АСРОРНОМА. Шайх Фаридуддин Аттор
борлиқ ҳижобин ташлаган он
Бўлур мастлик унинг дардига дармон.
Йиқилгай гоҳ ўшанда, гоҳи тургай,
Гаҳи бежон, гаҳи жон бирла бўлгай.
515 Гаҳи лаззат аро, гоҳи фанода,
Гаҳи фурқат аро, гоҳи бақода.
Дегаймен сенга шу сўзимни, сарбоз,
Гаҳи ғамлар чекиб, гоҳ айлабон ноз.
Қадамнинг ҳад ила ҳамдамлиги йўқ,
Анга ҳамдам эмас, маҳрамлиги йўқ.
Сен эрсанг офтобсен сояга ғарқ,
Эрурсен доянинг қўйнида ҳар вақт.
Бу шиддат олами ичра чопарсен,
У ҳолат оламида не топарсен?
520 Аё саҳро қуши, кел, тарки дом эт,
Етиб ул боғи жаннатга, хиром эт.
Сиру асрор бўлиб кўнгилда борлиқ,
Етишсин сенга ишқдин баҳрамандлиғ.
Юзингни бур ўшал девордин охир,
Мунаввар айла дил асрордин охир.
Агар Ҳақ йўлига ҳар дам юрарсен,
Жаҳонда заррае борким, кўрарсен.
Бу йўлда зарраким бўлгуси пайдо,
Уни нур айлагай анвори даргоҳ.
525 У зарра бўлгуси чун офтобе,
Кўрингай сўнг ҳижоб ичра ҳижобе.
Очилгай сўнгра асрор ичра асрор,
Узун бир йўл, кўринмас сўнги зинҳор.
Киши на ўнги, пешонига етмиш,
Биров на сўнги, поёнига етмиш.
Демиш бир пок тийнат, покбоз ким,
Аё, мен айладим қирқ йил намозим.
Борур ҳар зарра дўст қошига охир,
Вале наздингда шу олам қародир.
530 Ёпиб парда, берибдир муҳлатин то,
Аҳилдин ноаҳил бўлгуси пайдо.
Аҳил эрсанг, ўзингни зарра этгил,
Анингдек йўлга туш, даргоҳга етгил…
Чу аввалдин назар йўқ эрди сенга,
У боисдин сафар йўқ эрди сенга.
Бугун ул нури аввал раҳбарингдир,
Нечун танбаллик этгайсен, тушунтир.
Ҳузури Ҳақ муяссар эрса сенга,
Етар кўнглингга нури лаҳза-лаҳза.
535 Олар бўлса назарни сендин ул ёр,
Тиларсен, топмайин тиллога зуннор.
Агар равшан эса ойинайи дил,
Очилгай сенга неча сийнайи дил.
Очар бўлса эшикни маҳбуб ул дам,
Эшикка пардасин тутмас фалак ҳам.
Сенга икки жаҳон амр этди, эй мард,
Билиб, бунга амал этмоқлигинг шарт.
Ибодат бирла илминг ўтру бўлсин,
Дилинг икки жаҳонга кўзгу бўлсин…
Бешинчи мақола
540 Дило, бир дам қўйиб тур обу гилни47,
Чақир ишқ бонги бирлан аҳли дилни.
Ёқиб ишқ нури бирлан жонни, ўртан,
Муҳаббат дарсини жонондин ўрган.
Не эрмиш дарди ишқи зор, дегайсен,
Чу булбул безабон асрор дегайсен.
Довуддек оят айт саргашталарга,
Забури ишқ ўқи ошуфталарга.
Ҳадиси ишқни айт ишқ аҳлига бот,
Дилу жонларни ишқ созига ўйнат.
545 Муҳаббат оташида уд бўлиб ён,
Куюк бир шам каби ўтларга чулғон.
Хирад жомига қуйгил ишқ шаробин,
Ки андин қатра-қатра жонга томсин.
Хирадким маст бўлибдир, бермагил соф48,
Тирикликдин, дегилким, урмасин лоф.
Чу