УМР КИТОБИ 3-жилд. ТОИР МАҲМУД
адолат бўлсайди,
Қайдан келди чанг дайди”?
Наздимда тарозибон
Сотилганга ўхшайди.
Ҳусанги хандон отар,
Баргида қуёш ётар.
Ғолиблик болин тотар,
Худойим омад берса
Чангнинг сояси етар.
ИБРАТ
Бу савол ўзимга, кейин сизгадир,
Кўнглин кўрсатмаган ойдин юзгадир,
Ортимиздан келар ўғил-қизгадир,
Ибрат олганмисиз хатоингиздан?
Кимнингдир дилига тошдек ботганлар,
Киприкда тош қотган ёшда ботганлар,
Гоҳ билиб-билмайин тошлар отганлар,
Ибрат олганмисиз хатоингиздан?
Ошин ошаб, ёшин яшаб қўйганлар,
Йўлига савобин тўшаб қўйганлар,
Гўё фариштага ўхшаб қўйганлар,
Ибрат олганмисиз хатоингиздан?
Беайб Парвардигор, бизлар бандамиз,
Аламда – ғамзада, шодмиз – хандамиз,
Нафсимиз чорласа, кунда шундамиз,
Ибрат олганмисиз хатоингиздан?
Сўраган бир юзи қаро бўлармиш,
Бермаган бор юздан жудо бўлармиш,
Одам сўраб-сўраб адо бўлармиш,
Ибрат олганмисиз хатоингиздан?
Қуш ҳам насибасин ўзи излайди,
Олчоқ олазарак – қўзи излайди,
Яхшининг ортидан изи излайди,
Ибрат олганмисиз хатоингиздан?
Сатримга садодир сиздаги ибрат,
Шеърни шоён қилар сўздаги ибрат,
Насиҳат қилмадим, сўрадим фақат,
Ибрат олганмисиз хатоингиздан?
БАҲОР НЕЪМАТИ
Шохларни тарс ёриб, кўз очди куртак,
Нозли нозаниндек юз очди куртак.
Қушлар қанотига қувончлар сочиб,
Ҳаётга олқишдан сўз очди куртак.
Баҳорнинг келгани боғларнинг бахти,
Қорлардан қақшаган тоғларнинг бахти.
Ям-яшил майсалар яйратсин сизни,
Дилингизга кўчсин майсанинг аҳди.
Кўклаган кўкламнинг кўзидир гуллар,
Бу олам кўркининг изидир гуллар.
Сизга насиб этсин булбуллик бахти,
Она табиатнинг қизидир гуллар.
Қишнинг қабоғидан олдим кўнглимни,
Кўклам ифорига солдим кўнглимни.
Лолалар баргига дил ёзай десам,
Қалам қучиб олди ногоҳ қўлимни.
Баҳорнинг келгани биз кутган бахтдир,
Хуш насим елгани сиз кутган бахтдир.
Насибаси бутун бандаларига,
Баҳорнинг неъмати – Ҳақ тутган бахтдир.
ҚАДР
Орзу ният билан яшайди инсон,
Эзгу амал билан ва лекин инсон,
Азалдан айтилган шу сўзга инон,
Оиласи оромли – осмондек тахтли.
Инсон қадр топиб яшаса бахтли.
Ақл – одамзоднинг онгидаги нур,
Гўзалдир умрининг тонгидаги нур,
Иззати, ҳурмати ҳузурбаҳш сурур,
Тинчлиги тумори, боболар нақли,
Инсон қадр топиб яшаса бахтли.
Элини эъзозлаб давлат султони,
Бунёд этди Янги Ўзбекистонни!
Бу миллат шонидир, Ватаннинг шони,
Халқнинг ризолиги энг буюк аҳди,
Инсон