ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК. Комил Синдаров
олмади. Тест деганлари ҳам аҳмоқона нарса экан. Биринчи йил тўрт балл, иккинчи йил уч балл етмай қолди. Бошида бола яхши тайёргарлик кўрмаган экан-да, деган ўйга бориб, унчалик аҳамият бермадим, бу йил бўлмаса, келаси йил яхшилаб тайёргарлик кўриб, ўқишга киришига умид қилдим. Кейинчалик Собирнинг мактабни зўрға «уч»га битирган икки бойвачча синфдоши айнан шу тиббиёт академиясига ўқишга кириб кетганини эшитиб, хунобим ошди, ўз-ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Бу қандай адолатсизлик! Билимли ўқишга киролмаса! Талабалар сафи илмсиз, аммо пулдор йигит-қизлар билан тўлдирилса! Келажакда инсонлар ҳаётини кимларга ишониб топширамиз! Алам устида мен ҳам «танка» қидира бошладим. Шу баҳонада Луқмоннинг олдига бориб қолгандим. Бу томонда ишлар чаппа айланиб кетди… Қош қўяман деб, кўз чиқариб ўтирибмиз.
Самиғ «Қолган гаплар сизларга аён» дегандай жимиб қолди.
– Давом этинг, давом этинг! – терговчи ҳаммасини ўз қулоғи билан эшитиш учун ҳамсуҳбатини гапиришга ундади.
– Одам қуриб кетгандай ўртоғим, деб дардимни Луқмонга айтибман, – Самиғ терговчи узатган сувдан томоғини ҳўллаб, гап бошлади. – Марҳумлар ҳақида ёмон гапириш гуноҳ бўлсаям айтмасам бўлмайди, ўртоғим аллақачон одамгарчиликдан чиқиб кетганини билмаган эканман. Бошида у роса устимдан кулди. «Пул бермасанг болангни қора кўзига қараб ўқишга олишадими?» дея мени зиқналикда айблади. «Олдинроқ мени топганингда, ҳозир боланг иккинчи «курс»ни битирган бўларди», деб ичимни куйдирди. Гап сўнгида «Майли, ҳечдан кўра кеч, бу йил ўғлинг биринчилар қаторида ўқишга киради», деб қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдирди. «Жон ўртоқ, гаплаш, уйимни сотсам ҳам пулини қилиб бераман», дедим қувончдан юрагим ёрилиб. «Бошқалардан кўкида 30 минг оламиз, сен 25 минг берсанг бўлди, болангни ўқишга кирди, деб ҳисоблайвер», деди у катта кетиб. Суммани эшитиб, ичимдан зил кетдим. Менда бунақа пул йўқ эди. Бундай катта маблағни қаердан топишни ҳам билмасдим. Аммо ўғлимни ўқишга киритиш хоҳишим шунчалик баланд эдики, Луқмоннинг айниб қолишидан хавфсираб «Бўлди, мен ўша пулни сенга топиб бераман», деб юборганимни ҳам сезмай қолдим. Қўл беришдик. Ваъда беришга бериб, уйга келиб, дўппини бошдан олиб, чамалаб қарасам шунча пулни топишнинг сира ҳам имкони йўқ. Лекин лафз қилиб қўйдим, ер қазиб бўлса-да, пул топишим шарт эди. Излаган имкон топади деганларидек, укаларим билан кенгашиб, бисотимизда қўлга илинадиган нарсаларни сотишга қарор қилдик. Тўрт-беш кун ичида ўртанча укамнинг эскироқ машинасини, мен ва кичик укам ишлаб турган новвойхонани сотиб, устига катта укам ўғлини уйлантириш учун тўйга йиғиб қўйган пулини қўшиб ҳисоблаганда 20 минг АҚШ доллари тўпладик. Етмаган қисмига маҳалламиздаги Сабина тиллачидан яхшигина фоизли қарз кўтаришга тўғри келди. Хуллас, лафз қилинган пулни Луқмонга етказдим. У пулни қуртдай санаб олиб, «Ҳаммаси жойида, Собиржонни талаба бўлди, деб ҳисоблайвер», деди. Мен нафақат ўзим, бутун оилам, балки жигарларимни ҳам бор-будидан ажратиб ўтирганимдан қанчалик кўнглим ғаш бўлмасин, ишим