МАНТИҚУТ-ТАЙР. ШАЙХ Фаридуддини Аттори Нишопури

МАНТИҚУТ-ТАЙР - ШАЙХ Фаридуддини Аттори Нишопури


Скачать книгу
низомга иқрормиз. Бу эса борлиқнинг моҳиятини ва ундаги ўрнимизни билишнинг бир натижаси ўлароқ бизни қаноатлантиради», дейди Спиноза. Аттор достонида ифодаланган ҳуррият тушунчаси ҳам шунга жуда яқин: унда ҳам чинакам ҳуррияти, иродаси фақат илоҳий иродага бирлашажак даражада Оллоҳни севган кишига хосдир, деган хулоса келиб чиқади.

      Маълумки, инсоннинг Оллоҳга сафари бевосита Йўл тимсоли билан алоқадордир. Қадимий хитой тилидаги Дао йўл мазмунини билдирган. Ҳиндларнинг «бхакти марго»си ҳам ишқ орқали ҳурликка юксалиш йўли деб таърифланган. Ҳазрати Исо «Мен йўлман», деганда инсонларни Оллоҳга томон бошлаш вазифасини назарда тутган экан. Шарқ мистикларидан бирининг эътирофи бўйича, Комил инсон малакдан кўп юксакдир. Негаки, малак турғун тургувчи, инсон эса юргувчидирки, у қалбан ва руҳан тинимсиз илгарилайди. Юксакка кўтарилади ва дунёни янгилайдиган ҳаракатларни таъминлай олади. Ибн Арабий бир ўринда авлиёларни Ақли куллнинг туялари деб таърифлайди. Чунки улар инсонларни Ҳақ йўлига чорлаб, ўз ортларидан эргаштирадилар. Аттор ўз достонида жон қушининг, улуҳият тимсоли бўлган Симурғ томон парвоз айлашини, Йўл ва йўлчилик захматларини шунчалик ёрқин тасвирлаганки, сезгир ўқувчи маънавий-руҳий йўлчиликда доимий инкишоф, нафснинг бир нурли очилиши мавжудлигини осон англайди. Ва ўз аслига қараб яқинлашаётган қушга «Эй жон қуши, уч, учгил, тўхтама», дегиси келади.

      Атторнинг бу бетимсол достони тасаввуфий адабиётнинг тамал асарларидан бўлиб, қанча мутасаввиф ва шоирлар ундан илҳом олганлар. Алишер Навоийнинг «Лисонут тайр» достони ҳам таъсир ва илҳом мевасидир. Навоийнинг ўзи буни қуйидаги тарзда таъкидлаб ўтган:

            Шайх руҳидин етиб кўп эҳтимом,

            Қилдим оз фурсатда арқомин тамом.

            Сўз дақиқ эрдию маъни онда гум,

            Гарчи қилдим ўз-ўзумға уштулум.

            Шайх руҳидин вале етти кушод,

            Ким муродин топти ушбу номурод…

      Аттор достонини ўқиш «Лисонут тайр»ни яхши англашга, Навоий достонини мутолаа қилиш «Мантиқут тайр»ни пухта ўқиб-ўрганишга ёрдам беради ва имкон очади. Аммо Атторнинг китоби ҳанузгача ўзбек тилига таржима қилинмаган эди.

      Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг Мумтоз адабиёти бўлими таклифи билан бу қийин ва сермашаққат ишни Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол амалга оширди. Демак, серғайрат, заҳматкаш шоиримиз форсий адабиётнинг яна бир ўлмас асари – Навоий бобомиз қалбларини ишқлантирган китоб таржимасини ўзбек китобхонига туҳфа этди. Бунинг учун Жамол Камолга чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. Ўйлаймизки, адабиётга, илм, ижод ва китобга қизиқиш сусайган шундай замонда ҳам мутаржим меҳнатига холис ва муносиб баҳо беришдан қувнаб, фикр, муносабатини дариғ тутмайдиганлар топилажак.

                                          Иброҳим ҲАҚҚУЛ

                                     филология фанлари доктори

      БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМ

                  Офаринлар


Скачать книгу