УМР КИТОБИ 3-жилд. ТОИР МАҲМУД
Ўзингсан, эй қодир Оллоҳ!
Мадина – муқаддас, мунаввар шаҳар,
Ассалом алайка, ё Расулоллоҳ!
Сизга салом бермоқ нақадар ҳузур,
Умра – умримизнинг йўлидаги нур!
Бунда сойим турмоқ бизга саодат,
Элу юрт, Юртбоши саломи билан.
Дунё тинч бўлсин деб қилдик ибодат,
Яратганнинг ёруғ каломи билан.
Сажда дийдоридан дийдамизда дур,
Умра – умримизнинг йўлидаги нур!
Маккада муродлар ҳосил бўлғуси
Ҳар муслим орзуси – Каъба тавофи.
Шаффоф дуоларга осмон тўлғуси,
Бор оламга татир унинг савоби.
Бизни йўллаган зот, Сизга ташаккур,
Умра – умримизнинг йўлидаги нур!
Минг-минглаб мўминлар тили нидода,
Гоҳ сокин, гоҳ бўзлаб истиғфор айтар.
Ким ҳалол, хушният, дили Худода,
Умид уммонидан покланиб қайтар.
Шукур, шукур сўзи беҳад айтилур,
Умра – умримизнинг йўлидаги нур!
БУ ЙЎЛЛАРДИР
Инсон тонгда кўз очиб, “Бисмиллоҳ…” деб йўл босар,
Яратганга ёлвориб, хуш дуога қўл очар,
Яхши ният одамзод йўлларига нур сочар,
Ҳалол меҳнат қилганда, билсанг, толмагай қўллар,
Муродимиз меваси бу йўллардир, бу йўллар.
Бу равон йўлда юриб, ўтмишингга боқиб кўр,
Қон қақшаган тарихнинг оҳларида оқиб кўр,
Тийрак назар, тафаккур чироғини ёқиб кўр,
Кўзларингга кўрингай чинқириб ётган чўллар,
Не-не кунлар гувоҳи бу йўллардир, бу йўллар.
Бу йўллардан ўтмади не-не азоб карвони,
Тупроқ билан тенг бўлди гоҳи миллатнинг шони,
Шукрким, келди юртга Ҳурриятнинг замони,
Ўз эркидан энтикди, орзиқиб кутган диллар,
Элнинг қувонч ёшини сипқорган ҳам шу йўллар.
Мақсад улуғ, йўл равон – олиб чиқар дунёга,
Тенглар ичра тенг миллат ғолиб, чиқар дунёга,
Ахир ким ташна эмас, муҳаббатга, зиёга,
Қалблар қалбга вобаста, изҳорда бурро тиллар,
Яйраб юрсанг ярашгай янги-янги бу йўллар.
Нарвон бошига ҳеч ким сакраб чиқолган эмас,
Мушкулини одамзод додлаб ечолган эмас,
Алангаси ўзидан чиққан элни эл демас,
Ўз-ўзига чоҳ қазир нафсига абад қуллар,
Қалбимиз қатидан ҳам очайлик ёруғ йўллар.
Инсонни эзгу ишга энг аввал онги йўллар,
Ким шукурда кўз очса, умрининг тонги йўллар,
Ҳар вилоят, ҳар туман бағрида янги йўллар,
Биз бир-бирни қўлласак, Яратган бизни қўллар,
Тошкентга чирой бўлди Юртбоши очган йўллар.
Бугунги Ўзбекистон – ўз янги бўстонида,
Монолит кўприклар ҳам бир янги имкони-да,
Аждодлар номи балқир миллатимиз шонида,
Уларнинг руҳи кўкдан, не ажаб дуо йўллар,
Янги Ўзбекистонга – янги шон янги йўллар.
МАЙСАЛАР ТИЛИДА СЎЙЛАГИМ КЕЛДИ
Пок туйғулар – ҳақнинг инъоми,
Шу туйғуга тўлсин дил жоми.
Туйғусини поклаб юрганга,
Шоирларнинг бўлсин саломи.
ЎЗБЕКНИНГ