Қазои Қадар. Аббос Саид
қайнисинглисидан бошқа нимани ҳам сўрасин?! Бошқа нарсани сўрагудай бўлса у ойимча поччаси сўраган ўша нарсага ҳам гап топиб бериб уни мазах қилишдан тўхтамас, тек турмас; хотини Фаросат эса бобиллаб беришини ёинки “ўзи сотиб олгани “хаппий-ҳалол” уйи”дан Тиркаш тирсак деганларини қувиб-солиши ҳам ҳеч гап эмасди! Шунинг учун унинг дами ичида, оилада вазифаси, роли арзимас эди, фақат хотини ва бола-чақаси учун пул топиб келса бўлгани, ортиқ нарсани даъво қилиш қўлидан келмас, келган тақдирда ҳам уни уддалай олмас, у Фаросатга ана шунинг учун керак эди холос, унинг роли шу билан тугарди. У бошқа нарсаларга ‒ фарзандлар таълим-тарбияси, юриш-туриши, ўзини тутиши, одоб-аҳлоқига аралашмаган, аралашомасди ‒ хотини бунга йўл бермасди, хулласи, наинки хотини, балки фарзандлари ўртасида ҳам унинг қадри паст, ота ўрнида кўришмасди уни!..
Қўшнилар жанжали яна ҳам авж олиши мумкинлигини сезган Таманноз айёрлик ишлатиб орани юмшатиш йўлига ўтаркан, опаси Фаросатга норозилангандай бир қиёфада боқиб:
‒ Э-ээ, қўйинглар энди! Си-ииз ҳам қўйинг-да! – деб уни жеркиб берган бўлди, шунинг баробарида ер остидан унга имо-ишора қилишга ҳам улгурди.
Унинг мазкур ишорасида: “Нима қиласан ўзингни сирингни ошкор этиб?” , деган яширинча маъно-мазмун борлигини на опаси, на поччаси ва на жияни Сарсон жипириқ сезмади-ю, бироқ Анвар Шокир пайқади, ана шу пайқагани учун ҳам: “Ёмо-оон илоннинг ёғини ялаган-да, бу Таманноз деганлари! Айниқса, мана шуниси хавфли, мана шуниси бўлмағур, опасиям бунинг олдида ип эшолмайди!”, деган ўй кўнглидан кечаркан, дадаси Абдурасул отанинг бирда огоҳлантириб айтган гапи ёдига тушди: “Бунинг синглиси бўлмағур-да! Буларнинг уйини, нафақат буларнинг, бошқаларнинг ҳам уйини бузиб юборишдан тоймайдигани мана шу Таманноз бўлади, мана шу офатдан эҳтиёт бўлиш керак!”.
Фаросат фиғони фалакка ўрлаёзиб синглисига ёзғираркан:
‒ Гапираётган гапига қара! – деди, сал нарида, йўлдан ўтиб кетатуриб уларга анграётганларга, бир-бирларига нималар деб истеҳзоли назар солаётганларга ҳам аҳамият бермади. Унинг совуқ, сур башараси янада хунуклашган, тулкиникига ўхшаш қисиқроқ бўлган сарғиш-кўкимтир оралиғидаги кўзлари косасидан чиққувдек бир аҳволга келган; қорамтир сепкилли, сузлоғичли, айни дамда буқоғи ҳам борлигидан далолат бериб шишиб турган томоғининг томирлари ўқлоғидек бўртиб кетганди.
Унинг ярим қизил, ярим кесакдайин нурсиз юзидан фариштаси аллақачон қочиб кетганини Анвар Шокир боя илғаган, ана ўша илғаган нарсасига қўшимча тарзда: “Нима илгарилари бўлганмиди? Қаёқдан бўлсин? Унда фаришта уёқда турсин, сал шарм-ҳаё, ор-номус бўлса, ана шунга ўхшаган нарсалардан заррача бўлганида отаси тенги келадиган Маркс Темировичнинг қучоғида турармиди?”, деган ўй-мулоҳазаларга борган, бориши заҳоти ўша даҳрий жамият, ўша шўро мафкурачисини нечанчи бор лаънатлар экан: “Мана улардан қолган “мерос”, мана шундай “ёдгорликларни” ташлаб кетган у “аллома устозлари”!”,