СИЁСАТШУНОСЛИК. Муқимжон Қирғизбоев
ҳам таъсир этиши мумкин. Ресурслар субъект томонидан сафарбар қилиш жараёнида туб ўзгаришларга учраб, ҳокимиятга айланиши мумкин. Бу ҳолатда маълум бир ресурсларни ўзаро бир-бирига боғлиқ агентлар тизимига таъсир қила олиш қобилиятига эга эканлигини кўрсатади.
Ҳокимият ресурсларининг бир неча таснифлари шаклланган. Ф.Этциони ресурсларни утилитар, мажбур қилувчи ва меъёрий (норматив) турларга бўлади77 . Утилитар ресурслар – кишиларнинг кундалик манфаатлари билан боғлиқ бўлган моддий ва бошқа ижтимоий бойликлардир. Баъзан айрим сиёсатчилар давлат ҳокимияти ёрдамида бутун бир аҳолини ўзларига хайрихоҳ қилиб олиши мумкин. Бу каби ресурслар айрим кишиларни мукофотлаш, шунингдек, жазолашда фойдаланилади. Мажбурлаш ресурсларига маъмурий жазолашлар кириб, улардан асосан утилитар ресурсларни қўллаш натижа бермаган пайтларда фойдаланилади (масалан, иқтисодий санкциялардан қўрқмаган иш ташловчиларга нисбатан суд жазоларини қўллаш).
Меъёрий (норматив) ресурслар инсон хулқи меъёрлари, унинг қадриятлари ва ички дунёсига таъсир қилиш орқали намоён бўлади. Бу ҳолатда бўйсунувчиларни раҳбар ва ижрочиларнинг манфаатлари бир хил эканлигига ишонтириш, ҳокимият субъекти ҳаракатини қўллашга эришиш, унинг талабларини ихтиёрий бажариш рўй беради. Агар олдинги иккита ресурслар турида реал ҳолатларга, унинг воситасида кишилар хулқига таъсир этиш ётса, учинчи ресурс тўғридан-тўғри инсон онгига таъсир этади78 .
Ҳокимият ресурслари деганда ҳокимият субъектини бошқаларга таъсир этишда фойдаланадиган кучи ва салоҳиятини оширадиган барча нарсалар тушунилади. Таъсир этишнинг очиқ ва яширин турлари мавжуд.
Ҳокимият очиқ таъсир этишда қуйидаги ресурслардан фойдаланади:
–куч билан мажбурлаш – қандайдир бойлик ва манфаатларнинг амалга ошишидан маҳрум этиш, тан жазоси бериш (қийноқларга солиш, қамчилаш, концлагерга қамаш ва бошқ.) , ўлим жазоси, эркинликни чеклаш, жарималар солиш, лавозимдан бўшатиш ва ҳоказо. Ҳокимият мутлақ характер касб этган сиёсий тизимларда жазолашлар шафқатсизларча амалга оширилади. Бу каби жазолашлар мақсади – жамиятда қўрқувни ушлаб туриш, тизим учун хавфли бўлган хатти-ҳаракатларни такрорланмаслиги учун қонунбузарликка мойил одамларни ваҳимага солиб туриш;
–қонун; анъаналар, урф-одатлар;
–рағбатлантириш – ҳокимият объектлари ҳокимият субъектлари талаб этган хулқ-атвор эвазига мукофотланадиган моддий ва бошқа бойликлар сифатидаги рағбатлантириш воситалари. Мукофотлаш ресурсларидан ота-оналар, ўқитувчилар, ташкилотлар раҳбарлари ва сиёсатчилар кенг фойдаланади.
Ҳокимият яширин таъсир этишда ишонтириш усуллари, яъни оқилона далиллар ёки ихлос туғдириш ва панд-насиҳатлардан фойдаланиш ресурсларидан фойдаланади. Ҳокимият субъектлари қандай ресурслардан фойдаланишига боғлиқ равишда ҳокимият юритишнинг учта усулининг мавжудлиги кузатилади – ҳукмронлик қилиш, таъсир қилиш ва рағбатлантириш.
Шунингдек,