ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд. ТОИР МАҲМУД
Элликқалъадир, бу Элликқалъа.
Ҳар битта қалъаси ҳикмат меҳроби,
Унда порлаб ётар руҳлар офтоби,
Ватанга муҳаббат битган китоби,
Сен фақат кўнгилнинг кўзиман қара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.
Бу не хароба деб қилмагин таъна,
Бу Тупроққалъадир, бу Аёз қалъа,
Қирққиз қалъасига жонинг қил пана,
Ҳам яна зулфини сен нурда тара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.
Элликқалъага бу йилги ташрифимиз ҳам ўзига хос жозиба касб этди. Аввало шуни комил ишонч билан айтиш керакки, «Зомин семинари», «Ақчакўл илҳомлари» деса қўлига қалам олган ёшлар бир қалқиб тушиши табиий. Чунки республикамизнинг талайгина ёшлари – истеъдод соҳиблари шу қутлуғ масканларда кашф этилди. Ўн йилдан ошдики, улар бунда ўзи-ўзини, бири бирини, устозларини таниб бормоқда. Ўзбек шеърияти деб аталмиш катта дарёга мусаффо чашмалар, шарқираб турган янги ирмоқлар келиб қўшилмоқда. Нафақат ёш ижодкорлар, «Зомин семинари», «Ақчакўл илҳомлари» деса суяги қаламу қоғоз устида қотган, эл ардоғидаги ижодкорлар ҳам хаёлан «тамшаниб» қўядилар. Нима учун?..
Аслида қора қозон ҳар уйда қайнайди. Бир коса таом, бир бурда нон билан бандасининг нафси ором олади. Шунча йўл босиб бу даргоҳларга талпинишдан мақсад халқимизнинг «Қорин қайғуси қозонгача, қадр қайғуси қабргача» деган гўзал ҳикматига амал қилиш. Қаламдан қадр топган, ижодкор учун изингдан келаётган тоза ирмоқларни кўриш, уларнинг шабнамдек тоза орзуларига эш бўлиш нақадар мароқли. Ўзидан ўзмоқчи бўлганларни меҳрига ўрай билган устоз ҳамиша шогирдлар кўнгил тахтида яшаб қолгай. Шу боис устозларни Зоминга ҳам, Элликқалъага ҳам мана шу туйғу етаклайди, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир домла, Зулфия момомизга хос оқибат илдизларнинг томирлари тортиб туради.
Мажнунтол тагида Миртемир гувоҳ,
Баъзан шеър бўларкан биттагина оҳ,
Абдулла Орифнинг изида ирмоқ,
Соғу омон бўлсин олтин бошлари,
Ватан чироғидир Зомин ёшлари.
Ой доғин терарлар ойдин тунлари,
Зулфия момонинг оппоқ гуллари,
Эй назм боғининг хуш булбуллари,
Ҳамид Олимжоннинг дил қуёшлари,
Қувонч қўнғироғи Зомин ёшлари.
Ҳар ким ҳўплолмагай кўнгил чашмасин,
Шундай шеър ўқингки, тошлар гулласин,
Муҳаммад Юсуфнинг руҳи қўлласин,
Ўзбакий рангдадир кўзу қошлари,
Зомин ёшлари бу, Зомин ёшлари!
Келинг, энди Элликқалъа, бўстонликлар ҳақида гаплашайлик. Дарҳақиқат, сўзимиз аввалида айтганимиздек, юртнинг жамолини юриб кўриш керак. Эрта, индин бутун Ўзбекистон халқи ишга тушишини орзиқиб кутаётган «Тошғузор–Бойсун–Қумқўрғон» темир йўли мустақил давлатимиз қудратининг буюк тимсоли бўлиб дунёни ҳайратга солаётган бўлса, Элликқалъадаги, Бўстон шаҳридаги бунёдкорликлар истиқболи порлоқ диёримизнинг кўплаб қишлоқлари шаҳарларга бўйлашиб