Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл
келди.
– Сизлар Лондондан келган изқуварлар бўлсангиз керак-а? – деб сўради у.
Холмс унга хавотирланиб қаради.
– Нега ундай деб ўйлаяпсиз?
– Негаки, норижлик инспектор Мартин ҳозиргина бу ердан ўтиб кетди. Балки сизлар врачдирсизлар? Аёл ҳали тирик. Эҳтимол, уни ўлимдан асраб қолишга улгурарсиз ҳам… кейин дорга осиш учун.
Холмс хўмрайди.
– Биз Ридлинг-Торп-Мэнорга кетяпмиз, – деди у. – Аммо у ерда нима бўлганидан бехабармиз.
– Даҳшат! – деди бекат бошлиғи. – Уларнинг иккови: мистер Хилтон Кьюбитт ҳам, хотини ҳам отилган. Хотин олдин эрини, кейин ўзини отган. Хизматчи аёллар шундай дейишяпти. Эр ўлган, хотин чалажон ётипти. Ё тангрим, Норфолк графлигида энг қадимий авлод-а! Бу ерда уни ҳамма ҳурмат қилар эди!
Холмс бир оғиз ҳам гапирмай, сакраб файтонга чиқди, у етти милялик йўл давомида чурқ этиб оғиз очмади. Мен уни бундай нохуш кайфиятда жуда кам кўрганман. У аввалроқ, Лондондан чиққанимиздаёқ бутун йўл давомида эрталабки газеталарни қандайдир безовталик билан кўздан кечириб келган эди; лекин энди, унинг кўнглини ғаш қилган шубҳа кутилмаганда тўғри бўлиб чиққач, бутунлай тумшайиб олди. У ўриндиққа суянганча, қовоқ солиб алланималар ҳақида ўйларди.
Бу аснода биз Англиянинг энг диққатга сазовор ерларидан ўтиб борардик. Бу ўлканинг бугунги аҳолиси тарқоқ ҳолда – онда-сонда кўзга ташланувчи қўрғонларда истиқомат қилишар, аммо бу ям-яшил текисликнинг ҳар қадамида черковларнинг тўрт қиррали улкан минораларини учратиш мумкин эдики, бу манзара кўҳна Шарқий Англиянинг ўтмишда равнақ топгани, довруқ қозонганидан далолат берарди.
Ниҳоят, яшил жарликнинг нариги томонида немис денгизининг бинафшаранг соҳили кўринди, шунда аравакаш қуюқ дарахтзор ортида қад кўтарган иккита ўткир қиррали томни қамчиси билан кўрсатиб деди:
– Ана сиз сўраган ўша Ридлинг-Торп-Мэнор.
Биз уй олдига етиб келдик; шунда мен аввало уй олдидаги теннис майдончаси орқасида қад кўтарган қора пичанхона билан супачага ўрнатилган қуёш соатини кўрдим. Худди шу пайт, мўйловини қорага бўяб пардозлаган эпчил бир одам икки ғилдиракли извошдан чаққон сакраб тушди. Бу одам Норфолк полиция бошқармасининг инспектори Мартин эди. У дўстимнинг исмини эшитиб ҳайрон бўлди.
– Мен таажжубдаман, мистер Холмс. Ахир жиноят тонгги соат учда содир бўлган-ку! Сиз Лондонда туриб бунинг дарагини қандай эшитдингиз-у, қандай қилиб мен билан бир вақтда бу ерга етиб келишга улгурдингиз?
– Мен Хилтонни фалокатдан огоҳлантиргани келган эдим.
– Бундан чиқди, сизда биз билмаган маълумотлар бор экан-да. Кўпчиликнинг фикрига қараганда, эр-хотин жуда тотув яшашар экан.
– Менда фақат раққос одамчалардан олинган маълумотлар бор, холос, – деди Холмс. – Бу ҳақда кейин сўзлаб бераман. Мен кечикиб келдим, фожианинг олдини ололмадим… Ҳай, илож қанча: бас, шундай экан, мен билган маълумотларнинг адолатли ҳукм чиқаришга ёрдам беришини истайман. Сиз тергов олиб боришда менга ҳамдам бўласизми? Ёки