ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК. Комил Синдаров
билан мени алдаб-сулдаб, тинчлантиришдан, авраб-алқаб умидлантиришдан чарчамади. Қуриб кетсин! Йил алмашиб, январь ҳам адоғига етди. Қўшимча қабулдан эса дарак бўлмади. Мен бир-иккита тушунадиган одамлардан сўраб-суриштирдим. Улар биринчи «сместр» тугади, энди ҳеч қандай қўшимча қабул бўлмайди, дейишди. Луқмонга айтсам, шу пайтгача «Ўғлинг шу йил талаба бўлади», деб юрган одам кўзини лўқ қилиб: «Нима ўқиш қочиб кетяптими, бу йил бўлмаса, келаси йил бўлар!» деса бўладими? «Унда бор-будимни сотиб, қулоғимгача қарзга ботиб, оиламни, укаларимнинг оиласини азобга қўйиб нима қилиб аҳмоқ бўлиб юрибман!» дея бақириб кетдим. Луқмон менинг важоҳатимни кўриб яна тулкиликка ўтди. «Ўртоқ, бунақа бўлишини қаердан билай, мен ҳам «окахон»ларнинг гапига ишониб қолдим. Қўй хафа бўлма, икки-уч ойдан сўнг ўқишга қабул бошланади, ўғлингни биринчилар қаторида ўтказамиз», деди безрайиб. «Оғайни, ростини айтсам, одам-подам эмас экансан, пулни қайтар!» дедим ҳафсалам пир бўлиб. Луқмон эса «Бўлди, «окахон»лардан олган заҳоти сенга қўнғироқ қиламан, олиб кетасан», деди елкамга қўлини қўйиб. Бир ҳафта кутдим, қўнғироқ бўлмади. Ўзим телефон қилдим. «Окахон» хизмат сафарига кетганди, келиши билан ҳал қиламан», деб мени тинчлантирди. Шу тариқа тағин икки-уч ой ўтиб кетди. Мен бўзчининг мокисидай қатнашдан, Луқмон эса баҳоналар тўқишдан чарчамади. Бақириб-чақирсам «Нима, сен шунча пулни еб кетади, деб ўйлаяпсанми?» дея зарда қиладиган, яхши гапирсам у ёқдаман, бу ёқдаман, ҳали у, ҳали бу, деб ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди. Сабр-бардошим тугаб, бир-икки марта ғиппа бўғзидан олиб ҳам кўрдим. «Эртага пул қўлингда бўлади», деб қасам ичиб қутилиб қолди.
Хом сут эмган банда эканмиз-да! Қўлим билан бериб, оёғим билан ололмай юрганимдан хўрлигим келиб кетарди. Пулинг ошиб-тошиб ётган бўлса-куя, майли, қачон берса берар, деб арқонни узун ташлаб юраверсанг. Бир эмас, бир неча оиланинг ризқини қийиб, бору йўғингни сотиб, бир муттаҳамнинг қўлига берсанг-у, у бемаза, бетофиқ ишингни битирмагани етмагандай пулингни ҳам қайтармай, ойлаб сарсон қилиб юрса, жинни бўлиб қолишинг ҳеч гап эмас экан… Бу томонда жигарларимнинг оилаларида ҳам муоммолар сизиб чиқа бошлади. Укаларим дарди ичларида – жим юрганлари билан келинлар минг бир ниятда, не-не азобда йиққан маблағларидан ажралиб қолганларидан қаттиқ изтиробга тушиб қолишганди… Хуллас, янги ўқув йили ҳам яқинлашиб қолди. Собиржон яна тиббиёт академиясига ўқишга ҳужжат топширди. Пулни қайтариб олсам, бирорта ишончли одам билан гаплашишни кўнглимга туйгандим. Қаерда дейсиз, Луқмондан пулни қайтаришнинг иложи бўлмади. Сўнгги пайтларда у мендан ўзини олиб қочадиган, қўнғироқларимга жавоб бермайдиган бўлиб қолди. Уни кута-кута уйидан ёки дорихонадан топиб олардим. «Нега бунақа қиласан, нега мендан қочасан?» деб жаҳл қилсам, «Мен ҳам қараб турганим йўқ, ўша пулни қайтариб олиш илинжида чопиб юрибман», дерди. Яхши гапириб, муомала қилиб ҳам кўрдим, фойдаси бўлмади. Тўполон ҳам кўтардим. Наф қилмади. Сабр косам тўлди, пичоқ