АСРОРНОМА. Шайх Фаридуддин Аттор
Абубакр.
375 Шариатга биринчи бўлди ёр ул,
Рафиқи Мустафою ёри ғор ул.33
Шариатнинг шаробин қайнатиб, бас,
Кейин сипқорди тоза, бўлди сармаст.
Биринчи ичди ул ҳикматли жомни,
Паямбар илкидин илкин таомни.
Имоматда Набийга бўлди чун эш,
Келарда бой, кетарда эрди дарвеш34.
Эшитди жон ила Ҳақдин нидо ул,
Қизи ва молини этди фидо ул.
380 Бисотин тикди Ҳаққа, зар ила сим,
Яна не эрди бори, этди таслим.
Ана зийраклигу чин покбозлик,
Ўйин этмасди Сиддиқ, боз-бозлик.
Мухолифгўй, боқиб унга, таниб ол,
Нечук қудрат, нечук қилу нечук қол.
Набий дастлабки кундин то қиёмат
Унинг шаънига этмишди каромат.
Набийга бўлди ҳар дам ёру ғамхўр,
Шаҳарда, ғорда ҳамроҳ, тоғда ҳам жўр.
385 Паямбарнинг биринчи хоси эрди,
Ҳамиша ҳамдами, ҳамрози эрди.
У бирлан сўнгра маскан тутди ул хок,
Ажаб пиру муридким, чусту чолок…
Амирул мўминин Умар розийаллоҳу
анҳу васфида
Сипеҳри дин эди, хуршиди Хаттоб,
Чароғи боғи жаннат, шамъи асҳоб.
Дегил офтоби равшан, демагил шам,
Тавоф айлар уни парвоналар ҳам.
Сочарди нурини, шамъи дин эрди,
Чароғон шуъласи жаннатдин эрди.
390 Агар ул қутби дини Ҳақ эмасди,
Камоли динга ҳам равнақ эмасди.
Чу аввал бош кесишга айлади қасд,
Кейин Ҳақ олдида бош эгди ул, бас.
У сўндирмоқ бўлиб шамъи Худони,
Эшитди, тикди сўнг “Тоҳо”га жонни.35
Очилди жон кўзию кўрди асрор,
Йўқолди шубҳаю Ҳақ бўлди ошкор.
Шариатга тараққийни у берди,
Ўзи ул қирқта эрнинг36 бири эрди.
395 Расул айтмишки, мендин ўзга бир зот
Набий бўлса, Умар бўлгайди албат.
Худованди жаҳондин – нури жони,
Ўшал нурдин яна – нутқи забони.
Юракка сидқи Ҳақни тўпламишди,
Шу йўлда заҳри қотил ҳўпламишди.
Синов айлаб, заҳарни тотди шунда,
Ки юз тарёку форуқ эрди унда.
Камайди зулм унинг давронида, ҳай,
Чу Қулзум баҳрида бир қатра ёшдай.
Жаҳон адли била осуда бўлди,
Ситам азми била нобуда бўлди.
400 Ажамни то қиёмат олди яксар,
Қуриб бир мингу олтмиш олти минбар…
Амирул мўминин Усмон розийаллоҳу
анҳу васфида
Амири аҳли дин, устоди Қуръон,
Амирул мўминин Усмони Аффон.
Амини хожайи кавнайн эди ул,
Куёв, яъники зиннурайн37 эди ул.
Агар ҳилму ҳаё эрса мусаввар,
Бўлурди бўйла нур бирлан мунаввар.
405 Ҳаё иймон эрур ё жузви иймон,
Баҳарҳол ундадир, ул нури Усмон.
Нигини ҳалқайи ҳилму ҳаё ул,
Сирожи нуру тожи асҳиё ул.
Чу девони илоҳий тартиб этди,
Унинг нури бутун оламни тутди.
Ҳама ул мажлиси меҳмонидирмиз,
Ҳама ошуфтайи девонидирмиз.
Умрни