Гладиолус. Маматқул Хазратқулов
кейин, қариман десак… Мен сизни яхши биламан, ишларингиздан ҳам, районнинг кўрсаткичларидан ҳам хабардорман. Мутахассислигингиз ҳам шу соҳа бўйича… Қўрқманг. Нима муаммо бўлса, менга айтасиз… Фақат битта илтимос бор сизга. – Ғиёсов ялт этиб раҳбарга юзланди. “Шундай одамнинг менга қандай илтимоси бўлиши мумкин?” – Сал дадилроқ бўлинг… Ҳа, айтгандай, исмингиз нима эди?
– Журъат, – деди Ғиёсов ва ўйлади “Бир неча марта отимни айтди-ку ўзи”.
– Баракалла, Журъатжон. Исмингизга муносиб бўлинг, яъни, журъатли бўлинг. Ҳар кимдан, ҳар нарсадан ҳайиқиб, қўрқиб юрсангиз ҳеч иш қилолмайсиз. Тушунарлими, Журъатжон? – Ғиёсовнинг гапиришига ҳам имкон қолдирмай, сўзида давом этди. – Хабарим бор, районингизда Ленин ҳайкали ўрнатиляпти. Доҳий туғилган кунда тантанали очилиш маросими ўтказамиз. Ундан кейин бир Тошкентга бориб келасиз, эҳтимол Москвага ҳам борарсиз. Қачон борасиз, кимга учрашасиз, сизга айтишади. Кейин обкомнинг пленумини ўтказамиз. Унгача бу гапларни ҳеч ким билмаслиги керак, ҳатто келин ҳам. – Энди гап тамом дегандай қаламларни қаламдонга солди-да, ўрнидан турди ва Ғиёсовга қўл узатди. – Сизга муваффақият тилайман.
Бу суҳбатдан кейин Ғиёсов анча кунгача ўзига келолмай юрди. “Нега мени танлашди? Ким тавсия этди экан?.. Бундай оғир соҳани бошқариш осонми?! Эртага эплолмай қолсам, нима бўлади? Шармандалик-ку!” Лекин орқага йўл йўқ. Раҳбар шундай гапирдики, рад этиш у ёқда турсин, фикр билдиришга ҳам имкон қолдирмади. “Майли, нима бўлса бўлди… Худо ўзи бир йўлга бошлар”.
Бугун бурунсиз ҳайкал олдида ўтириб, негадир шу суҳбатни эслади. Ва у яна бир нарсани эслади: Донобеков обкомнинг идеология секретари бўлармиш, деган гапни кимдандир эшитувди. Лекин эътибор бермаган эди. Чунки бунақа гаплар кунда-кунора чиқади, кимлар ҳақида бўлмайди.
Ҳозир шу гаплар миясида айланаверди. Бугунги воқеа билан шунинг алоқаси йўқмикан, деган фикр ўтди хаёлидан. “Балки мен суҳбатга борганимни у ҳам эшитгандир… Мени ўзига рақиб, деб билдимикан? Шунинг учун шу ишга қўл урдими? Наҳотки? Наҳотки шу даражага борса? Бундай қабиҳликка боргандан кўра, ўзимга очиғини айтмайдими? Одам деган, яна раҳбар дангал бўлмайдими?! Ахир бу ўтакетган тубанлик-ку”. Ғиёсов баҳор тунининг салқин ҳавосида бир сесканди. Бу хаёлларини йиғиштириб олиш имконини берди. “Шошма, Журъат, нималар деяпсан, нималарни ўйлаяпсан? Ҳеч қандай асосинг йўқ-ку, бу фикрларга. Балки унинг иши эмасдир. Эҳтимол қайсидир номарднинг ишидан хабар топиб, раҳми келганидан огоҳлантиргандир мени. Ундан кейин бу хунук иш унинг ўзига ҳам яхшилик олиб келмайди-ку. (Обкомнинг идеология котиби бетоб бўлгандан бери унинг ишларини Донобеков бажариб келаётган эди.) Шошилма, Журъат, хулоса чиқаришга ошиқма. Вақти-соати келади, ҳаммаси очилади, аён бўлади… Ҳозир муаммони бартараф этиш чорасини кўр. Вақт кетяпти… Нега ҳайкалтарош келмаяпти? Кўнмадимикан? Йўғ-э. Тушунадиган одамга ўхшади-ку… Иложи бормикан?.. Иложини топиш керак, топиш шарт. Бошқа йўл йўқ! Акс ҳолда…” Асабий ҳолда у ёқдан-бу ёққа юра бошлади…
Донобеков