Гладиолус. Маматқул Хазратқулов
маъюс кўзларига боқди. Бу кўзларда зиғирнинг гулича бўлса-да, сохталик сезмади. Алмат аканинг қайси гапида, қайси ишида ғайритабиийлик кўрган?
– Хўш, сабаби нима ўзи, домла? Очиғини айтинг-чи? Ёки бирор гап ўтдими? – деди мудир.
Алмат ака ўтирган жойида бир қўзғалиб қўйди.
– Нимага ундай дейсиз. Ҳеч гап ўтгани йўқ. Жамоамиз яхши, ҳамма ҳурмат қилади.
– Шундай бўлса, ишлайвермайсизми? Мактабга сиздай одамнинг бош бўлиб турганига нима етсин. Ўқувчиларгаям, ўқитувчиларгаям, айниқса, ёш муаллимларга сизнинг тажрибангиз, маслаҳатингиз жуда зарур-ку.
Қобилиятли ёшлар бор. Биз энди кексайиб қолдик.
– Биринчидан, ҳали бақувватсиз, иккинчидан, қари билганни пари билмас, дейдилар. Сизнинг мактабга келиб-кетиб, у-бу ишларга бош бўлиб туришингиз жамоанинг бахти-ку…
Алмат ака қўлидаги баргни икки бармоғи орасида айлантирди. “Бахт. Уни ким қандай тушунади? Мендай кекса ўқитувчи, бунинг устига мактаб директоридан саволига жавоб ололмаган ўқувчи нима деб ўйлайди?..”
Дарсдан кейин савол-жавоб бўлди. Суҳбат адабиётнинг бугунги аҳволи, ҳозирги ёш шоир ва ёзувчилар ижоди ҳақида борди. Ўқувчилар кўп янги номларни санашди. Уларнинг шеърларидан ўқиб беришди, китоблари хусусида фикрларини айтдилар. Очиғи, Алмат ака бироз довдираб қолди. Бу ёшларнинг кўпини эшитган, у-бу нарсасини ўқиган бўлса-да, тан олиш керак, ижодини тўлиқ билмас эди. Шунинг учун ўқувчиларнинг саволларига аниқ жавоб беролмади, чайналиб қолди.
Ўша куни дарсдан жуда ҳорғин чиқди. У бутун муаллимлик фаолиятида кўп қийинчиликларни бошидан кечирди, оғир йилларда, қийин шароитларда дарс берди. Лекин бирон марта чарчаганини, руҳи тушганини эслаёлмайди. Бугун жуда эзилди. Умрида биринчи марта ўзини ожиз сезди. “Демак, бизнинг давримиз ўтибди-да…” Хаёлига келган биринчи фикр шу бўлди. “Ўқувчиларнинг саволига жавоб беролмаган, лоақал улар билган нарсани билмаган ўқитувчи ўқитувчими? Дарсликдаги гапларни ўқиб бериш билан иш битмайди”.
Ўз устида ишламайдиган, билимини ошириб, янгиликлардан хабардор бўлиб бормайдиган ўқитувчиларни Алмат ака кечирмас, буни сира яширмай, уларнинг юзига айтар эди.
Бугун эса ўзи… “Қачондан бери шундай бўлиб қолдим? Балки анча бўлгандир, сезмагандирман?! Нега энди ўсиб келаётган авлоднинг фикрини ўтмаслаштирамиз?! Уларнинг мулоҳазасини нима учун ўз қолипимизга солишимиз керак? Ўқувчиларнинг келажаги, тақдири менга, менга ўхшаганларга боғлиқ-ку. Йўқ, энди тамом! Ҳар кимнинг ўз даври бўлади. Аммо бу давр мутлақ эмас! Буни тушуниш, англаш даркор. Кимки буни ўз вақтида тушунса, ҳаётнинг шиддатли оқими билан баравар сузишга қудрати етмаганлигини пайқаб, ўзини қирғоққа олса – шунинг ўзи бахт!..”
Директор шулар ҳақида ўй суриб ўтирганди, эшик тақиллади. Дарҳол ўзини қўлга олди, костюмини, галстугини тўғрилади.
– Мумкинми, домла?
Уч йил бурун университетни битириб келган ёш адабиёт муаллими эшикни очди.
– Келинг.
Ёш ўқитувчилар орасида Алмат аканинг собиқ ўқувчилари анчагина. Директор