Қазои Қадар. Аббос Саид
тортиб иккинчи қаватдаги уйига чиқиб кетди.
Анвар Шокир отасининг ортидан етти зина кўтарилиб туриб: “Қачондир бу бадбахтларга чора кўриш керак-ку, ахир?! Йўқса, “мендан қўрқар экан!” деб манавинақа аҳмоқгарчиликларини такрорлайверадилар! Ҳа, ҳа, буларни участкавойга ёзиб бериб таъзирларини бермаса бўлмайди! Ана шунда сендан қўрқадиган, ана шунда сен билан ҳисоблашадиган бўладилар!”, деб хулоса чиқараркан, турган ерида аввал зина панжрасига суяниб юқорига қараб олди, ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжитлигидан қаноатланиб биринчи қават йўлакчасининг ўнг томонидаги илк кўчиб келган даврида ўрнаттиргани ‒ сарғимтир-ёнғоқ рангдаги локлари анча эскириб, бир-икки ери шилинган эман ёғоч эшикнинг тутқичидан тортди…
3
Абдурасул ота нонвой Тошмурод бошқариб кетаётган “Москвич ‒ 412” русумли эски автомаркабнинг олди ўриндиғида ўтириб бораркан, орқадаги шеригига нечанчи маротаба бир жумлани такрорлаб:
‒ Бунақа одамларга умуман ишониш керак эмас! ‒ дея фиғони фалакка ўрлади, яна орқа ўриндиқда унинг куйиниб сўзлашига диққат-эътиборини қаратиб келаётган, аммо бирорта сўз қўшмаётган, қўшишга журъат қилолмаётган, кўринишдан анча хотиржам эса-да, ичдан ўзи қилиб қўйган ишидан минг бор пушаймон бўлиб, изтироб чекишда давом этаётган Сафохонга қараб олди, сўнг эса олдига ўгирилиб унинг куйди-пишдилигидан завқланиб кетаётган нонвойга юзланди: ‒ Тўғрими, Тошмурод? Ҳужжатларни қилиб бераман деб бу кишидан уч минг долларни қуртдай қилиб санаб олса-да, қорасини кўрсатмай қочиб юрса?! Вой афирис-эээ! Ҳе-ее, сендақа валламатдан ўргилдим! ‒ у яна бир бор орқа ўриндиқдаги Сафохонга “шунақаям содда бўладими одам деган?” қабилида норозиланиб, ранжигандай қараб олгач, тағин назарини рулни бошқариб кетаётган нонвойга буриб, чурқ этмай бошини чайқатиб қўйди.
Сафохон қирқ билан қирқ бешлар миёнисидаги узун бўйли, буғдойи ранг чўзинчоқ юзли, ана шу истарали чўзинчоқ юзига ярашиқли томоғига қадар тушган мош-гуруч соқол ҳам қўйиб олган юмшоқтабиат одам эмасми, у Абдурасул отанинг сўнгги сўзларидан ва унга назар солиб болаларча норозиланишидан, ранжишидан кулиб қўяркан, бошидаги кўк баҳмал дўпписини қўлига олиб ичидаги сидирға оқ дастрўмолчасида обдан терлаган ялтироқ кал ерларини артди, яна уни дўпписи ичига батартиб жойлаб бошига кийди, қариянинг астойдил ташвиш чекаверишидан хижолатланиб, бу ҳам етмагандай, ўзининг ўта ношудлигига яна бир карра иқрор бўлгандай бош тебратиб қўяркан:
‒ Мен уни туппа-тузук, яхши одам деб ўйлабман, Абдурасул ота-аа, ‒ деди, қариянинг исмини айтаётганида у кишини яхши кўрганидан, ҳамиша ҳурматини жойига қўйиб юрганидан “ота” сўзидаги “а” ҳарфини чўзиброқ, унга эркаланиброқ талаффуз қилдиким, бу эркаланиб сўзлаши Абдурасул отага ёққан бўлишини ҳам таҳмин қилиб ичдан мамнунлик туйди, шу руҳда сўзлашда давом этди: ‒ Илгарилари физика институтида ишлаб юрганимда танишгандим. Ҳақиқатда ўша пайтларда вазирликда ишларди ‒ институтнинг баъзи бир топшириқлари