Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
учаётган қалдирғочнинг оппоқ кўксидан, норасида гўдакнинг нафасидан яралган эди». Лекин, афсуски, шу изоҳдаги пафос муҳаббатнинг тасвирида ва талқинида кўринмайди. Асарда меҳнат пафоси муҳаббат пафосидан ёрқинроқ намоён бўлади. Лутфиниса билан Азизхон ўз муҳаббатларидан қанчалик қониқмаган бўлсалар, қизиғи шундаки, бу қониқмаслик, асар ўқувчисида ҳам туғилади, гўё бу муҳаббат роман учун калталик қилаётгандай…
«Қирқ беш кун» Саид Аҳмад қаламига хос жуда ҳам жонли, ҳаётий психологик кузатишларга бой бир асар. Жуда кўп эпизодларда ёзувчининг халқ қалбини билиши, нозик идрок этиши, миллий колоритни ифодалай олиши аён кўринади.
Айни чоғда роман таркибига унчалик сиғмай турган, композицион жиҳатдан «осилиб» қолган ҳодисалар ҳам йўқ эмас. Чунончи, реалистик роман нуқтаи назаридан қараганда, Вазиранинг Азизхонга ва Азизхоннинг Вазирага муносабатида аллақандай носамимийлик бор. Бу муносабат Азизхон юрагидаги муҳаббат кучини, унинг Лутфига бўлган вафо, оқибатини кўрсатиши керак. Лекин нима учундир, бунда Азизхон ғайри табиий ҳаракатлар қилади, бу ҳаракатлар ёзувчи томонидан қаҳрамонга зўрлаб ёпиштирилганга ўхшаб кўринади. Эҳтимол, Азизхон ишқининг маъсумлигини кўрсатиш учун бошқачароқ, ишонарлироқ ечим топиш керакмиди. Яна Азизхоннинг роман сўнгидаги ҳолатларида, роман бошида Расул буванинг ўлишида, Икром хатти-ҳаракатларининг асосий воқеаларга сингимай туришида бадиий жиҳатдан маълум бир мантиқсизлик бордек туюлади. Эҳтимол, гап трилогия устида борганда, уни ташкил қилган романларнинг бадиий қиммати, мазмундорлиги бир-бирига мутаносиб ва уйғун бўлиши устида адиб ўйлаб кўриши, романларнинг бичимини бир-бирига мослаштириши керакдир. Булардан қатъи назар халқимизнинг севимли адибларидан бири заҳматкаш санъаткор Саид Аҳмаднинг узоқ йиллар қилган меҳнати бугун йирик бир трилогия сифатида майдонга чиқиб, самарали якун топган экан, бу адабиётимизга ютуқ, китобхонларга эса яна бир севинчдир.
РОМАН – ТАРИХ ОЙНАСИ
Далиллар, далиллардан чиқариладиган хулосаларга, далиллар содир бўлишининг жонли тафсилотларига келганда, сахий тарих ғоят хасислик қилади. Тарих далил сифатида Кенагас хоним амир Насруллонинг қулоғига симоб қуйди, деб қайд этиб ўтади. Лекин бунинг барча жонли, ҳаётий, психологик томонларини батафсил ёритиб бермайди. Бироқ юксак иқтидорли, кучли мушоҳада ва тасаввур қобилиятига эга бўлган адибга шу далилнинг ўзи улуғ бир асар яратиш учун тугун бўлиб хизмат қилиши мумкин. Далил унинг хаёли ва талантли призмасидан ўтиб, жонли тафсилотлар орттириб, қоронғи ўтмиш кунжакларини ёрита бошлайди. Истасангиз, адибнинг хаёли бу бамисоли ўтмиш фактларига қаратилган зўр телескопдир. Зотан, шу телескоп ойнасида ҳозирча номаълум бўлиб келган юлдуз бирдан анвойи нурлари билан порлаб кетади. Шунда роман тарих ойнасига айланади.
Одил Ёқубов воқеанавис адиб. У характерларни кенг ва чуқур таҳлил ва тадқиқ қилиш йўлидан эмас, воқеаларни таҳлил қилиш ва воқеалар