ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд. ТОИР МАҲМУД
қўйган кичкинтойларга Президентимизнинг совғалари – папкалари топширилди. Йиғилганлар ҳузурида сўз олган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид чиройли лутф қилди.
Элликқалъада элликта қалъа бор. Биз бугун бу билим даргоҳида 52 қалъани очяпмиз. Бу қалъа тарбия қалъаси, илму ҳикмат қалъаси бўлгай.
Ҳар бир янги масканнинг очилишида устоз Абдулла Орипов улуғ Қорақалпоқ халқи шаънига алоҳида муҳаббат билан гапирдилар.
– Биз бугун ушбу ўғил-қизларимиз тимсолида Қорақалпоқ халқининг келажаги билан учрашиб турибмиз, – дедилар донишманд адибимиз.
Элликқалъа туманига илк бор ташриф буюрган Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева, атоқли ёзувчимиз, «Тафаккур» журналининг бош муҳаррири Эркин Аъзам ўз ҳайратларини яширолмадилар. «Қилса бўларкан, қурса бўларкан, бир туманда шунча улуғвор ишлар. Ахир, баъзи аксарият вилоятларда ҳам «Шоирлар хиёбони» йўқ-ку!» Чиндан ҳам янги бунёд этилган «Шоирлар хиёбони»даги улуғворлик, унинг бағридаги «севишганлар боғи», қадим карвон йўлини эслатувчи туя етаклаб бораётган одам, хушёр турган кийиклар тасвири – барча-барчаси рисоладагидек.
Назаримда Элликқалъага ташриф буюрган ҳамма адиблар, санъаткорлар дилидан бир ўй кечди.
– Барака топсин, қўллари дард кўрмасин. Биз Элликқалъада, хусусан, Бўстон шаҳрида истиқболи порлоқ Ўзбекистонимизнинг чўлдаги жаннатий гўшасини, биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни кўрдик. Янги кашф этилган шоирлар, ҳофизлар, бахшилар, халфалар бу бунёдкор халқнинг янги куйчиларидир.
Ҳа, азиз Ватандош, юртимизни юриб кўринг, кўнглингиз кўклайди, кўзингиз қувнайди. Ўзгаларни эмас, ўз халқингиз шон-шавкатини ўз давлатингиз қудратини, ўз юртбошингиз тийрак назарини кўрасиз. Демак, сиз ўзингизни, ўзлигингизни англайсиз. Зоминни соғинишда, Элликқалъага талпинишда ҳикмат бор. Зеро, яхшиларни кўриб яйрайди одам, яхшиларни кўриб яшагиси келади инсонни. Қолаверса, юртни юриб кўрганга улуғларнинг руҳи йўлдош бўлгай, Худо ёр бўлгай.
Таърифи минг достон, сатрига сиғмас,
Насими баҳорнинг атрига сиғмас,
Амуни кўрмаган мени ҳеч уқмас,
Шунчаки мақтовдан баланд минг карра,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.
Шимол шамолида «Бўстон» яратган,
Демангиз жаннатни осон яратган,
Аслида бу халқни армон яратган,
Қўлингдан келса гар кунига яра,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.
Отажон ҳофизи шонини тиккан,
Муҳаммад Юсуф ҳам жонини тиккан,
Меҳмонига тузу нонини тутган,
Улуғ Қорақалпоқ кўзиман қара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.
2007 йил.
КЕЛАЖАККА ИНТИЛГАН ЁШЛАР
Кўнгли обод инсонлар диёри
Эзгу орзу-интилишлар билан яшайдиган одамзот фарзандлари ўзининг куч-ғайрати, ақл-заковати, пешона