўриндиқдаги Сафохонга ўгирилиб: ‒ Нима дедингиз, Сафохон? ‒ деб сўраб қўйди.
Сафохон қариянинг сўзларини тасдиқлаб бош тебратиб:
‒ Худоси пул бўлиб қолди демоқчисиз-да! ‒ деди.
‒ Ҳа-да, йўқ ёлғонми Тошим? ‒ яна нонвойга тегишли гап бордай унга эътиборини қаратди Абдурасул ота. Айни пайтда Сафохон унинг сўзларини тасдиқлаганидан хурсанд бўлиб: ‒ Мана сен билан кўпинча масжидга керак бўлган нарсаларни қидириб бозорга тушамиз-а? Тушганимизда ниманинг гувоҳи бўламиз? Тушганимизда, Сафохон, кимга қарамайлик пул санаётганининг гувоҳи бўламиз, а Тошим? Ҳоҳ сотувчи бўлсин, ҳоҳ олувчи ‒ хаёли ўзида эмас ‒ хаёли муллажирингда ‒ бири қимматроққа сотсам дейди, иккинчиси эса арзонроққа олиб беш-ўн тангани ютиб қолсам дейди! Ана, аҳволи тирикчилик укалар! Буни тирикчилик эмас, тирриқчилик дейдилар, тирриқчилик!
Унинг чапанинамо сўзлари, ана шу сўзларни айтиш жараёнида ёшига номувофиқ равишда ўриндиқда сапчиёзиши, яна топиб гапирганидан завқланиб кетиб ўзини қўярга жой тополмаганини кузатиб, қариянинг шижоати Сафохонни қойил қолдириб, бу ҳолатини самимий жилмайиш орқали сездирди. Тошмурод эса хахолаб кулиб юбораркан, тепасидаги кўзгуча орқали ҳозирда бозорга аралашиб юрган Сафохонга назар соларкан, гап нишаби қай томонга оғаётганига ишора қилиб:
‒ Абдурасул ота ёмо-оон оладилар-да, а? Гапининг кифтини келтирадилар! Бунақа гапларни қаёқдан топасиз? ‒ деб ёнида ўтириб келаётган қарияга қойил қолганини сўзларида, сўзлаш оҳангида ва юзида акс этиб турганини ҳам ижобий, ҳам салбий маънодаги табассумида сездирди.
Унга сари Абдурасул ота ҳам юқорида келтиргани ҳаётий мисолларидан, ана шу ҳаётий мисолларни ўзига хос чапараста баён қилолганидан ҳали