ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК. Комил Синдаров
сақлаб қоларкан. Бошдан-оёқ кўриб чиқдик. Шу даврда Самиғ икки марта синфдошининг олдига келган. Лекин уларнинг ҳаракатларида бирор-бир шубҳали ҳолат кузатилмади. Ўша куни дорихонага кирган мижозлар ҳам сўраб-суриштирилди, аммо улардан бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.
– Мухторжон, – деди Санжарбек изқуварга юзланиб мулойим оҳангда, – сиз дорихонага ўн беш кун давомида кириб-чиққан мижозларнинг шахсини аниқлаш чораларини кўрсангиз.
– Майли-куя, лекин барча мижозларнинг шахсини аниқлаш имкони бўлармикан? – журъатсизроқ эътироз қилди изқувар. – Кейин… улар бизга нима бериши мумкин? Қотил қўлга олинган бўлса…
– Нитижа чиқмаслигининг ўзи ҳам натижа, – «шох сатри»ни такрорлади Санжарбек. Изқуварнинг анқайиб турганини кўриб, изоҳ берди: – Айтганингиздек, улар бизга ҳеч нарса бермаслиги ҳам мумкин. Аммо терговнинг тўла ҳажмда ўтказилишини таъминлашга хизмат қилади.
– Ўн беш кунда дорихонага анчагина одам кириб, чиққан. Айримларини таниб олишнинг имкони йўқ.
– Ҳаммасининг шахсини аниқлаш имкони бўлмаса, имкон қадар аниқланг!
– Тушунарли!
– Демак, гуруҳ аъзоларининг барчаси қотилликни Самиғ содир қилган, деб ҳисоблайди, шундайми? – хулоса қилди Санжарбек.
– Шундай, шундай… – собиқ гуруҳ раҳбари сифатида ҳамманинг ўрнига жавоб қилди Умид.
– Унда жиноят ишини якунлаб, судга оширишга сизларга нима халал берди? – деди Санжарбек кулимсираб.
– Прокурор айбланувчи билан гаплашгандан кейин… сал иккиланиб… – каловланди Умид, – бундан ташқари, Самиғнинг айбини бўйнига олмай, оёқ тираб турганлиги…
– Аслида, шубҳа-гумонга сира ўрин йўқ, – ишонч билан гап қўшди Маъмур. – Самиғ ҳақиқий шақал! Тергов давомида бир неча марта кўрсатмасини ўзгартирган ёлғончининг гапига ишониб бўладими? Бунақалар жазодан қутулиб қолиш учун ўзини ҳар кўйга солишдан тап тортмайди. Шунинг учун унинг айбини тан олмагани ҳеч нарсани англатмайди. Ишни бемалол судга оширавериш лозим.
– Майли, ҳозирча ҳар ким ўз фикрида қола турсин, – Санжарбек мунозарага нуқта қўймоқчи бўлди, – менга бир кун вақт берасизлар. Иш тафсилотлари билан яқиндан танишиб чиқай, Самиғ билан гаплашиб кўрай, кейин баҳсни давом эттирсак бўлади. Умиджон, Маъмур ака, сизлардан илтимос, менга Самиғнинг шахси, оиласи, яқинлари тўғрисида батафсил маълумот қилиб берсангиз.
Гуруҳ аъзолари янги раҳбарнинг биринчи «мажлиси»дан кўнгиллари тўлмай, тарқалишди.
Санжарбек айбланувчини сўроқ қилишга обдан тайёрланди. Самиғ тарбия топган муҳит – ота-онаси, оиласи, ёшлиги, меҳнат фаолияти, қизиқишлари, яқинлари, алоқалари ҳақидаги маълумотларни қунт билан ўрганиб чиқди. Терговчи бўлажак «суҳбат»да жиноятчидан беш-олти қадам олдинда бўлиш, унинг кўнглига йўл топиш, дил қулфини очиб юбориш осон иш эмаслигини яхши биларди. Унга устози Фахриддин Каримовичдан ўтган бу иш услуби доимо қўл келиб, энг ўжар, оғзи маҳкам жиноятчилар билан «дўстлашиш»,